Ҳокимлик ходимлари учун ҳақ тўлашнинг янги тизими жорий этилади
Устама, малака тўловлари ва бонус: ходимларни рағбатлантириш ҳам тартибга солинмоқда.

Ўзбекистонда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларини ҳақ тўлаш ва рағбатлантиришнинг янги тизими жорий этилади.
“Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–129-сон, 07.08.2025 й.) қабул қилинди.
Гап нима ҳақда?
Фармон маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини қамраб олади. Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари бошқарув ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг янги тизими жорий этилади.
Бунда ходимларнинг лавозим маоши ягона тамойил асосида меҳнатга ҳақ тўлашнинг янгиланган тариф сеткаси ҳамда кўп йиллик хизмати ва лавозимини инобатга олган ҳолда табақалашган тариф коэффициентлари асосида шакллантирилади.
Рағбатлантириш тўловлари бошқарув ходимлари томонидан эришилган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида ҳар ойлик устама, малака (мартаба) даражалари учун ва ҳисобот даври якунлари бўйича рағбатлантириш (бонус) тўловлари шаклида тўланади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари бошқарув ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш фақат мазкур Фармонда белгиланган шартларда амалга оширилиб, Фармонда кўзда тутилмаган қўшимча устамалар, мукофотлар ва бошқа тўловлар тўлаш тақиқланади.
2025 йил 1 августдан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
▪️ лавозим маоши;
▪️ энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига (KPI) эришганлиги учун лавозим маошига ҳар ойлик устамалар;
▪️ малака (мартаба) даражалари учун тўловлар;
▪️ мукофотлаш ҳамда бонус тўловлари.
Ўзбекистонликлар ва ойлик маош
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил август ойидан Ўзбекистонда бюджет ташкилотларининг ойлик маошлари 10 фоизга кўтарилди. Пенсиялар миқдори эса 1 июлдан ўзгарганди. Маошнинг ошиши бошқа тўловлар, жумладан жарималарга ҳам таъсир қилди. Чунки жарималар миқдори БҲМга боғлаб қўйилган.
