Венесуэла президенти ҳақида маълумот берганларга 50 миллион доллар ваъда қилинмоқда
АҚШ Жанубий Америкадаги "биринчи рақамли душмани"ни қамоққа тиқиш учун катта пул тўлашга тайёр. Бу марҳум Усама бин Лодинга аталган маблағдан ҳам кўп.

Қўшма Штатлар Венесуэла президенти Николас Мадурони ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун мукофот миқдорини икки баробар оширди. Энди мукофот 50 миллион долларни ташкил этади, деди АҚШ бош прокурори Пэм Бонди ўзининг Х тармоғидаги саҳифасида.
Унинг таъкидлашича, Мадуро Қўшма Штатларга ҳалокатли гиёҳванд моддалар ва "зўравонлик" олиб келиш учун "хорижий террористик ташкилотлар"дан фойдаланади.
Гап нима ҳақида?
2013 йилдан буён ҳокимият тепасида қолаётган Николас Мадуро даврида Венесуэла мисли кўрилмаган инқироз ёқасида қолди. Нефт захиралари бўйича араб давлатларини ҳам ортда қолдирувчи мамлакатда аҳолининг катта қисми қашшоқликда яшайди. Бундан ташқари Венесуэла АҚШ санкцияларига дучор бўлган. АҚШ ва Европа расман Мадуро ҳокимиятини тан олмайди
"Мадуро дунёдаги энг йирик гиёҳванд моддалар савдогарларидан бири ва миллий хавфсизлигимизга таҳдид солмоқда. Шунинг учун биз Мадурони ушлашга ёрдам берадиган маълумот учун мукофотни икки баравар оширамиз", - деди Бонди.
Венесуэла ташқи ишлар вазири Иван Хил АҚШнинг ушбу қарори "томоша ва ички муаммолардан чалғитиш" дея тарифлади.
Associated Press агентлигининг эслатишича, 2020 йилда, яъни президент Доналд Трампнинг биринчи муддатида Қўшма Штатлар Мадурони наркотик-терроризмда ва кокаин импорт қилиш учун фитна уюштирганликда айблаган. Улар Венесуэла президентини жавобгарликка тортадиган маълумот учун 15 миллион доллар таклиф қилишган. Кейин бу маблағ 25 миллион долларга кўтарилди — 2001 йил 11 сентябрдаги хуружлардан кейин "Ал-Қоида" етакчиси Усама бин Лодинни қўлга олиш учун шунча пул таклиф этилганди.
Венесуэла инқирози
Мадуро 2013 йилда, ўзидан олдинги президент Уго Чавес вафотидан сўнг Венесуэла президенти бўлди. 2024 йилда Трамп Венесуэладаги норозилик намойишлари фонида мухолифат кучларини ҳимоя қилиб чиқди ва сайловда Эдмундо Гонсалесни мамлакатнинг сайланган президенти деб атади. Шунга ўхшаш сценарий 2019 йилда ҳам кузатилган, АҚШ қўллаган Хуан Гуайдо ўзини президент дея эълон қилиб, мамлакатда қўшҳокимиятчилик юзага келганди.
Трамп қайта сайлангач, Венесуэла нефтини қазиб олиш ва етказиб бериш рухсатини бекор қилди ва венесуэлалик муҳожирларни, жумладан, жиноий тўдалар аъзоларини оммавий равишда чиқариб юборишни бошлади.
Венесуэла раҳбари Трампнинг сайловдаги ғалабасидан сўнг уни икки давлат ўртасидаги муносабатларни “ҳурмат, соғлом фикрли мулоқот ва ўзаро тушуниш” асосида қуришга чақирганди.