2025 йил энг иссиқ беш даврдан бири бўлиши мумкин
Атмосферанинг ҳолати ва ҳаво ҳароратининг ошишига океан ҳароратининг юқорилигича қолаётгани таъсир кўрсатмоқда.

2025 йил метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ беш йилдан бири бўлиши мумкин. Бу ҳақда Россия Гидрометеорология маркази илмий раҳбари Роман Вилфанд матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг эслатишича, 2024 йил рекорд даражадаги энг иссиқ йил бўлган. Ушбу йилда ўртача ҳарорат саноатдан олдинги даврга нисбатан 1,5 даражага юқори бўлди (1850 йилдан 1900 йилгача бўлган давр, унинг ўртача ҳароратига нисбатан глобал ҳароратнинг ўзгариши ўлчанади).
Гидрометеорология марказининг илмий директори 2025 йилнинг энг иссиқ бешталик қаторига кириши эҳтимоли иссиқхона газлари концентрациясининг ошиши туфайли глобал ҳароратнинг ҳар йили ошиб бориши ва бу жараённинг “ҳали барқарорлаштирилмагани” билан боғлиқлигини таъкидлади. Вилфанднинг қўшимча қилишича, атмосферанинг ҳолати ва ҳаво ҳароратининг ошишига океан ҳароратининг юқорилигича қолаётгани таъсир кўрсатмоқда.
Жаҳон метеорология ташкилоти (WМО) экспертлари иқлим ўзгариши фонида 2024 йилда дунёда 152 та “мисли кўрилмаган” об-ҳаво ҳодисалари содир бўлишини маълум қилган эди.
WМО тадқиқотчиларининг фикрига кўра, бундай экстремал ҳодисалар озиқ-овқат инқирозининг ёмонлашишига ёрдам берди ва катта иқтисодий йўқотишларга олиб келди.