Металлоломга топширилган снаряд ҳақида расмий хабар берилди
Мудофаа вазирлиги муносабатига кўра, бомбани ҳарбий хизматчилар сотмаган ва улар жавобгарликка ҳам тортилмаган.

Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган “Ҳарбийларимиз металлоломга снаряд сотишибди, кейин у портлабди” сарлавҳаси остида видеога муносабат берди.
Унга кўра, ушбу снаряд вазирлик тасарруфида бўлмаган ҳудудда маҳаллий чўпонлар томонидан ўзбошимчалик билан қазиб олинган ҳамда металлоломга топширилган.
"Шуни алоҳида такидлаш керакки, бундай ҳолатларда фуқаролар хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга зудлик билан хабар қилиши шарт. Ушбу воқеага ҳарбий хизматчиларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ ва жиноий жавобгарликка тортилмаганини маълум қиламиз. Мазкур турдаги снаряд Қуролли Кучларда мавжуд эмас. Маълумотларга кўра, бу турдаги снаряд 1970-йилларда қўлланилган", дейилади хабарда.
Айни вақтда ҳолат юзасидан Ҳарбий прокуратура дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.