platina.uz

Кўринмас фронт жангчилари: Усома бин Лодинни йўқ қилган "Нептун найзаси" операцияси

АҚШ тарихидаги энг қора кун – 11 сентябр терактини содир этган “Ал-Қоида” раҳбарини қўлга олиш учун Америка 10 йил уринган ва шу операцияни ўйлаб топган.

Мақола
23 март, 18:15
Кўринмас фронт жангчилари: Усома бин Лодинни йўқ қилган "Нептун найзаси" операцияси
Фотоколлаж: Platina.uz

Ҳозирги жаҳон хавфсизлик тизими 2001 йилгача ва ундан кейинги тартиботга бўлинади. Бунга 2001 йил 11 сентябр куни асримизнинг энг фожиали террорчилик амалиёти содир этилгани сабаб бўлди.

Шу куни террорчилар йўловчи самолётларини эгаллаб олишди – 2 та самолёт Ню-Йоркнинг Манхеттен туманидаги Жаҳон савдо марказига (ЖСМ), учинчи самолёт Вашингтон яқинидаги Пентагон биносига бориб урилди, тўртинчи самолёт Пенсилвания штати ҳудудига қулаб тушди.

Натижада, 19 нафар худкуш террорчи ва 2977 нафар тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди, 24 киши бедарак йўқолди. Кўплаб ҳукумат биноларига талафот етказилди, ЖСМнинг “эгизак” бинолари қулаб тушди.

Ўтказилган суриштирув ва тергов жараёнлари натижасида бу террорчилик актлари халқаро тармоқларга эга “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳи томонидан, унинг етакчиси Усома бин Лодиннинг бевосита буйруғига асосан амалга оширилгани маълум қилинди.

Ўша пайтда АҚШ президенти бўлган кичик Жорж Бушнинг буйруғи билан “Ал-Қоида” гуруҳи ҳамда Афғонистон ва Покистонда ин қуриб олган “Толибон” жангариларига қарши НАТОнинг “қасос амалиёти” бошланди. Ироққа АҚШ ва унинг иттифоқчи қўшинлари киритилиб, Саддам Ҳусайн режими ағдарилди. Бироқ энг асосий гумонланувчи – Усома бин Лодин ҳамон топилмаётган эди. Шу боис АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси (МРБ) террорчилар етакчисини йўқ қилиш учун махсус амалиёт – “Нептун найзаси” амалиётини тайёрлай бошлади.

Аввал АҚШ тарафида, сўнг АҚШга қарши...

2000 йилларда Ғарб матбуотида хўб ва кўп ёзилган асосий “ёвуз қаҳрамон” Усома бин Лодинни тасаввур қилишдан аввал тарихга, бироз ортга назар солишга тўғри келади.

1979 йилда Афғонистон Демократик Республикасида (1987 йилдан – Афғонистон Республикаси) ўз сиёсий қўғирчоғини ўзгартиришни истаган СССР ҳукумати бу мамлакатга ўз таъбирига кўра, “чекланган контингент” киритди. Тўлақонли уруш ҳаракатлари бошланди.

Мазкур босқинчилик ҳаракати Ғарб ва мусулмон мамлакатларининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Коммунистлар бошлаган урушга жавобан СССРга қарши халқаро сиёсий ва иқтисодий санкциялар киритилди. Совет итифоқи иштирок этган турли халқаро тадбир ва лойиҳалар, масалан, 1980 йилги Москва Ёзги ўйинлар олимпиадаси бойкот қилинди.

Афғонистон халқи “шўравийлар” – совет армиясига қарши қўлида қурол билан кураша бошлади. Уларга қарши “жиҳод” эълон қилинди, афғон мужоҳидлари НАТО, Хитой ҳамда ислом давлатларининг сиёсий, молиявий ва ҳарбий ёрдамига таяниб, совет ҳарбийлари ва уларнинг афғон ҳамтовоқларига қарши жангга киришди.

Ғарб журналистлари Афғонистондаги ҳарбий кескинликни атиги 3 йил аввал якунига етган “Вьетнам уруши” билан қиёслай бошлади. Ҳақиқатан ҳам, гўёки амалдаги афғон ҳукумати ва мужоҳидлар бир-бирига қарши уришаётгандек кўринса-да, аслида эса яна АҚШ ва СССР ўртасида жанг бошланган эди.

Усома бин Лодин ким бўлган?

Усома бин Муҳаммад бин Авад бин Лодин 1957 йилнинг 10 март куни Саудия Арабистони подшоҳлиги пойтахти Ар-Риёд шаҳрида, асли яманлик киндийлар қабиласига мансуб бой ва зодагон оиласида туғилди.

Усоманинг отаси – миллиардер тадбиркор Муҳаммад бин Авад бин Лодин халқаро қурилиш конгломерати – Saudi Binladin Group соҳиби бўлган. Лодинлар оиласи мамлакат қироли Абдулазиз ибн Сауд билан жуда яқин алоқада эди.

14 яшар Усома (ўнг чеккада) Оксфорддаги ўқиш пайтида. 1971 йил.

Усома ҳам бошқа саудиялик миллиардер ўғлонлар сингари умрини кайфу сафода ўтказиши, отасининг бойлиги, Саудия подшоси берган махсус имтиёзлар ва Ғарб тақдим этадиган нозу неъматларга ғарқ бўлиб, отаси каби деярли ҳар ойда янги хотин олиб, давру даврон суриши мумкин эди.

Швецияга сафар пайтида (ўнгдан иккинчи). 1971 йил.

Бироқ Афғонистонда “халқаро жиҳод” эълон қилингани Усоманинг “хаёлини ўғирлади”. Жидда шаҳридаги “Қирол Абдулазиз университети”нинг иқтисодиёт ва бизнес менежмент йўналишида таҳсил олаётган Усома 1979 йилда, 3-курслик пайтида ўқишини ташлади. Покистондаги мужоҳидлар сафига бориб қўшилди.

Кейинчалик у мазкур қарорини “Афғонистон халқига нисбатан адолатсизликдан жунбушга келгани” билан изоҳлади.

Усома Покистонда дала қўмондони Абдул-Аъзам қўлида советларга қарши жанг қила бошлади. Усома жанг қилишдан кўра, молиявий ва техник ёрдам кўрсатишда пешқадамлиги билан машҳур бўлди.

Албатта, Ғарб ҳам минтақага “қуруқ қўл” билан келмаган эди: 1979-1989 йилларда МРБ амалга оширган “Циклон” операцияси доирасида (бу ҳақда кейинги мақоламизда ўқинг) АҚШ ва Саудия Арабистони Покистон разведкаси кўмагида совет истилосига қарши 40 миллиард доллар ажратиб, деярли 100 минг нафар мужоҳидни шуғуллантириб, ҳарбий тайёргарликдан ўтказди ва уларнинг ҳарбий-моддий таъминотини тўлиқ ўз зиммасига олди. Мужоҳидлар орасида 40 та араб мамлакатидан келган кўнгиллилар ҳам бор эди.

АҚШ томони мужоҳидларга берган, совет парвоз аппаратларига қирғин келтирган, содда, аммо мукаммал “ер-ҳаво” зенит-ракета мобил компекси – Stinger (FIM-92).

Усома тез орада Покистон разведкаси бошлиғи, генерал-лейтенант Ҳамид Ғулом билан учрашиб, мустаҳкам алоқалар ўрнатди.

1988 йилда Усома бин Лодин “Ал-Қоида” гуруҳини тузди. Унда асосан араб давлатларининг фуқаролари жанг қилган. Гуруҳ тўлиғича Усоманинг маблағларидан молиялаштирилган.

Михаил Горбачёв СССР тепасига келгач, советлар мамлакатида демократик ислоҳотлар – қайта қуриш ва ошкоралик жараёнлари бошланди. Бу ислоҳотларнинг натижаларидан бири ўлароқ, 1989 йилда совет ҳарбийлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилди.

Чала қолган амбициялар

Мантиқан олиб қараганда, советлар Афғонистонни тарк этгач, мамлакатда тинчлик ўрнатилиши керак эди. Бироқ асосий душман йўқолган бўлса-да, тиш-тирноғигача қуролланган ва уришишга “ўрганиб қолган” дала қўмондонлари, турли афғон қабилалари ўртасида жанглар қайтадан авж олди. Улар Афғонистонни ким бошқариши борасида муросага кела олишмади. Усома афғон қабилаларининг бундай тарқоқлигидан ниҳоятда ғазабланган. У орзу қилган “ягона ва ҳамжиҳат мусулмон уммати” орзуси кўз ўнгида саробга айланганидан маҳзун бўлиб қолган.

Усома бин Лодин 1989 йилда Саудияга қайтди. Уни салкам қаҳрамондек кутиб олишди. Бундан руҳланган Усомада “жиҳод”ни бутун дунё бўйлаб ёйиш орзуси пайдо бўлди. Бироқ амалдаги вазият буни тақозо этмасди: унинг ватани ва оиласи АҚШ ва унинг йирик сиёсатчилари ҳамда миллардерлари билан кучли ришталар воситасида боғланган эди. Ўша пайтда Саудия Арабистони АҚШ ва Ғарбнинг Яқин Шарқ минтақасида (Исроилдан кейин) йирик, кучли ва ишончли иттифоқчиси эди.

Бироқ орадан 1 йил ўтиб – 1990 йилда Ироқ Кувайтга бостириб кириб, уни босиб олишга уринди. Ироқ армиясининг Саудия Арабистони чегарасида тўплангани ва Ироқ президенти Саддам Ҳусайннинг “Арабларни бирлаштириш” борасидаги чақириқлари Саудия Арабистони элитасини ташвишга солиб қўйди. Улар Саддам Ҳусайнни Саудия подшолиги тахтига таҳдид сифатида кўра бошлади.

Усоманинг “карьераси”ни 1990 йилгача Саудия элитаси ва АҚШ билан итифоқчилик даври деб аташ мумкин. Бироқ кейинги даврда Усома бошқа, ҳатто АҚШ ва Ғарбга тескари йўлдан кета бошлади.

Аввало, Усома Саудия Арабистонининг хавфсизлик ва ҳарбий жиҳатдан АҚШга қарамлигидан норзилигини ошкора намоён қилди. У шахсан қирол Фаҳд ва Саудия мудофаа вазири Султон билан учрашиб, Ғарбдан мустақил бўлган “Араб легиони” тузишни таклиф қилди. Ўзининг ҳарбий тажрибаси ва молиявий ёрдамини таклиф қилди.

Бироқ Саудия элитаси унга эътибор бермади, давлат ишларига аралашмасликни тавсия қилди. Бундан “аразлаган” Усома Саудиядан чиқиб кетиб, Суданга бориб ўрнашди. Бор имконияти ва бойлигини шу мамлакатга бағишлашга қарор қилди. Бу ерда у қурилиш ва қишлоқ хўжалигига инвестиция киритди. Кўплаб муҳим ижтимоий лойиҳаларни амалга оширди. Бу ишлари билан Судан ҳукумати ва халқи орасида катта обрў қозонди.

“Советларга қарши курашган жангчи ўз лашкарини тинчлик сари йўналтирди” – Усома бин Лодиннинг Судандаги ишлари мақталган газета мақолаларидан бири. 1993 йил.

Лекин Усома Суданда туриб ҳам, Саудия Арабистони ҳукумати, хусусан, қирол Фаҳдни танқид қилишдан тўхтамади. Қиролнинг Ғарб билан ҳамкорлиги мусулмонлар зарарига бўлаётганини иддао қилди. Натижада Саудия Арабистони ҳукумати Усома бин Лодинни фуқароликдан ва унинг оиласига ҳар йили ҳукумат томонидан бериладиган 7 миллион долларлик нафақадан маҳрум қилди.

Бу даврга келиб, Усома боши устида “қора булутлар” янада қуюқлашди. Аввал уни “Миср исломий жиҳоди” ташкилоти билан алоқадорликда гумон қилишди. 1995 йилда ушбу террорчилик ташкилоти аъзолари Миср диктатори Ҳусни Муборак жонига қасд қилишга урингани боис, АҚШ ҳам вазиятга аралаша бошлади.

Бу пайтга келиб АҚШ Давлат департаменти Суданни террорчиликни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатига киритди. Бу ерда “Ал-Қоида”нинг террорчиларни шуғуллантирувчи ҳарбий лагерлари борлигини даъво қила бошлади.

Шу йили Саудия Судандан Усома бин Лодинни чиқариб юборишни талаб қила бошлади. Бироқ фуқароликдан маҳрум қилингани боис, унинг Саудияга киришига рухсат беришмади. Лекин истаган бошқа давлатга чиқиб кетишига изн беришди. 1996 йилда Усома бин Лодин Афғонистонга кетишга қарор қилди. Бу ерда толиблар раҳбари “мулла Умар” билан яқин алоқалар ўрнатди. Шу йили август ойида Усома АҚШга қарши уруш эълон қилди.

Террорчилик фаолиятининг кучайиши

90-йиллар “Ал-Қоида” учун кўплаб қирғинбарот амалиётлар даври сифатида тарихда қолди. Усома бин Лодин ва унинг жангарилари АҚШга алоқадор деб кўрилган кўплаб давлатларда, Америка элчихоналарида террорчилик актлари содир этди. Кўплаб одамларнинг умрига зомин бўлди. Шу боис тобора кўпроқ давлатлар Усома бин Лодин ва унинг “Ал-Қоида” ташкилотини террорчи ва жиноятчи сифатида кўра бошлади.

1998 йил 16 мартда Ливия Усомани немис арабистининг ўлимида айлаб, халқаро қидирувга берди.

1999 йил 7 июн куни Усома бин Лодин АҚШ Федерал қидирув бюросининг “Энг кўп қидирилаётган 10 та қочоқ жиноятчи” норасмий рўйхатига киритилди.

1999 йил 15 октябр куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1267-резолюцияси билан “Ал-Қоида” террорчилик ташкилоти деб тан олинди. Бу резолюция “Ал-Қоида” билан боғлиқ шахсларга санкциялар киритиш учун ҳуқуқий асос бўлди.

Шу йили БМТ АҚШ президенти Билл Клинтоннинг таклифи билан БМТ “Толибон” режимига қарши санкциялар киритди.

Орадан 2 йил ўтиб, 2001 йил 11 сентябрда АҚШда, йўловчи самолётларни эгаллаб олган худкуш жангрилар ёрдамида мудҳиш террорчилик акти содир этилди.

АҚШ ҳукумати дарҳол “Ал-Қоида”ни асосий гумонланувчи деб эълон қилди. Унинг етакчиси Усома бин Лодин қаердалиги ҳақидаги маълумот учун 25 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот таклиф қилишди. Усоманинг Афғонистонда яшириниб юргани гумон қилиниб, АҚШ ва унинг иттифоқчилари қўшини киритилди. Президент кичик Жорж Буш “террорчиларни инида йўқ қилишга” ваъда берди.

Аввалига Усома бин Лодин бу терорчиликка алоқаси борлигини рад этди. Фожиадан 5 кун ўтиб, 2001 йил 16 сентябр куни “Ал-Жазира” телеканали сухандони Усома бин Лодиннинг мурожаатини ўқиб эшиттирди. Бу хатида “Ал-Қоида” етакчиси 11 сентябр воқеаларига алоқадорлигини қатъиян рад этган.

2001 йил ноябр ойида эса АҚШ аскарлари Афғонистоннинг Жалолобод шаҳрида бир видеокассетани қўлга киритишди. Унда Усоманинг ўз жангари етакчиларидан бири Холид ал-Ҳарбий билан бирга 11 сентябр воқеаларини муҳокама қилаётгани акс этган.

Видеода Усома 11 сентябр воқеаларига тайёргарлик кўрилаётганини аввалдан билганини айтади. Бу видеоматериал 13 декабр куни эълон қилинди. Унинг инглизча таржимаси ҳам Интернетга жойланди.

Кейинчалик видеодаги аудиотрекнинг инглизчага нотўғри ўгирилгани иддао қилинди: арабшунос Абдул Ал-М.Ҳусайнийнинг таъкидлашича, видеотасвирнинг “Ал-Қоида” етакчиси 11 сентябр терактлари учун жавобгарлигини тан олган, деб ҳисобланадиган қисмининг инглизча матни араб тилидаги таржима матнга умуман мос келмайди.

“Ов” бошланиши

The Washington Post газетаси мухбирлари Бартон Геллман ва Томас Риксга кўра, 2001 йилнинг охирида Тора-Бора жанглари давомида Усома бин Лодин Афғонистоннинг шарқий чегараси бўйлаб жойлашган ғорлар мажмуаси ичида яширинган бўлган. Бироқ уни қўлга олиш учун ажратилган жангчиларнинг етишмовчилиги унинг қочишига имкон берган ва бу “Ал-Қоида”га қарши урушдаги энг жиддий муваффақиятсизликлардан бири бўлган.

2002 йилда эса Жорж Буш “Мен, аслида, унга (Усома бин Лодинга) унчалик аҳамият бермаяпман”, дея баёнот берди.

2007 йил 14-16 август кунлари Америка ва афғон қўшинлари Рамазон арафасида “Ал-Қоида” аъзоларининг Тора-Борада учрашув ўтказаётгани ҳақидаги маълумот асосида ҳужум уюштирди ва кўплаб толиблар ҳамда жиҳодчиларни йўқ қилди. Бироқ улар орасида Усома бин Лодин йўқ эди.

Барак Обаманинг қатъий мақсади

2008 йил 7 октябрда президентликка номзодлар ўртасидаги иккинчи дебатларда Демократик партия номзоди Барак Обама шундай баёнот берди: “Биз бин Лодинни ўлдирамиз. “Ал-Қоида”ни йўқ қиламиз. Бу миллий хавфсизлик учун устувор вазифа бўлиши керак”.

Барак Обама президентликка сайланганидан кейин АҚШнинг “Ал-Қоида” етакчиси Усома бин Лодинни топиш мажбуриятини қайта тиклаш нияти борлигини яна бир бор таъкидлади. Обама глобал терроризмга қарши урушдан воз кечиб, “Ал-Қоида”га қарши курашга эътибор қаратди.

2011 йил апрел ойида Обама Усома бин Лодинни қўлга олиш ёки йўқ қилиш бўйича махфий амалиёт ўтказиш ҳақида буйруқ берди.

“Нептун найзаси” операцияси тафсилотлари

Бу воқеалардан бир неча йил ўтгач, МРБнинг собиқ раҳбари Усома бин Лодин йўқ қилинган "Нептун найзаси" амалиётини тайёрлаш ва ўтказиш тафсилотларини ошкор қилди.

AFP агентлигига берган интервюсида МРБнинг собиқ раҳбари Жон Бреннан амалиётни тайёрлаш қандай кечгани ҳақида гапириб берди.

Маълум бўлишича, 2010 йилда бир неча ой давомида АҚШ разведкаси "Ал-Қоида"нинг эҳтимолий курьерини кузата бошлаган. У мунтазам равишда битта уйга бориб турар эди. Бир куни шу уйда юзининг тузилиши ва соқоли бин Лодинга ўхшаган узун бўйли, озғин эркак кўриниш бергани аниқланди.

Усома бин Лодин яширинган уй.

Бироқ унинг ростдан ҳам "биринчи рақамли террорчи" эканига далил йўқ эди. Оқ уйда тортишувлар бошланди: айримлар шубҳаларнинг ўзи етарли эмаслигини ва амалиёт хавфли эканини таъкидлади. Бошқалар эса қўлга киритилган маълумотлар операция учун асос бўла олишини айтди.

Ҳужум ва "биринчи рақамли террорчи"нинг йўқ қилиниши

Усома бин Лодинга “Жеронимо” махфий код номи берилган бўлиб, унинг шахсини аниқ тасдиқлаш шарт эди, чунки уни қиёфадошлари ёки бошқа сохтакорлардан фарқлаш лозим эди. Махсус хизматлар операцияни амалга ошириш учун учта вариантни кўриб чиқдилар: дрон орқали уйга ҳужум қилиш, ҳаво зарбаси бериш ёки вертолётлардан десант тушириш орқали ердаги амалиётни ўтказиш.

Биринчи икки вариант дарҳол рад этилди. Сабаби, бин Лодин яширинган уй шаҳар марказида жойлашган бўлиб, ҳаво ҳужуми ортиқча қурбонларга сабаб бўлиши мумкин эди. Шунингдек, дрон ҳам айнан Усома бин Лодинни йўқ қилишга кафолат бера олмас эди.

Усома бин Лодин яширинган уйнинг МРБ томонидан тепадан олинган сурати.

Шу сабабли, хавфга қарамай, ягона тўғри қарор ердаги махсус кучлар орқали ҳужумни амалга ошириш бўлди. Лекин ўша пайтдаги АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг таъкидлашича, бу ҳаракатлар АҚШнинг “денгиз пиёдаси” ва Покистон армияси ўртасида тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувга сабаб бўлиши ҳам мумкин эди.

Ҳужумни 2011 йил баҳорида амалга оширишга қарор қилинди. Жуда махфий шароитда SEAL бўлинмалари ва АҚШ армиясининг махсус Night Stalkers отрядлари бин Лодин яширинган уйни такрорловчи тўлиқ масштабдаги макетларда машғулотлар ўтказа бошладилар. Шунингдек, махсус тайёргарлик гуруҳи ҳам машғулотларни бошлади.

“Операция барбод бўлишига сал қолган”

Бошида “Нептун найзаси” амалиёти АҚШ расмийлари ва журналистлари ўртасидаги анъанавий учрашув кунига тўғри келиши керак эди. Шубҳа уйғотмаслик учун тадбир бекор қилинмади.

2011 йил 2 май куни кечаси МРБ директори ҳарбийларга парвозга рухсат берди. Афғонистондан иккита Black Hawk ҳарбий вертолёти ҳавога кўтарилди. Улар бортида АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг "Денгиз мушуклари" махсус бўлинмасидан 20 га яқин аскар бор эди. Парвоз 1,5 соат давом этди.

Абботободга қўниш пайтида вертолётлардан бири техник носозликка учради. Объектга етиб борганларида, бин Лодин уйи устидан парвоз қилаётган вертолёт кутилмаганда баландликни йўқотди.

“Двигателлар товуши ўзгарди. Биз десант тушириш нуқтасига етиб боришни кутар эдик, лекин вертолёт титраб, учувчи уни назорат қилиш учун жуда кўп куч сарфлаётгани сезилиб турар эди”, – деб ёзади “Қийин кун” китоби муаллифи, амалиёт иштирокчиси Мэтт Бисоннетт.

Маълум бўлишича, вертолёт ҳавода кучли турбулентликка учраб, ён томонига оғиб кетган. Аммо экипаж жиддий жароҳат олмади. Ҳарбийлар тўхтамади – қолган гуруҳлар бирлашиб, ҳужумни давом эттирдилар.

Бу ҳодиса бутун амалиётни хавф остида қолдириши мумкин эди. Аммо йўқотишлар бўлмади ва жангчилар тезлик билан бин Лодин яширинган уй томон йўл олди.

Бу воқеалар Оқ уйда жонли эфирда кузатиб борилган. Президент ва мамлакатнинг юқори лавозимли шахслари – АҚШ Миллий хавфсизлиги бўйича гуруҳ аъзолари катта ҳаяжон билан штурмни кузатган, буни эса кенг жамоатчиликка эълон қилинган машҳур фотосурат тасдиқлайди.

АҚШ Миллий хавфсизлиги бўйича гуруҳ Оқ уйдаги “Вазият хонаси”да (Situation Room) “Нептун найзаси” операциясини онлайн кузатишмоқда. АҚШда ҳали 2011 йил 1 май (ўша пайтдаги вице-президент Жо Байден, президент Барак Обама, Давлат котиби Ҳиллари Клинтон, вице-президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Энтони Блинкен ва бошқалар).

“Қуролланган ва таслим бўлишни истамаган”

Ҳарбийлар ерга тушгач, 15 дақиқа давомида уй атрофини тозалашди. Афғонистон вақти билан тахминан соат 01:00да (Вашингтон вақти билан 16:00) улар портловчи моддалар ёрдамида деворларни бузиб, уйга киришди. Операция 38 дақиқа давом этди – бу вақт мобайнида “Ал-Қоида” етакчисининг қўриқчилари йўқ қилинди, уй тинтувдан ўтказилди, ҳужжатлар ва электрон маълумотлар олиб кетилди.

Усома бин Лодин яширинган уй схемаси.

Расмий изоҳга кўра, бин Лодин қуролланган эди ва таслим бўлишдан бош тортган. Ҳарбийлар учинчи қаватга кирганларида, у ўз аёлини қалқон қилиб олган.

“Шу заҳоти унинг пешонасига икки марта ўқ уздим. Бам-бам! Иккинчи марта ўқ узганимда у йиқила бошлади. У ётоқ ёнида ерга қулади, шундан сўнг яна бир марта ўқ уздим. Унинг охирги нафасини олганини ўз кўзим билан кўрдим”, – дейди бин Лодинни ўлдирган десантчи Роберт О'Нил.

Тахминан соат 01:00да “Ал-Қоида” етакчиси нобуд бўлди. Унинг катта ёшли ўғли, хабар ташувчиси, унинг укаси ва хотини ҳам ўлдирилди.

Шунингдек, амалиёт давомида “денгиз пиёдалари” ҳужум тугагунга қадар аёллар ва болаларни боғлаб қўйишди, сўнгра уларни Покистон ҳарбийларига топширишди.

Штурм бошланганидан 20 дақиқа ўтиб, махсус кучлар радиосигнал орқали хабар берди: “Усома бин Лодин топилди ва йўқ қилинди”. 2011 йил 2 май куни Оқ уй Усома бин Лодиннинг Покистоннинг Абботобод шаҳридаги паноҳгоҳида ўлдирилганини расман эълон қилди.

Кўп ўтмай, президент Барак Обама бутун дунёга “Ал-Қоида” асосчиси ўлдирилганини шахсан маълум қилди.

Жасад идентификация учун аввал Афғонистонга олиб кетилди ва унинг шахси ДНК таҳлили орқали тасдиқланди. Бин Лодин ўлимидан 24 соат ўтмай, денгизга дафн қилинди.

Айрим изоҳларга кўра, Усома бин Лодиннинг издошлари унинг қабридан сиёсий-диний мақсадларда фойдаланмасликлари ва бошқа жиҳатларни кўзлаб шундай қилинган.

АҚШ вакилларининг айтишича, бин Лодиннинг жасадини ҳеч қайси давлат қабул қилишни истамаслиги эҳтимолидан шундай дафн қилиш усули танланган. Бин Лодин денгизга дафн этилганидан кейин 1 сутка ўтгач, Араб денгизи шимолий қисмида навбатчиликда турган АҚШнинг “Карл Винсон” кемаси саҳнида бин Лодинга шариат талабларига мувофиқ жаноза намози ўқилган.

Шу ўринда операцияга “Нептун найзаси” номи берилгани ўзини оқлаганини айтиш лозим: операция “Денгиз мушуклари” махсус гуруҳи томонидан амалга оширилган, йўқ қилинган объект жасади ҳам денгизга дафн этилган. (Нептун – қадимги Рим мифологиясидаги денгизлар илоҳи).

Сўнгги сўз

Усома бин Лодиннинг йўқ қилиниши – халқаро терроризмга қарши курашдаги энг муҳим воқеалардан бири ҳисобланади. 2001 йил 11 сентябр воқеалари дунё хавфсизлик тизимида катта ўзгаришларга сабаб бўлиб, АҚШ ва унинг иттифоқчилари “Ал-Қоида”га қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётларни бошлаб берди. МРБнинг “Нептун найзаси” махсус операцияси халқаро терроризмга қарши курашдаги улкан воқеа бўлди. Бу операция халқаро хавфсизлик кучлари ва разведка ҳамкорлигининг муҳим натижаларидан бири сифатида тарихга муҳрланди.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+