platina.uz
Жамият

Экология вазирлиги Мурод Назаровнинг дарахт кесиш бўйича фикрлари бўйича текширув ўтказилиши кераклигини айтди

"Ўз чиқишида Назаров ҳар қандай йўл билан дарахт кесиш бўйича турли “усуллар” қўлланилаётганини тилга олди. Вазирлик унинг дарахт кесишда қўллаётган ёндашувларини атрофлича текшириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тўлиқ тафтиш ўтказилиши зарур", дейилади баёнотда. 

Экология вазирлиги Мурод Назаровнинг дарахт кесиш бўйича фикрлари бўйича текширув ўтказилиши кераклигини айтди

Экология вазирлиги Мурод Назаровнинг дарахт кесиш бўйича таклифларига кескин муносабат берди. Вазирлик тадбиркорнинг фикрлари юзасидан текширув ўтказилиши керак дея ҳисоблайди.

Вазирлик Савдо-саноат палатасининг очиқ мулоқотида тадбиркор Мурад Назаров томонидан дарахт кесишга жорий этилган мораторий ўрнига компенсацион экиш ва “дарахтлар банки” тизимини жорий этиш таклифи билан танишди.

Вазирлик қуйидагиларни алоҳида таъкидлаш зарур деб ҳисоблаган:

Ўзбекистон денгиз ва океанларга чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакат сифатида, кислород манбалари ва карбонат ангидридни ютиш имкониятидан маҳрум. Шу билан бирга, ҳудуднинг 60% дан ортиғи чўл ва ярим чўллардан иборат бўлиб, иқлим ўзгаришларига нисбатан жуда заиф ҳисобланади.

Шунингдек, Марказий Осиё минтақасида иқлим исиши глобал ўртача кўрсаткичлардан икки баравар тезроқ кетмоқда. Сўнгги 30 йилда минтақада ҳарорат 1,5° га кўтарилган бўлса, бу глобал ўртача 0,7° га тенг.

Шундай шароитда яшил ҳудудлар экологик мувозанатни сақлашда ҳаётий аҳамиятга эга бўлиб, дарахт кесишга қарши мораторий айнан шу мақсадни кўзлаган.

Ривожланган давлатлар тажрибаси дарахт кесишга қатъий чекловлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор шаҳарлашувнинг самарали воситаси эканини кўрсатмоқда:

Германияда нафақат ўрмонлар, балки шаҳар дарахтлари ҳам қонун билан муҳофаза қилинган. Жамоат жойларидаги ноқонуний кесилган ҳар бир дарахт учун 50 000 еврогача жарима белгиланади. Бундай ҳолатларда компенсатсион чоралар қатъий назорат остида бўлади.

Буюк Британияда Tree Preversion бузилиши учун 20 000 фунтгача жарима ёки чекланмаган жарима ва озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. 2023 йилда машҳур Cysamore Gap дарахтини кесган шахс 4 йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Қозоғистонда Жиноят кодексининг 340-моддасига кўра, ноқонуний дарахт кесиш ойлик ҳисоблаш кўрсаткичининг 160 баравари (тахминан 1 181 АҚШ доллари) миқдорида жарима ёки 40 кунгача ҳибс жазоси билан жазоланади. Мулк мусодара қилиниши ҳам мумкин.

Россияда Жиноят кодексининг 260-моддаси асосида 1 миллион рублгача (12 770 АҚШ доллари) жарима ёки 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси мавжуд. Шунингдек, техника мусодара қилиниши ва зарар компенсацияси ҳам талаб қилинади.

Бу мисоллар шуни кўрсатадики, ҳаттоки иқлими қулайроқ давлатларда ҳам дарахтларни муҳофаза қилиш бўйича қаттиқ чора-тадбирлар мавжуд.

Таққослаш учун, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 79-моддасида фуқаро учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 25–50 баравари (738–1470 АҚШ доллари), мансабдор шахс учун эса БҲМнинг 50–75 баравари (1470–2210 АҚШ доллари) миқдорида жарима белгилангани қайд этилган. Шунинг учун мораторияни сақлаш ва кучайтириш экологик барқарорликнинг муҳим чораси сифатида кўрилмоқда.

Таклиф қилинаётган компенсацион экишлар ва “дарахтлар банки” мавжуд мораторийга қуйидаги сабаблар туфайли тўлиқ алтернатив бўла олмайди:

1.Вояга етган дарахтни ҳеч қандай кўчат тўлиқ алмаштира олмайди — на CО₂ ютиш ҳажми, на микроиқлимга таъсири, на биологик хилма-хиллик бўйича.

Европа атроф-муҳит агентлиги маълумотларига кўра, битта дарахт йилига 21 кг CО₂ ни ютади. Бирорта ҳам кўчат бу функсияни ўн йиллаб йиллар давомида бажара олмайди.

2.“Дарахтлар банки” амалиёти сунъий равишда коррупция ва спекуляцияларни юзага келтириши мумкин. Human Right Watchʼнинг "Wild Money" тадқиқотига кўра, айрим мамлакатларда компенсацион экинлар ноқонуний дарахт кесишни яширишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда эса компенсацион экинлар — мавжуд маъмурий ёки жиноий жавобгарликларга қўшимча чорадир, лекин муқобил эмас.

Айрим қурилиш соҳаси вакиллари экологик қонунчиликни четлаб ўтиш учун киноя билан айтганда “ижодкорона” ёндашувларни қўлламоқда.

Масалан, дарахтларни сунъий қуритиш орқали кейин уларни қонуний тарзда кесишга уриниш — бундай амалиётларнинг яққол мисолидир, дейилади баёнотда.

"Ўз чиқишида Назаров ҳар қандай йўл билан дарахт кесиш бўйича турли “усуллар” қўлланилаётганини тилга олди. Шу муносабат билан, Вазирлик унинг дарахт кесишда қўллаётган ёндашувларини атрофлича текшириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тўлиқ тафтиш ўтказилиши зарур, деб ҳисоблайди. Ушбу ўрганиш натижалари унинг олдинги фаолияти юзасидан тегишли хулосалар чиқариш имконини беради, деб умид қиламиз", дейилади хабарда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid