platina.uz
Мақола

Жазирама иссиқ, Эль-Ниньо ва Ўзбекистон

Эль-Ниньо ҳодисаси бевосита Ўзбекистонга таъсир кўрсатмайди. Лекин у жуда катта масофалар орқали атмосфера циркуляциясини ўзгартириб, Марказий Осиё об-ҳавосига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Жазирама иссиқ, Эль-Ниньо ва Ўзбекистон

Ҳозир кўпчиликнинг хаёлида “бу жазирама ёз ҳеч қачон тугамаса керак” деган фикр ва ҳиссиётлар ғужғон ўйнаётган бўлса ажаб эмас. Албатта фасллар алмашади, ёз ҳам тугайди. Лекин энди у кечикади. Сентябрга, октябрга, қишга ўтиб кетади ва ўзининг ортидан куйиб жизғанак бўлган ерларни, чўғдек қизиб кетган шаҳарларни ва энди совишга улгурмайдиган таналарни қолдиради.

Синоптикларнинг маълум қилишича, Ўзбекистонга +42 даражагача бўлган иссиқ ҳаво ҳарорати қайтмоқда. Прогнозларга кўра, июл ойи бошида кузатилган салқин об-ҳаводан сўнг, ушбу ҳафтада ҳарорат аста-секин кўтарилиб боради. Шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда ҳаво кундузи +39…+42 даражагача исийди. Жойларда шамол кучайиб, чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.

Кўз олдимизда эриб бораётган Европа

Африка ва Осиё учун жазирама иссиқлар хавотирли янгилик эмас. Аммо энди Европа ва Шимолий Америка ҳам иссиқдан азият чекяпти. Яқин-яқинларгача Европа иссиқни “жанубликларга хос муаммо” деб ўйлаб келган. Лекин энди Парижда ҳам асфальт ва йўл чироқлари эриб кетяпти, Германияда темир йўллар иссиқдан қийшайиб кетмоқда. Италия ва Испанияда эса ёз узоқ давом этадиган жазирама “чилла” мавсумига ўхшаб боряпти.

Сўнгги йиллардаги ёзги иссиқ тўлқинлари ўн минглаб одамлар ҳаётини олиб кетмоқда. Шовқин-сурон билан эмас, вайронагарчилик билан эмас — жимгина одамлар умрига зомин бўлмоқда. Шифохоналарда иссиқдан ҳаллослаган ва беҳол бўлиб ҳушидан кетган одамлар кўпайган. Сабаби – европаликлар тарихан иссиққа эмас, совуқ иқлимга мослашган ва инфратузилма ҳамда ҳаёт тарзи ҳам совуққа бардош беришга қаратилган, иссиққа эмас.

Шу пайтгача Швейцария музликлари асрлар давомида қилт этмай турадиган реаллик бўлиб туюларди, лекин бугун улар ҳам кўз ўнгимизда эриб, йўқолиб бормоқда. Тоғлардаги қор аслида музни ҳимоя қилиши керак, лекин у энди “ҳимоя қалқони” вазифасини бажаришга улгурмасдан эриб кетяпти. Муз ҳимоясиз қоляпти — ва янада тезроқ эриб кетмоқда. Тоғларда қор ўрнига яланғоч қоя-тошлар, аввал муз массалари жойлашган ерларда хавфли бўшлиқлар, об-ҳавонинг “қош-қовоғига” қараб қолган дарёлар қолди.

Замонавий шаҳар — иссиқлик генератори

Асфальт, ойна, бетон — булар фақат қурилиш материаллари эмас. Булар иссиқлик аккумуляторларидир. Кундузи улар қуёш нурини ютади. Тунда эса уни тўлиқ чиқариб юбормайди. Ва шаҳар совишга улгурмайди.

Сўнг янги тонг отиб янги иссиқлик келади — ва инфратузилма зўриқиб ишлай бошлайди. Электр тармоқларига босим ортади. Кондиционерлар ҳамма жойда ишлайди. Трансформаторлар ўз имкониятлари чегарасида ишлаяпти. Қизиқ жиҳати шундаки, айнан совитиш тизими инфратузилмани баттар зўриқтириб, қиздириб юбормоқда.

Европада кондиционерлар учун жанг

Ғарбий Европа мисли кўрилма иссиқлик рекордини ўрнатди. Айрим жойларда ҳарорат 50 даражагача кўтарилган.

Жазирама иссиқдан сақланиш учун барча воситалар ишга солиняпти. Францияда июл бошида 3 кун ичида ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошиб, тарихий рекордларни янгилади. Аномал иссиқ сабабидан 1300 киши ўлди. Ўликхоналар тўлиб кетган. Аввалроқ мамлакатда кондиционерлардан фойдаланиш масаласи сиёсий баҳсларга сабаб бўлди.

Франциядаги уйларнинг атиги 25 фоизида кондиционер мавжуд. Кучли иссиқ туфайли кўчма кондиционер ва шамоллатгичларга талаб кескин ошган. Дўконларда бу техника учун ростмана жанглар кузатилмоқда. Аввал кондиционерларга қарши бўлган экологлар ҳам энди мактаб ва шифохоналарда улардан фойдаланиш зарурлигини тан олмоқда. Шу билан бирга, айрим сиёсатчилар барча мактаб ва шифохоналарни кондиционер билан жиҳозлаш бўйича давлат дастурини таклиф қилган.

Лекин кондиционерларга рухсат берилган тақдирда ҳам, вазият анча мураккаб. Чунки эски бинолар кўп, уларга осонликча кондиционер ўрнатиб бўлмайди. Европада қаттиқ энергия самарадорлиги қоидалари ҳам ҳаракатларни чеклайди. Тарихий шаҳарларни модернизация қилиш қимматлиги ва кондиционерсиз яшашга ўрганган маданий одатлар ҳам аҳволни мураккаблаштиради. Натижада парадокс юзага келади: кондиционерлар тақиқланмаган — лекин улар энг керак бўлган жойларда мавжуд эмас. Ҳозир бу Европанинг энг катта заиф жиҳати бўлмоқда.

Жазирама иссиқ Шимолий Америка қитъасини ҳам ўз забтига олган. Масалан, АҚШда Ер юзидаги энг иссиқ ой қайд этилди. Ўлим водийсида ҳатто кечалари ҳам ҳарорат 35 даражадан пастга тушмаган. NBC хабарига кўра, Қўшма Штатларнинг жанубий, Ўрта Ғарб ва Шарқий соҳил ҳудудларини қамраб олган аномал иссиқ ҳаво тўлқини оқибатида камида 25 киши ҳаётдан кўз юмди. Энг кўп ўлим ҳолатлари Нью-Жерси штатида қайд этилган бўлиб, уларнинг 22 нафари 30 ёшдан 80 ёшгача бўлган фуқаролардир. Штат соғлиқни сақлаш департаменти вакили Даля Эвайснинг таъкидлашича, бу оддий ёзги иссиқлик эмас. Ҳаво ҳароратининг бу қадар кўтарилиши одамлар ва ҳайвонлар учун, ёшидан қатъи назар, жуда тез хавфли тус олиши мумкин.

Эль-Ниньо - айбдор эмас, кучайтирувчи омил

Ҳозирги глобал аномал жазирамага Эль-Ниньо ҳодисасини айбдор деб ўйлашади. Бунга асос бор - жорий йил 3 июль ҳолатига кўра, Тинч океанида Эль-Ниньо иқлим ҳодисаси шаклланган ва у глобал жазирамага сабаб бўлмоқда. Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) прогнозларига кўра, Эль-Ниньо июльдан сентябргача фаол ривожланади, унинг энг кучли даври эса ноябрь–февраль ойларига тўғри келади.

Эль-Ниньо — бу табиий ҳодиса бўлиб, унда Тинч океанининг экватор қисмида сув ҳарорати аномал даражада юқорилайди. Гап шундаки, ҳар бир неча йилда Тинч океани “режимни алмаштиради”. Бу ҳодиса Эль-Ниньо деб аталади. У глобал исишни яратмайди. Лекин худди лупа каби мавжуд иссиқликни кучайтиради. Ва у олдиндан қизиб турган сайёра билан бир вақтга тўғри келса, таъсир хавфли даражага чиқади.

Маълумот учун, Эль-Ниньо — бу Тинч океанининг экватор қисмида юз берадиган табиий иқлим ҳодисаси бўлиб, у бутун дунё бўйлаб об-ҳавога таъсир қилади.

Нормал шароитда Тинч океанининг экватор қисмида кучли шамоллар шарқдан ғарбга - Жанубий Америкадан Австралия ва Осиё томон эсади. Улар иссиқ сувни ғарбга, яъни Осиё томон суриб боради. Жанубий Америка қирғоқларида эса океан тубидан совуқ сув кўтарилади. Бу барқарор иқлим тизимини ҳосил қилади.

Эль-Ниньо вақтида эса ўзгариш юз беради. Шамоллар заифлашади ёки йўналишини ўзгартиради. Иссиқ сув оқими ғарбда тўпланиб қолмай, шарқ томон қайта тарқалади. Жанубий Америка қирғоқларида сув одатдагидан анча иссиқ бўлиб қолади.

Океан ва атмосфера бир-бири билан боғлиқ тизим. Океан ҳарорати ўзгарса, бутун дунёда об-ҳаво ҳам ўзгаради. Эль-Ниньо бир қанча оқибатларга олиб келади.

Аввало, баъзи ҳудудларда, масалан, Жанубий Америкада, кучли ёмғир ва сув тошқинлари пайдо бўлади. Бошқа жойларда, масалан, Австралия ва Индонезияда қурғоқчилик кузатилади.

Баъзи минтақаларда қиш одатдагидан кўра иссиқроқ келади. Бу эса табиий ресурсларни ўзлаштиришда муаммолар туғдиради. Масалан, қиш иссиқ келса, Россияда ўрмонларда қор бўлмайди ва ерлар балчиққа ва ботқоққа айланади. Натижада дарахт кесувчи техникалар ўрмонга кира олмайди ва тўлақонли ишлай олмайди. Натижада дарахт кесиш ҳажми пасайиб кетади. Шунингдек, бу ҳодиса қишлоқ хўжалиги ва балиқчиликка салбий таъсир кўрсатади.

Шу билан бирга, океан оқимларида бунга тескари ҳолат — Ла-Нинья ҳам бор. Унда аксинча, Тинч океанининг шарқий қисми совийди ва шамоллар кучаяди.

Қисқаси, Эль-Ниньо — бўрон ёки тўфон эмас, балки океан ҳароратининг ўзгариши бўлиб, у бутун дунё иқлимига таъсир қилади. Унинг ҳосил бўлишига инсон фаолиятининг экологияга салбий таъсири бевосита сабаб бўлмайди. Эль-Ниньо такрорланиб турадиган цикл сифатида битта ягона сабаб туфайли эмас, балки тропик Тинч океанидаги “океан–атмосфера” бутун тизими доимий равишда мувозанатга интилиши, лекин уни ҳеч қачон мутлақ мукаммал ҳолда сақлай олмаслиги сабабли вужудга келади. Бошқача қилиб айтганда, Ер сайёрасида океан ва атмосфера доим бир-бирини “тебратиб туради”.

Эль-Ниньонинг Ўзбекистонга таъсири

Эль-Ниньо ҳодисаси бевосита Ўзбекистонга таъсир кўрсатмайди. Лекин у жуда катта масофалар орқали атмосфера циркуляциясини ўзгартириб, Марказий Осиё об-ҳавосига ҳам таъсир қилиши мумкин. Чунки Эль-Ниньо Тинч океаннинг тропик қисмида юз беради, Ўзбекистон эса ундан жуда узоқда. Шунинг учун у об-ҳавони тўғридан-тўғри ўзгартирмайди. Лекин атмосфера — бу бутун дунё бўйлаб уланган тизим. Бир жойдаги ўзгариш бошқа жойга ҳам “тўлқин” каби тарқалади.

Лекин Эль-Ниньо йилларида Ўзбекистонда ҳам бир қатор ўзгаришлар юз беради. Хусусан, баъзи йилларда қиш илиқроқ келади, қор камроқ ёғиши эҳтимоли ошади. Ёмғир ва қор миқдори ўзгарувчан бўлади - баъзи йилм кўп, баъзи йили камроқ бўлади. Баҳор фаслида нотекис ёғингарчилик кузатилиши мумкин. Қишлоқ хўжалигида эса, қуруқ йилларда суғоришга эҳтиёж ортиши мумкин. Бу омиллар биргаликда ҳосил миқдорига билвосита таъсир қилади.

Ўзбекистон Тинч океанидан анча узоқда жойлашган бўлсада, Эль-Ниньо глобал атмосфера оқимларини ўзгартиради. Шамол йўллари силжийди, океандан атмосферага чиқадиган иссиқлик ўзгаради. Натижада Евроосиёга келадиган ҳаво массалари ҳам бошқача хусусиятда бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда об-ҳавони фақат Эль-Ниньо эмас, бошқа омиллар - Атлантика океани, Арктика ҳаво массалари, маҳаллий иқлим цикли ҳамда Ла-Нинья (қарама-қарши ҳолат) ҳам белгилайди. Шунинг учун Эль-Ниньо фақат “эҳтимолни ўзгартиради”, аниқ ҳар бир йил хусусяитини белгилаб бермайди.

Марказий Осиё: иқлим муаммолари марказида

Агар Европада муаммо - шаҳарларнинг қизиб кетиши бўлса, Марказий Осиёда — ҳаёт учун керакли ресурсларнинг қизиб кетишида кўринади. Бу ерда муаммо фақат ҳарорат эмас, балки ҳаётнинг асоси — сув билан боғлиқ.

Хусусан, Ўзбекистонда иқлим хавфи учта кучайиб бораётган омил билан изоҳланади.

Биринчиси, ҳароратнинг ўсиши. Ёз узаяди, экстремал иссиқлик эса одатий ҳолга айланмоқда. +40°C даврлар энди истисно эмас.

Иккинчиси, сув танқислиги. Сув билан таъминлаш Амударё ва Сирдарё Тянь-Шан ва Помир музликларига боғлиқ — бу музликлар майдони эса қисқариб бормоқда. Натижада, ёзда камроқ сув, баҳорда эрта оқим чўққилари, энг иссиқ пайтда сув танқислигига дуч келинади.

Учинчиси, буғланишнинг кучайиши. Ҳарорат қанча юқори бўлса, шунча кўп сув атмосферага чиқиб кетади. Қишлоқ хўжалдиги экинлари тез чанқайди ва тез суғоришга келади.

Бу ҳам камлик қилгандек, Тянь-Шан музликлари - Марказий Осиё сувларининг стратегик захираси бўлсада, улар тез қисқариш босқичига кирган. Бунинг оқибатида қишда камроқ қор йиғилади, ёзда қор тезроқ эриб кетади. Бу бир йиллик фалокат эмас. Бу минтақанинг сув захирасининг секин-аста йўқолиб бораётганини англатади.

Хулоса: тизим заҳирасини йўқотмоқда

Бугунги иқлим динамикаси — фақат исиб кетиш билан тушунилмайди. Бу — сайёранинг иқлим захирасининг аста-секин йўқолишини англатади.

Авваллари иқлим - тарихнинг фони эди. Энди у унинг асосий иштирокчисига айланмоқда. Энг хавотирли белги - ҳароратнинг ўсиши эмас. Балки тизим аллақачон чегарада ишлашни бошлагани — ва кейинги чегара қаерда экани ҳали номаълумлигида. Жазирима иссиқни энди “норма” деб қабул қила бошлаганимизда...

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid