platina.uz
Жамият

"YandexGo" инсофсиз рақобатни амалга оширган деб топилди

Компания реклама ролиги орқали "Uzum Market"нинг ишчанлик обрўсига путур етказаётганлиги айтилди ва чора кўрилди. 

"YandexGo" инсофсиз рақобатни амалга оширган деб топилди

“Uzum Market” МЧЖ ХКга нисбатан инсофсиз рақобат ҳолатларини содир этган “YandexGo UB” МЧЖга тегишли чоралар кўрилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Қўмитага “Uzum Market” МЧЖ ХКдан келиб тушган мурожаат асосида, “YandexGo UB” МЧЖ томонидан телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этилган “Yandex Market” рекламаси орқали “YandexGo UB” МЧЖ “Uzum Market” МЧЖ ХКга нисбатан инсофсиз рақобат ҳаракатларини амалга ошириб, “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талабларини бузаётганлиги айтилган, истеъмолчиларни чалғитаётганлиги ҳамда “Uzum Market” МЧЖ ХКнинг ишчанлик обрўсига путур етказаётганлиги аломатлари бўйича Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилган.

Махсус комиссия томонидан ишни кўриб чиқиш натижасида:

“YandexGo UB” МЧЖ рекламасидаги актрисанинг бинафша рангли кўйлаги ва роликнинг дастлабки кадрлари “Uzum Market” МЧЖ ХКнинг аввалги видеоларидаги образларга визуал ва концептуал жиҳатдан ўхшашлиги;

Реклама ролигидаги бош қаҳрамоннинг узум дастасини кўтариб “а, бу маркетми?!” деб берилган саволидан сўнг, ён-атрофдаги реклама иштирокчиларининг бош қаҳрамоннинг саволига нисбатан салбий ҳолатдаги муносабати (реакцияси);

Реклама ролигида ролик иштирокчисининг “ажойиб маркет” деганидан сўнг, бош қаҳрамоннинг узум дастасини кўтариб “а, бу маркетми?!” деган саволи орқали томошабинда “Uzum Market” ҳақида сўз бораётганлиги” ҳақида таассурот уйғотилганлиги. Шундан сўнг, актрисанинг “йўқ, бу бошқа маркет” деган жавоби орқали “Yandex Market” устунлиги ҳақида ишора қилинганлиги аниқланди.

Юқоридаги ҳолатлар орқали “YandexGo UB” МЧЖ “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасида назарда тутилган нотўғри таққослаш, яъни рақобатчи хўжалик юритувчи субъектни ёки унинг товарини товарнинг устунлиги ҳақида тасаввур ҳосил қилувчи сўзлардан ёки рамзлардан товарнинг холисона тасдиққа эга бўлган тавсифини ёки таққослаш параметрларини кўрсатмаган ҳолда фойдаланиб таққослашни амалга оширган деб топилган.

Шу билан бирга, “Uzum Market” томонидан Махсус комиссияга рақобатни чеклашга олиб келган ҳаракат бозор иштирокчилари, истеъмолчиларга бевосита моддий зарар етказилганлиги тўғрисидаги асосли далиллар ва ҳужжатлар тақдим этмаганлиги боис, Махсус комиссия ҳолатни иқтисодий жиҳатдан паст таъсирли деб баҳолади ва молиявий санкцияларни суд тартибида қўллашни лозим деб топмади.

Юқорида аниқланган қонунбузилиш ҳолатига мувофиқ, Қўмита Махсус комиссия томонидан “YandexGo UB” МЧЖга нисбатан:

-“Yandex Market”га оид мазкур реклама ролигини оммавий ахборот воситаларидан олиб ташлаш орқали қонунбузилиш ҳолатини бир ой муддатда бартараф этиш;

-реклама ролигини ОАВдан олиб ташлагани ҳақида тасдиқловчи ҳужжатларни жорий йилнинг 14 августига қадар Қўмитага тақдим этиш бўйича кўрсатма берилди.

Маълумот ўрнида. Махсус комиссиянинг ушбу қароридан норози бўлган томон Қўмитанинг Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid