platina.uz
Жамият

Адлия вазирлиги ҳузуридаги агентлик раҳбари ўринбосари ва бош мутахассис 850 млн сўмга яқин пулни талон-торож қилди

Улар паспорт ўқиш ускунасини сотиб олиш учун ажратилган давлат маблағларини растрата йўли билан ўзлаштиришган. 

Адлия вазирлиги ҳузуридаги агентлик раҳбари ўринбосари ва бош мутахассис 850 млн сўмга яқин пулни талон-торож қилди

2025 йил 6 май куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш инстанциясида судланувчи Р.М.га оид иш кўриб чиқилди. Суд иши нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

Маълум бўлишича, Р. М. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлиги (Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги собиқ Давлат персоналлаштириш маркази) маъмурий ва хўжалик ишлари бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаган. Унга нисбатан аввал 1 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Р.М. Адлия вазирлиги ҳузуридаги персоналлаштириш агентлиги бошлиғи биринчи ўринбосари Н.Н. билан тил бириктирган. Жумладан, марказнинг “Хўжалик шартномаларини кўриб чиқиш ва хулоса бериш комиссияси”нинг баённомасига мувофиқ, марказ учун 100 дона “Desco” русумли паспортни ўқиш ускунасини сотиб олиш бўйича бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион юзасидан эълон жойлаштирилган. Улар шартномадаги товарнинг ўзига хос хусусий параметрларини ифодаловчи шартлари, шу жумладан техник топшириғи ўзгартириб, ўртача бозор нархи 8 292 740,5 сўмни ташкил қилувчи (Стандартный SMARTCARD считыватель ISO/IEC7501) “Desco” русумли паспорт ўқиш ускунасини қабул қилишиб, жами 845.805.950 сўм миқдоридаги давлат маблағларини растрата қилиш йўли билан талон- торож қилишган.

Ҳукм бўйича Н.Н. ҳам судланган бўлиб, ундан шикоят ва протест келиб тушмаган.

Судланган Р.М. шикоятида, биринчи инстанция суди унга нисбатан шубҳа ва гумонга таянган ҳолда асоссиз жазо тайинлагани, унга қўйилган айб ишончга сазовор ва рад этиб бўлмайдиган далиллар билан ўз исботини топмаганлигини ҳамда тўпланган далиллар номақбул эканлигини маълум қилиб, оқлов сўраган. Бироқ юқори инстанция ўрганиш ва далилларга асосланиб, ҳукмни ўзгартиришга асос топмаган.

Якуни ҳукмга кўра, аввалги ҳукмлар ўзгартиришларсиз қолдирилди.

Суд иши олий суд порталидан олинди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid