Шавкат Мирзиёев Украина бўйича бошланган дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди
Ўзбекистон раҳбари Ғазода сулҳ битимининг бузилиши ва ҳарбий ҳаракатларнинг қайтадан бошланишидан чуқур ташвиш билдирди.

Ўзбекистон президенти Будапештда бўлиб ўтган Туркий давлатлар саммитида нутқ сўзлади. Унда президент Украина, Фаластин ва Афғонистон муаммоларига ҳам тўхталди.
"Бугунги саммитимиз шиддат билан ўзгараётган глобал вазият ва олдиндан айтиб бўлмайдиган мураккаб жараёнлар шароитида ўтмоқда. Геосиёсий ва геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар ва иқлим ўзгариши оқибатларининг кучайиши барчамиз учун катта синов бўлмоқда.
Шу сабабли долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимизнинг умумий ёндашув ва позицияларини кучайтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Таъкидлаш лозимки, биз энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми асосида ечим топиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Украина атрофидаги вазиятни дипломатия ва музокаралар йўли билан ҳал этишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз. Ҳурматли Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Жаноби Олийларининг бу борадаги муносиб ҳиссасини алоҳида эътироф этмоқчиман", деди давлат раҳбари.
Президент Ғазода сулҳ битимининг бузилиши ва ҳарбий ҳаракатларнинг қайтадан бошланиши барчани чуқур ташвишга солаётганини айтди.
"Токи “Икки халқ учун – икки давлат” тамойили рўёбга чиқмас экан, Фаластин-Исроил низосининг адолатли ечимини топиш мумкин эмас.
Глобал ва минтақавий хавфсизлик ҳақида сўз юритар эканмиз, Афғонистондаги мураккаб вазиятни инобатга олишимиз ва унга биргаликда ечим топишимиз лозим. Афғонистон бўйича қўшма баёнот қабул қилинаётгани тузилмамизнинг бу масалага жиддий эътибор қаратиб келаётганидан далолат беради", дея таъкидлади Ўзбекистон раҳбари.