platina.uz

Кўринмас фронт жангчилари: МРБнинг “Циклон” операцияси

Афғонистонда ўқитилган ва қуроллантирилган кучлар кейинчалик минтақада ва бутун дунёда янги можаролар ва террорчилик ҳаракатларига замин тайёрлади.

Мақола
Кеча, 19:30
Кўринмас фронт жангчилари: МРБнинг “Циклон” операцияси
Фотоколлаж: Platina.uz

Афғонистон тоғлари 1979 йилда нафақат изиллаган совуқ шамолларга, балки ўта махфий бир амалиёт натижаларига ҳам гувоҳ бўлган эди. Афғон замини 1979 йилнинг охирларидан бошлаб 10 йил давомида Америка қўли билан бошқарилган улкан спектакл саҳнасига айланди. АҚШ Марказий разведка бошқармасининг (МРБ) афғон мужоҳидларини қуроллантиришга қаратилган мазкур дастурнинг махфий код номи – “Циклон” операцияси (инглизча Operation Cyclone) эди.

МРБ томонидан амалга оширилган ва тарихга энг қимматбаҳо, энг узоқ давом этган махфий амалиёт сифатида кирган “Циклон” операцияси Афғонистон уруши (1979–1989 йиллар) даврида Афғонистон мужоҳидларини қуроллантириш ва тайёрлашни мақсад қилган. Time журнали 2003 йилда бу ҳақда шундай ёзган эди: “Циклон” – Америка махфий хизматининг энг катта ва энг хавфли таваккалчиликларидан бири бўлган эди”. Мақсад – минтақанинг нефт захиралари устидан назорат ўрнатишнинг олдини олиш эди. АҚШ ҳарбий ёрдами олганлар орасида Усома бин Лодин ҳам бор эди. (Ушбу шахс ҳақида сайтимизда ўқинг.)

Дастурнинг молиялаштирилиши йиллик 20-30 миллион АҚШ доллари миқдорида бошланган ва 1987 йилга келиб, йилига 630 миллион долларга етган. Америкалик қурол-яроғ ва ҳарбий техника асосий равишда Покистон орқали етказилган, мужоҳидларнинг ўқув лагерлари ҳам шу ерда жойлашган эди. Жами дастур харажатлари тахминан 3 миллиард долларни ташкил этган. Бундан ташқари, 1981-1993 йиллар оралиғида АҚШ Покистонга икки марта иқтисодий ёрдам ва ҳарбий шартномалар учун умумий 7,4 миллиард доллар ажратган. Мужоҳидларга молиявий ёрдам Саудия Арабистони, Буюк Британия, Хитой, Япония, Эрон ва бошқа Европа ҳамда араб мамлакатлари томонидан ҳам кўрсатилган. 1989 йили совет қўшинлари Афғонистондан чиқарилгандан сўнг, АҚШ “Циклон” дастурини тугатиб, ҳукуматга қарши қўзғолончиларни молиялаштиришни тўхтатган.

Хато прогноз – “нефт учун кураш”

Аслида можаро бу операцияга рухсат берилишидан 2 йил аввал – 1977 йилда бошланган эди. МРБ ўшанда шошма-шошарлик билан қуйидаги хулосага келган эди: совет иттифоқи тез орада нефт танқислигига дуч келади ва Яқин Шарққа ёпирилади. Бунинг олдини олиш учун Вашингтон муҳим бир қарор қабул қилди: Москвани Афғонистон ботқоғига ботиб қолишини кафолатловчи тузоқ тайёрлаш керак.

“Циклон” дастлаб йилига 20-30 миллион доллар маблағ билан молиялаштирилди. Аммо 1987 йилга келиб, бу маблағ 630 миллион долларни ташкил этди. Ушбу маблағлар, асосан, Покистон орқали мужоҳидларга қурол-яроғ, техника ва ўқув курслари сифатида етказилди. Саудия Арабистони, Буюк Британия, Хитой, Япония ва бошқа давлатлар ҳам АҚШ билан елкадош бўлиб молиявий ёрдам кўрсатди. Барча харажатлар тахминан 3 миллиард долларни ташкил қилди.

Афғон тузоғи: Бжезинскийнинг “маҳорати”

АҚШнинг 1977-1981 йиллардаги 39-президенти Жимми Картернинг миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Збигнев Бжезинский бу стратегиянинг кўзга кўринмас саҳналаштирувчиси бўлган. У кейинроқ, 1998 йилда француз нашри Le Nouvel Observateur журналистларига берган интервюсида ғурур билан шундай деган эди:

“Биз русларни аралашишга мажбур қилмадик, аммо улар шундай қиладиган эҳтимолни атайлаб оширдик... Махфий операция ажойиб ғоя эди. Натижада совет иттифоқини афғон тузоғига илинтиргандик... Ва оқибатда уларнинг ўз “Вьетнам уруши” юзага келди”.

Совет танклари Афғонистон чегарасини босиб ўтган пайтда, Бжезинский президент Картерга “Совет иттифоқи ўзининг Вьетнамини топди” деб хушхабар етказган.

Бжезинский ўзининг “Қандай қилиб Жимми Картер ва мен мужоҳидларни бошлаб юбордик” (How Jimmy Carter and I Started the Mujahideen) ва “Мен буни яна қиламан” (I'd Do It Again) сарлавҳаларидаги интервюларида МРБнинг афғон мужоҳидларини тайёрлашдаги бевосита ролини очиқ тан олган.

Президент Жимми Картернинг қарори

1979 йил 3 июлда АҚШ президенти Жимми Картер Афғонистондаги антикоммунистик кучларни молиялаштиришни санкцияловчи фармонни имзолади. Совет қўшинлари Афғонистонга киритилиб, янада советпараст қўғирчоқ-президент Бабрак Кармал тайинланганидан сўнг, Картер шундай баёнот берди:

“Афғонистонга совет иттифоқининг босқини иккинчи жаҳон уруши давридан бери тинчликка таҳдид солувчи энг катта хавф ҳисобланади”.

Дастур, асосан, Покистон разведка хизмати(ISI)дан воситачи сифатида фойдаланган – маблағ ажратиш, қурол билан таъминлаш ва афғон мухолифат кучларини ўқитиш ишлари ISI орқали амалга оширилган. Бундан ташқари, бу ҳаракатда Британиянинг МИ-6 ва Махсус ҳаво хизмати (SAS), Саудия Арабистони ва Хитойнинг ўхшаш дастурлари ҳам молиявий ёрдам кўрсатган.

ISI 1978 йилдан 1992 йилгача бўлган даврда 100 000 дан ортиқ партизан жангариларини қуроллантириш ва тайёрлаш билан шуғулланган. Улар шунингдек, араб давлатларидан ихтиёрий равишда келган шахсларни Афғонистондаги қуролли гуруҳларга жалб қилиш ва совет қўшинларига қарши курашиш учун ёллашни ҳам ўз зиммасига олган.

АҚШ Покистонни совет қўшинларига қарши урушда қўллаб-қувватлаш мақсадида икки маротаба иқтисодий ёрдам ва ҳарбий шартномалар бўйича траншлар ажратган. Биринчи олти йиллик транш (1981-1987) 3,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлиб, иқтисодий ёрдам ва ҳарбий шартномалар ўртасида тенг тақсимланган. Бундан ташқари, 1983-1987 йилларда Покистон АҚШдан 40 та F-16 ҳарбий самолётини 1,2 миллиард долларга сотиб олган. Иккинчи олти йиллик транш (1987-1993) эса 4,2 миллиард долларни ташкил этган. Бу маблағнинг 2,28 миллиард доллари грант ёки 2-3% паст фоизли қарз шаклида иқтисодий ёрдам сифатида ажратилган, қолган 1,74 миллиард доллар эса ҳарбий харидлар учун кредит сифатида берилган.

Шунингдек, Афғонистон уруши учун Покистонга америкалик бўлмаган қуролларни етказиб беришда Исроил ҳам фаол иштирок этган. Шу йўл билан мамлакатга афғон мужоҳидларини тайёрлаш ва уларни турли қурол-яроғлар, жумладан, кўчма “Стингер” ракета-зенит мажмуалари билан таъминлаш учун тахминан 3 миллиарддан 20 миллиард долларгача маблағ ажратилган.

Йилдан-йилга дастур молиялашуви ортиб борди, бу жараёнда АҚШ сиёсатчилари ва давлат амалдорлари, хусусан, конгрессменлар Чарлз Уилсон ва Гордон Хамфри, МРБ директори Уилям Кейси ва мудофаа вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Фред Айкл фаол қўллаб-қувватлаган.

Натижа ва...

1979 йил декабрида совет қўшинлари Афғонистонга киргандан сўнг, АҚШ сиёсатчилари совет иттифоқи жанубий чегараларини кенгайтириш ва минтақада мустаҳкам ўрнашишга уринаётганини тахмин қилишди. Бу жанубий экспансия, уларнинг фикрига кўра, кейинчалик Покистонга ва ғарбда Эронга таъсир қилиши мумкин эди.

Ҳам республикачи, ҳам демократ сиёсатчилар АҚШнинг Афғонистондаги фаол иштирокидан бехабар эдилар ва совет иттифоқи Яқин Шарқ нефт захиралари устидан назорат ўрнатишни мақсад қилганидан хавотирда эдилар. Бошқа таҳлилчилар эса совет иттифоқи Эрон ислом инқилоби ва Афғонистондаги исломлашувнинг СССРдаги миллионлаб мусулмонларга таъсир ўтказишининг олдини олишга ҳаракат қилганини таъкидлашди.

Советлар Афғонистонга бостириб кирганидан сўнг Картер “Картер доктринаси” номини олган баёнот берди: “АҚШ Арабистон ярим оролини ҳеч қандай ташқи кучнинг назоратига бериб қўймайди”.

Совет қўшинлари Афғонистондан чиқарилганидан сўнг (1989 йил), АҚШ Афғонистонга бўлган қизиқишини йўқотди. Афғон муқовимат (қаршилик) ҳаракати етакчиси Гулбиддин Ҳикматёр ва унинг Афғонистон Исломий партиясига ажратилаётган молиявий ёрдам дарҳол тўхтатилди. Шунингдек, Покистондаги афғон қочқинларига кўрсатилаётган ёрдам миқдори ҳам қисқартирилди.

1990 йил октябрида АҚШ президенти катта Жорж Буш Покистонда ядровий қурол мавжуд эмаслигини тан олмасликка қарор қилди ва шу тариқа, Конгресснинг 1985 йилда қабул қилган Пресслер тузатиши асосида Покистонга қарши санкциялар жорий этди. Бу қарор 1987 йилда берилган иккинчи транш бўйича мажбуриятларни бекор қилди ва иқтисодий ёрдам ҳамда ҳарбий таъминотни тўхтатди (фақат аввалдан ажратилган иқтисодий ёрдам бундан мустасно). Шунингдек, Покистон ҳарбий мутахассисларининг тайёргарлик дастурлари ҳам бекор қилинди ва АҚШда стажировка ўтаётган баъзи покистонлик офицерлар ватанларига қайтарилди.

Танқидий қарашлар

Америка ҳукумати бу амалиёт ортидан танқидга ҳам учраган. Чунки АҚШ Покистонга Афғонистондаги партизанлар етакчиси – “Афғонистон исломий партияси” раҳбари Гулбиддин Ҳикматёрга нисбатан ҳаддан ташқари кўп миқдорда ёрдам йўналтиришга йўл қўйган эди. Покистон раҳбарияти уни ўзининг иттифоқчиси деб билган. Ҳикматёр бошқа мужоҳидларни ўлдиргани ва тинч аҳолига, жумладан, Америка қуроллари ёрдамида Кобулни артиллерия ўқи остига олгани учун (бунинг оқибатида 2000 киши ҳалок бўлган) қаттиқ танқид қилинган. У Усома бин Лодин – “Ал-Қоида” асосчиси билан дўстона муносабатда бўлгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган. Бин Лодин Афғонистондаги “афғонистонлик араб кўнгиллилар” учун ёрдам дастури – “Мактаб ал-Хадамат”ни бошқарган эди. Ҳикматёрнинг хатти-ҳаракатидан хавотирланган Покистон етакчиси генерал Зиё-ул-Ҳақ Ҳикматёрни “Покистон сени афғонларга раҳбар қилди, агар ўзингни ёмон тутишда давом этсанг, Покистон сени йўқ қилиши ҳам мумкин”.

1980-йилларнинг охирида Покистон Бош вазири Беназир Бҳутто исломчилар ҳаракатининг ҳаддан ортиқ кучайганидан хавотирланиб, АҚШ президенти Жорж Бушга қарата “Сиз Франкенштейн яратяпсиз” дегани ҳам тарихда қолган.

Адам Долникнинг ёзишича, Усома бин Лодин афғон мужоҳидларига ёрдам дастури доирасида АҚШ вакиллари билан ҳамкорлик қилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Турли баҳоларга кўра, бу урушда 43 та исломий давлатдан тахминан 35 000 нафар хорижлик мусулмон иштирок этган ва уларнинг кўпчилиги кейинчалик “Ал-Қоида”нинг террористик фаолиятида қатнашган.

Бироқ АҚШ расмийлари барча молиявий ёрдам маҳаллий афғон қўзғолончиларига йўналтирилганини таъкидлайдилар ва уларнинг маблағлари Усома бин Лодин ёки бошқа хорижлик араб мужоҳидларини қўллаб-қувватлаш учун ишлатилганини рад этадилар. Британиялик исломий экстремизм бўйича эксперт Жейсон Беркнинг ёзишича, маблағлар асосан Гулбиддин Ҳикматёрга берилган, Усома бин Лодин эса ўша пайтларда жиддий куч ҳисобланмаган. Усоманинг гуруҳи атиги ўнлаб одамлардан иборат бўлиб, бошқа исломий ташкилотларга, жумладан, “Миср исломий жиҳоди”га катта даражада боғлиқ бўлган.

Хулоса

Хулоса қилиб айтганда, “Циклон” амалиёти Афғонистон уруши даврида глобал сиёсат манзарасини ўзгартирган энг муҳим махфий операциялардан бири бўлди. АҚШнинг мужоҳидларга молиявий ва ҳарбий кўмак кўрсатиши совет иттифоқини заифлаштириш ва унинг Жанубий Осиёдаги таъсирини чеклашда стратегик муваффақият сифатида баҳоланган бўлса-да, бу амалиётнинг узоқ муддатли оқибатлари дунё учун янада жиддий таҳдидлар келтириб чиқарди. Афғонистонда ўқитилган ва қуроллантирилган кучлар кейинчалик минтақада ва бутун дунёда янги можаролар ва террорчилик ҳаракатларига замин тайёрлади. Аввал Усома бин Лодин ва “Ал-Қоида”, кейин эса “Толибон” каби жангари гуруҳлар пайдо бўлишига сабаб бўлди.

“Циклон” орқали қўлга киритилган қисқа муддатли геосиёсий ғалаба, афсуски, ноустувор барқарорлик, мураккаб хавфсизлик муаммолари ва янги глобал таҳдидлар учун замин ҳозирлади. Ушбу амалиёт тарихи халқаро сиёсатда қисқа манфаат учун амалга оширилган қарорларнинг узоқ муддатли оқибатларини чуқур ўрганиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+