Паркентда янги тоғ курорти қурилади
Лойиҳа уч босқичда амалга оширилади ва тўлиқ қувватда кунига 15 минг нафар сайёҳни қабул қилади, 600 га яқин сервис мажмуалари ташкил этилади.

Шавкат Мирзиёев Паркент туманига ташрифи давомида “Олтин бел” чўққисидаги дам олиш маскани ва янги тоғ-чанғи курорти лойиҳалари билан танишди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, ҳудудда туризмни ривожлантириш мақсадида қиймати 1 миллиард 800 миллион доллар бўлган 52 та лойиҳа амалга оширилади. Натижада 3300 та иш ўрни яратилади ва 1 миллион нафар сайёҳга хизмат кўрсатилади.
"Паркентнинг қорли тоғлари яна бир улкан лойиҳани амалга ошириш имконини бермоқда. Бу ерда Австрия компанияси томонидан 1200 гектарда тоғ-чанғи курорти қуриш режалаштирилган", дейилади хабарда.
Лойиҳа доирасида 3, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар, чанғи учиш ва осма дор йўли, шалелар, пикник майдони, ресторанлар, соғломлаштириш хизматлари ташкил этилади.
Лойиҳа уч босқичда амалга оширилади ва тўлиқ қувватда кунига 15 минг нафар сайёҳни қабул қилиш имконига эга бўлади. 600 га яқин сервис мажмуалари ташкил этилади. Мавсумий хизматлар билан бирга 10 мингга яқин иш ўрни яратилади.