platina.uz
Жамият

Навоийда мактаб директори ўринбосари ва МЧЖ раҳбари қилмишлари ошкор бўлди

Мактабни таъмирлаш асносида йирик миқдордаги бюджет пуллари ўзлаштириб юборилган. 

Навоийда мактаб директори ўринбосари ва МЧЖ раҳбари қилмишлари ошкор бўлди

2025 йилнинг 27 май куни, жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда мактаб директори ўринбосари ва унинг тадбиркор шеригига нисбатан иш кўриб чиқилди. Суд иши нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

Маълум бўлишича, судланувчи Ш. С. Нурота тумани 2-сон касб- ҳунар мактабида хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлаб келган. У "You Tower” МЧЖ директори Ж.Э. билан бир гуруҳ бўлиб, олдиндан тил бириктирган.

Улар тегишли ҳужжатларни сохталаштириб, мактабда амалга оширилиши керак бўлган қурилиш ҳисобидан 475.920.000 сўм миқдоридаги пул маблағларини Ж.Э. раҳбарлигидаги “You Tower” МЧЖ ҳисоб-рақамига ўтказилишига эришиб, бюджетнинг жуда кўп миқдордаги 475.920.000 сўм маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишган.

МЧЖ раҳбари мактаб спорт зали биносини таъмирлаш ишларини олиб бориш асносида ноаниқликка йўл қўйилганидан судга шикоят қилган. Натижада Навбаҳор туманлараро иқтисодий судининг 06.02.2024 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан жавобгар Нурота туман 2-сон касб-ҳунар мактабидан даъвогар “You Tower” МЧЖ фойдасига 1 млрд. 246 млн. 260 минг сўм бюджет ҳисобидан ўтказиб берилган. Аслида эса унинг мактабга етказиб берган қурилиш материаллари ҳисобини ҳеч ким назоратга олмаган.

Судда ҳар иккала айбдор ҳам ўз айбига иқрор бўлди.

Якуний ҳукмга кўра, Ж.Э.га ўташ учун ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 1 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Ахлоқ тузатиш ишлари жазосини иш жойида, яъни “You Tower” МЧЖда ўташи белгиланди.

С.Ш.га эса узил-кесил ўташ учун 1 йил муддатга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 1 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ахлоқ тузатиш ишлари жазосини, жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган бошқа жойларда ўтаттириш белгиланди. Иш бўйича етказилган зарар қопланиши белгиланган.

Суд иши Олий суд порталидан олинди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid