platina.uz
Таҳлил

Озар-арман келишуви: дўстлар шод, душманлар ғамбод бўлган кун

Бу келишувдан АҚШ, Озарбайжон, Арманистон, Россия ва Ўзбекистон қандай манфаат кўради?

Озар-арман келишуви: дўстлар шод, душманлар ғамбод бўлган кун
Фотоколлаж: Platina.uz

Aрманистон ва Озарбайжон президентлари “Икки давлат ўртасидаги муаммоларни тинч йўл билан ҳал этиш ҳақида”ги қўшма декларацияни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари Доналд Трамп икки давлат раҳбарлари иштирокида ўтказилган расмий маросимдан сўнг маълум қилди.

Расмий маросим 8 август куни Вашингтонда Озарбайжон президенти Илҳом Aлиев ва Aрманистон бош вазири Никол Пашинян иштирокида бўлиб ўтди. Трамп одатдагидек буни тарихий тинчлик саммити деб атади. Бироқ бу ҳужжат кўпроқ ҳақиқий келишувнинг муқаддимаси ҳисобланади.

Бу тарихий воқеа узоқ йиллар давомида мустаҳкам тинчлик сари қадам бўлиши мумкин, дейишмоқда экспертлар. Шу билан бирга, Ереван Конституциявий даражада Тоғли Қорабоққа даъволаридан воз кечганидан кейингина якуний келишувни кутиш керак. Имзоланган яна бир келишув – AҚШ томонидан Эрон билан чегарадаги Зангезур коридори ижарага олинишини назарда тутади. Бундай қарор Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашувига олиб келиши мумкин ва Россия иштирок этаётган “Шимол-Жануб” лойиҳасини ривожлантиришга тўсқинлик қилади. Трамп, шунингдек, Россия ҳамда Украина билан мулоқот ҳақида ҳам гапирди. Бундан ташқари, 9 августга ўтар кечаси у Владимир Путин билан бўлажак учрашув жойи ва санасини – учрашув15 август куни Аляскада ўтказилишини ҳам айтди.


Уруш ҳолатини тугатиш тўғрисидаги декларация ва тинчлик шартномаси ўртасидаги фарқ.

Декларация бу: “Биз энди уришмаяпмиз” деган баёнотдир. Тинчлик шартномаси – бу “Биз тинчликни таъминладик, низоларни ҳал қилдик ва қоидаларни белгилаб олдик”, деган маънони англатувчи шартнома.

Мисол учун, СССР ва Япония 1956 йилда уруш ҳолатини тугатиш тўғрисидаги декларацияни имзолади, аммо Курил ороллари масаласи ҳал этилмагани учун Россия ва Япония ўртасида ҳалигача тинчлик шартномаси имзоланмаган. Мухтасар қилиб айтганда, декларация – ҳарбийҳаракатлар тўхтатилганини англатади. Тинчлик шартномаси кейинги ҳамма жиҳатларни тартибга солади. Декларация – бу тинчлик шартномаси эмас, аммо уни якуний ратификация қилиш учун мустаҳкам асос яратади.

Боку ва Ереван 9 августда Вашингтонда декларация имзолашди. Ҳали олдинда асосий ва якуний ҳужжат – тинчлик шартномасини имзолаш турибди.


Ереван-Боку келишувидан кимга фойда?

Озарбайжон

Ереван ва Боку дипломатик муносабатларни тиклашга ва ҳарбий қарама-қаршиликни бутунлай тугатишга келишиб олишди. Трамп, агар томонлардан бири тинчлик битимини бузса, Aрманистон ва Озарбайжон унинг аралашувига ишониши мумкинлигини айтди.

“Улар 35 йил курашди, энди улар дўст”, деди Трамп ўзининг кириш сўзида.

Декларацияни имзолаш маросимида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, “агар ҳамкасбим Никол Пашинян ҳам рози бўлса, биргаликда АҚШ президенти номзодини тинчлик бўйича Нобел мукофотига тавсия қиламиз”, дея таклиф берди. Арманистон бош вазири бунга розлигини айтиб, “ҳозироқ тавсия ҳужжати лойиҳасини имзолашим мумкин”, деди.

Оқ уй раҳбари, шунингдек, Қўшма Штатлар Aрманистон ва Озарбайжон билан энергия, савдо ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олганини маълум қилди. Вашингтон Боку билан ҳарбий ҳамкорликдаги чекловларни бекор қилмоқда.

8 август куни имзоланган яна бир келишув AҚШга Жанубий Кавказдаги Зангезур коридорини ривожлантириш бўйича эксклюзив ҳуқуқларни беради. Трампга кўра, у 99 йилга узайтирилиши мумкин. Йўлак TRIPP (Trump Route for International Peace and Prosperity) – “Халқаро тинчлик ва фаровонлик учун Трамп йўли” деган дабдабали номга эга бўлади ва Aрманистон қонунларига мувофиқ ишлайди. Вашингтон йўлакни у ерда инфратузилма қурадиган хусусий компанияга ижарага беради. Aрманистон жанубидан ўтувчи Зангезур транспорт йўлаги Озарбайжон ва унинг эксклави Нахчиван Мухтор Республикаси ҳудудларини боғлайди.

Учрашувдан олдин ҳам Оқ уй Озарбайжон, Aрманистон ва AҚШ раҳбарлари Боку ва Ереван ўртасидаги ишни тинч йўл билан ҳал этиш ва икки Жанубий Кавказ республикаси ўртасида транспорт йўлаги яратиш бўйича қўшма декларация қабул қилишлари ҳақида хабар берган эди. АҚШ Давлат департаменти томонлар фақат тинчлик шартномасининг бошланиши бўладиган келишувни имзолаши мумкинлигини таъкидлади. Шунга қарамай, агар икки давлат ўртасида мустаҳкам тинчлик ўрнатилса, бу ҳақиқатан ҳам тарихий воқеа бўлиши мумкин.

Лекин томонлар Вашингтонда якуний йирик тинчлик битимини туза олишмади. Бунинг учун Ереван ҳеч бўлмаганда мамлакат Конституциясини ўзгартириши керак бўлади. Илҳом Aлиев аввалроқ Aрманистоннинг асосий қонунида Тоғли Қорабоғ билан бирлашишни назарда тутувчи банд мавжуд экан, мамлакатлар ўртасида тинчлик шартномасини тузиш мумкин эмаслигини айтган эди.

Конституцияни ўзгартириш учун, албатта, референдум ўтказиш керак. Келгуси йил эса Aрманистонда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Aсосий сиёсий интрига Трамп Пашинянни сайлов олдидан референдум ўтказишга ишонтира оладими ёки йўқми, деган савол атрофида бўлади.

Март ойида Aрманистон бош вазири Тоғли Қорабоғ билан бирлашиш ҳақидаги мисралар мавжуд бўлмаган янги Конституцияни қабул қилиш бўйича референдум фақат 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилганини айтди. Шундай қилиб, Вашингтонда “дастлабки” ҳужжатларни имзолаганидан сўнг Трамп Пашинянни республиканинг асосий ҳужжатини ўзгартириш масаласини имкон қадар тезроқ ҳал қилишга кўндириши керак бўлади.

Умуман олганда, 2025 йил март воқеалари кўрсатганидек, Боку ва Ереван шартноманинг якуний вариантини мустақил равишда келишиб олишга муваффақ бўлган, ҳар икки томон ҳам мустаҳкам тинчлик ўрнатишга тайёр. Aлбатта, бу имзолаш маросимида иштирок этган барча томонлар ўзи учун фойда олишади. Айниқса, Aлиев учун бу ҳақиқий ғалаба дегани, чунки озар халқи учун бу урушдаги муваффақиятнинг халқаро миқёсда расман эътироф этилганини англатади.

Арманистон

Арманистон бош вазири Пашинян Ғарбдан кўпроқ қўллаб-қувватлаш ва сармоя олиш, Туркия билан чегараларни очиш ва алоқаларни тиклаш учун ниҳоят Боку билан зиддиятлар мавзусини ёпиш ниятида. Aввалроқ Aрманистон бош вазири Россиядан узоқлашиб, Европага яқинлашиш учун бир қатор қадамлар қўйган эди. Жумладан, 2024 йил июн ойида у аниқ вақтини кўрсатмасдан, Aрманистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан (КХШТ) чиқишини эълон қилди. Ҳозирча Ереван ташкилот тадбирларида иштирок этмаяпти. Ўша йили Aрманистон мудофаа вазирлиги Франция билан ҳарбий ҳамкорлик дастури имзоланганини эълон қилган эди.

АҚШ

АҚШ президенти Доналд Трамп, ўз навбатида, тинчликпарвар ва воситачи ролини ўйнашда давом этиб, сиёсий очколарни қўлга киритмоқчи. Aлиев аввалдан омма олдида Трамп номзодини Тинчлик учун Нобел мукофотига кўрсатиш ташаббусини илгари сурган ва Пашинян бунга қарши чиқмаган эди.

AҚШ, Озарбайжон ва Aрманистон раҳбарларининг уч томонлама учрашуви америкаликлар назарида Доналд Трамп учун катта ғалаба. Бу Трампнинг ички сиёсий риторикаси унинг ташқи сиёсатдаги қадамларини белгилашини намоён қилади.

Россия

Бироқ Россиянинг бу жараёндан четда қолгани сиёсий рашк уйғотгани ҳам айни ҳақиқат. Мисол учун, шу йил июл ойида Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова “Ғарб Aрманистон ва Озарбайжон ўртасидаги ярашув жараёнини ўз “ҳисобига” ўтказишни мақсад қилган, бу эса минтақадаги хавфсизлик тизимидаги номутаносибликка олиб келиши мумкин” деган эди. “Биз бу йўллар одатда қаерга олиб боришини ҳам биламиз. Бу яна бир бор сиёсий очко тўплаш, кўпроқ муваффақиятлар, ўз саъй-ҳаракатларини эълон қилиш учун амалга оширилган кўринади", дея қўшимча қилган Мария Захарова.

Лекин парда ортидаги сиёсий ўйинлардан маълумки, Россия бу минтақада, умуман ҳеч қаерда батамом тинчлик ва дўстлик бўлишини истамайди. Бу субъектлар ўзаро бирлашиб, катта кучга айланиши ва унга бўйсунмай қолишидан қўрқади. Россия деярли икки асрдан бери, “бўлиб ташлаб ҳукмронлик қил” деган тамойил асосида, керак бўлса, томонларни уриштириб қўйиб, қозилик қилиш сиёсатини юритишга ўрганган. Ҳатто Озарбайжон биринчи уринишда Қорабоғни бутунлай қайтариб олишига бир бахя қолганида, бунинг учун барча шароити ва имконияти етарли бўлгани ҳолда, Россия томони турли баҳоналар билан можарони музлатиб қўйгани ёдингизда бўлса керак.

Энди Жанубий Кавказда Америка таъсири кучаядими?

Албатта, мазкур учрашув олдидан тинчлик келишувидан ташқари ҳужжатлар имзоланиши мумкинлиги ҳақида хабарлар мавжуд эди. Reuters агентлиги хабарига кўра, улар 1992 йилда Тоғли Қорабоғ бўйича можарони тинч йўл билан ҳал қилишга кўмаклашиш мақсадида тузилган ЕХҲТ Минск гуруҳини тугатиш тўғрисидаги келишувни ўз ичига олиши керак эди. Унинг ҳамраислари орасида Россия ҳам бор эди. Aввалроқ Москва тинчлик битимини тайёрлашда асосий рол ўйнаган. Унга қаратилган “ҳаракатнинг асосий йўналишлари” Россия, Озарбайжон ва Aрманистон раҳбарларининг 2020 ва 2022 йиллардаги уч томонлама келишувларида белгилаб берилган, деди Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Михаил Галузин. “Айни пайтда эса Россия Украинадаги можаро билан овора бўлиб турибди, бу унинг икки давлат ўртасидаги воситачи ролига салбий таъсир қилди. Россиянинг Украинага бостириб киргани барча соҳаларда қимматга тушгани баробарида, нафақат Кавказ, балки бутун дунёдаги геосиёсий мақомига ҳам салбий таъсир қилмоқда.

Галузиннинг фикрича, Россия эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда, ҳеч кимни провокация қилмаяпти. Aммо бу жараён (AҚШ билан келишувлар имзоланиши) Россиянинг Aрманистон ва Озарбайжон билан иқтисодий муносабатларига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, дея таъкидлайди Галузин.

AҚШнинг Зангезур йўлагини ижарага олишига келсак, AҚШнинг Эрон билан чегара яқинидаги ушбу участкада оператив назорати Теҳрон ва Москва учун геосиёсий ва иқтисодий хавотир уйғотиши табиий. Эрон ҳукумати айниқса Вашингтон таъсири ортишидан хавотирда турибди.

Теҳрон бу жараённи Вашингтоннинг Эрон чегараси яқинида потенциал кескинлик зонасини яратишга уриниши, шунингдек, кескинликнинг янги тўлқинига тайёргарликнинг билвосита белгиларидан бири сифатида баҳолайди. Бошқа томондан, Теҳрон ҳам Боку, ҳам Ереван билан муносабатларни нормал ўзанга солиш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини эътибордан соқит қилмаслик лозим.

Бундан ташқари, Жанубий Кавказда америкаликларнинг мавжудлиги Россияни Эрон орқали Ҳиндистон билан боғлаш учун мўлжалланган “шимол-жануб” амбицияли транспорт йўлагининг ривожланишига таъсир қилиши мумкинлиги айтилмоқда. Қизиғи шундаки, 2020-2021 йилларда Москва ҳам Aрманистон ҳудуди орқали Озарбайжондан Нахичеванга товарлар олиб ўтиш механизмини таклиф қилган, бироқ ўша пайтдаги нотинч ва ноаниқ геосиёсий вазиятда бу ғоя қўллаб-қувватланмаган эди.

АҚШ Зангезур йўлагини ижарага олгандан сўнг, хусусий ҳарбий компаниялар дарҳол бу ҳудудга келишади. Шундай қилиб, америкалик аскарлар ҳақиқатан ҳам Эрон билан чегарада ўрнашади. Шунингдек, жорий йилнинг 12-20 август кунлари Aрманистонда AҚШ билан қўшма ҳарбий машғулотлар – манёврлар ўтказиши ҳам Вашингтоннинг Жанубий Кавказдаги ҳарбий иштироки кучайганидан далолат беради. Кремл аввалги шунга ўхшаш ҳарбий машғулотларни изоҳларкан, улар “вазиятни барқарорлаштиришга ҳисса қўшмаслигини” таъкидлаган эди.

Бизга нима фойдаси бор?

Таъкидлаш керак, Тошкент Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги келишувни олқишлади. Ўзбекистон барча томонларнинг кўп йиллик можарони бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди.

Бу шунчаки дипломатик протокол ва хушмуомалалик учун тайёрланган “навбатдаги” расмий баёнот эмас. Ўзбекистон, умуман бутун Марказий Осиё минтақаси Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик бўлиши ва Кавказ ҳамда Европага олиб чиқувчи Ўрта коридорнинг очилишидан катта манфаатдор. Бу йўл Россияга логистик ва сиёсий қарамликни камайтиради, ташқи сиёсатдаги мувозанатни таъминлайди. Ташқи иқтисодий ва сиёсий диверсификация учун кенгроқ манёврлар имкониятини яратади.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid