platina.uz

UzTest яна можаро марказига айланди

Блогер марказда автомобиллар қандай текширилиши ҳақидаги видеони эълон қилди, жамоатчилик оёққа турди. UzTest эса рад этмоқда.

Жамият
7 кун аввал, 11:19
UzTest яна можаро марказига айланди

Autodeklarant лойиҳаси Пискент автополигонида электромобиллар қандай текширилиши ҳақида видеолавҳа эълон қилди. Видеода ичкарида ҳеч нима текширилмаслиги, вақт ўтказиб чиқариб юборилиши акс этган. Лекин айрим автомобиллар текширувдан ўтказилишини ҳам таъкидлаган.

Ушбу ҳолат жамоатчиликда яна норозилик келтириб чиқарди. Бир қатор блогер ва тармоқ фаоллари UzTest марказининг фаолияти очиқланмаслиги, шаффоф эмаслигидан норозилигини билдирди.

"Энди ёқимсиз саволларга жавоб бериш, иш услубини мижозбай ўзгартириш (ахир мижозларга текинга хизмат кўрсатилаётгани йўқ, отнинг калласидек пул тўлаяпти), агентлик фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, UzTest бўйсинувини бошқа боғланмаган давлат органига ўтказиш ўрнига, шикоят қилганларни текшириш сўралмоқда. Бу қанақадир янги сюр", деб ёзган таниқли иқтисодчи Отабек Бакиров.

UzTest маркази эса видеодаги ҳолатларни инкор қилиб, 2024 йил ноябрдаги кадрлар эканини, ҳозир ундай эмаслигини билдирди.

"Ижтимоий тармоқларда Пискент полигонида автомобилларнинг текшируви билан боғлиқ асоссиз хабарлар тарқалмоқда. Тармоқларга сиздирилган видеода 2024 йилнинг ноябр ойидаги ҳолат акс этган бўлиб, у ҳозирги текширувлар билан мутлақо боғлиқ эмаслигини маълум қиламиз. “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси жамоатчилик фикрини чалғитишга қаратилган мазкур лавҳани нотўғри талқин қилган ҳолда кенг жамоатчиликка тарқатган блогер ишига тегишли тартибда ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилади", дейилади расмий муносабатда.

Бу можаро биринчиси эмас

UzTest марказидаги муаммолар биринчи марта тармоқларга тарқалмаяпти. Пискентдаги полигонда навбатини кутаётган машиналар, неча кунлаб қолиб кетаётган уловлар ҳақида ҳозиргача видеолар чиқиб туради.

Шунингдек, яқинда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Leapmotor C16 автомобилида аниқланган “камчилик” сабабли автомобилларларни сертификатлаштириш органларига Leapmotor русумли машиналарни сертификатлаштириш юзасидан аризаларни қабул қилишни тўхтатиш тўғрисида хат юборган.

Ижтимоий тармоқ фаоллари ва жамоатчилик орасида ушбу ҳолат танқидий қабул қилиниб, кўплаб мунозараларга сабаб бўлган. Инспекция C16 русумли автомобил синовдан ўтказилганда халқаро стандартларга, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги аниқлангани, яъни белгиланган меъёрдан 16 баравар кўплигини билдирган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+