Қонунбузилишига йўл қўйгани айтилган Телеграм канали администратори жавобгарликка тортилди
Ушбу каналда диабетга қарши биологик фаол қўшимчанинг хусусиятлари бўрттириб кўрсатилган.

Қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган телеграм канал админстратори жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Ижтимоий тармоқлар орқали бугунги кунда турли хил биологик фаол қўшимчалар, дори-дармонлар ва маҳсулотларнинг рекламалари жойлаштирилмоқда.
Хусусан, ўтказилган ўрганиш натижасида “СТОП ДИАБЕТ | НО ДИАБЕТ” телеграм каналида жойлаштирилган “Stop Diabet” биологик фаол қўшимча маҳсулоти реклама лавҳаларида, “Ноёб таркиби туфайли қондаги глюкоза даражаси нормаллашиши, нотўғри назорат қилиш натижасида юзага келаётган асоратлардан халос бўлишга ёрдам беради” дея ушбу маҳсулотнинг хусусиятлари бўрттириб кўрсатилганлиги аниқланди.
Қўмита сўрови бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси берган хулосага асосан, “Stop Diabet” БФҚ маҳсулотининг қўллаш йўриқномасида кўрсатилган маълумотлар ижтимоий тармоқларда рекламаларда қайд этилган хусусиятлари билан мос эмаслиги маълум қилинган.
Юқоридагиларга асосан, Қўмитанинг Самарқанд влояти ҳудудий бошқармаси томонидан “СТОП ДИАБЕТ | НО ДИАБЕТ” телеграм канали администратори белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиб, тегишли хужжатлар судга юборилди.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 35-моддасига кўра, Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг рекламаси:
-улар дори воситалари ҳисобланади ва (ёки) даволаш хоссаларига эга деган таассуротни уйғотмаслиги;
-уларни қўллаш натижасида одамлар даволанганлигига, уларнинг аҳволи яхшиланганлигига доир муайян ҳолларга ҳаволаларни ўз ичига олмаслиги;
-уларнинг қўлланилганлиги муносабати билан жисмоний шахслар томонидан билдирилган миннатдорчилик изҳорини ўз ичига олмаслиги;
-овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг тадқиқотлар ўтказилганлиги, давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги фактларга ҳаволалар қилиш, шунингдек бошқа тадқиқотлар натижаларидан уларни қўллаш учун тўғридан-тўғри тавсия шаклида фойдаланиш орқали дори воситаларига нисбатан афзалликлари ҳақидаги таассуротни юзага келтирмаслиги керак.
Қўмита томонидан ахборот ресурслари (ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ва телеграм мессенжерида ташкил қилинган гуруҳ ва каналлар) орқали жойлаштирилган рекламаларнинг амалдаги реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.