Эрон-Исроил тўқнашуви: форслар "Сажил" ракетасини ишга солди, Трамп вазиятга аралашмоқчи
Эрон биринчи марта жангларда “Сажил” ўта оғир баллистик ракетадан фойдаланган. Ушбу икки босқичли ракеталарнинг учиш масофаси 2000 кмни ташкил қилади.

Эрон Исроилга янги ракета билан зарба берганини маълум қилди. Шунингдек, Трамп АҚШнинг можарога аралашишини тасдиқлаган, аммо уни қандай амалга ошириш ҳали келишилмаган.
Сўнгги хабарларга кўра, Теҳрон ҳудудидан Исроил томон баллистик ракета учирилди. Ракета парвозининг дастлабки сониялари акс этган кадрлар маҳаллий Телеграм каналлари томонидан эълон қилинмоқда.
Ракета ғайриоддий, эгри зигзаг траэкторияси бўйлаб учган. У Ироқ ҳудудида уриб туширилган.
Tasnim агентлиги Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига таяниб хабар беришича, Эрон биринчи марта жангларда “Сажил” икки босқичли ўта оғир баллистик ракетадан фойдаланган. Ушбу икки босқичли ракеталарнинг учиш масофаси 2000 км.
Қайд этилишича, Эрон Исроил ҳудудига учта худди шундай ракета учирди.
Корпус баёнотида Эрон Қуролли Кучлари олдинги бир неча амалиётлар давомида Исроил армиясининг мудофаа тизимини йўқ қилгани ва энди Исроил осмони Эрон ракеталари ва учувчисиз учоқлари назоратида экани қилинади.
“Ракета ҳужумлари, Моссад ва Аман штаб-квартиралари, шунингдек, армия жангчилари базаларига ҳужум қилинганидек, мақсадли ва узлуксиз бўлади”, — дейилади баёнотда.
Ҳарбийлар исроилликларни ракета ҳужумлари давом этиши ҳақида огоҳлантирган.
"Ишончингиз комил бўлсинки, қизил сиреналар бир дақиқа ҳам тўхтамайди. Ёки сиз бошпаналардаги дўзах ҳаётида "секин ўлим"ни танлашингиз ёки ўз ҳаётингизни туну кун ракета отишмасидан сақлаб қолишингиз ва тирик қолиш учун ота-боболарингиз босиб олган ерлардан имкон қадар тезроқ қочишингиз керак бўлади", - дейилади корпус баёнотида.
"Сажил" - 2008-2009 йилларда Эронда ишлаб чиқилган ўрта масофали баллистик ракеталар оиласи. Унинг жанговар каллаги ечиб олинади.
Исроил Эроннинг сўнгги ҳужуми фақат битта баллистик ракетадан иборат бўлганини айтди ва у ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари томонидан муваффақиятли тутиб олинди, деб ёзади The Times of Israel.
Исроил армияси матбуот котиби бригада генерали Эффи Дефриннинг айтишича, Исроил ҳаво кучлари Эрон ғарбида янги ҳаво ҳужумларини уюштирмоқда. Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Теҳрон яқинидаги Эроннинг “Ҳизбуллоҳ”ни етказиб беришда фойдаланаётган танкга қарши ракета ишлаб чиқариш заводини бомбардимон қилган. Исроил ҳаво кучлари Теҳрондаги полиция қароргоҳи яқинида ҳам зарба берди.
Вазиятга алоқадор эътиборга молик воқеалардан бири Трамп Исроил-Эрон урушига аралашишга қарор қилгани билан боғлиқ. АҚШ матбуотига кўра, бу тасдиқланган, аммо ҳужум бўйича қадамларга келишиб олинмаган.
Сўнгги хабарларга кўра, Исроил ҳужуми сабаб 700 нафарга яқин эронлик ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 18 июн куни Ўзбекистон ТИВда Эрон ва Исроил элчилари билан учрашув ўтказилган.