Томорқасини қаровсиз қолдирганлар уч карра юқори солиқ тўлайди
Улар имтиёзли кредитлар ва моддий ёрдамдан ҳам маҳрум этилади. Бу ҳақда президент фармони эълон қилинди.

Энди томорқасини қаровсиз қолдирган хонадон эгалари уч карра юқори солиқ тўлайди.
Бу ҳақда президентнинг томорқа ва деҳқон хўжаликлари замонавий тизимни жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича фармонида айтилади.
Аҳоли томорқаси ва ижарага берилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича ҳоким ёрдамчиси томонидан ҳар чоракда ўрганиш олиб борилади.
Ўрганиш давомида хонадондаги томорқа ва ижара ерларида экин экилмаган ва қаровсиз қолдирилган бўлса қуйидаги чоралар қўлланилади.
1. Имтиёзли кредитлар ажратилмайди.
2. Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган фуқаролар учун ёрдамлар (моддий ёрдам ёки бола пули каби) тўхтатилади.
3. Ер солиғи уч карра юқори миқдорда ҳисобланади.
Фармонга кўра, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Ўзбекистон фермерлари кенгаши этиб қайта номланди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларини ривожлантириш билан боғлиқ қуйидаги қўшимча вазифа ва функциялар юкланди, жумладан:
-аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликларидаги ер майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ва уларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисобини юритиш ҳамда “Online mahalla” платформасида аниқ ва батафсил маълумотлар базасини шакллантириш;
-туман ва маҳаллаларнинг ихтисослашув бўйича салоҳият ва имкониятларидан келиб чиқиб, томорқаларда юқори даромадли маҳсулотлар етиштиришни яшил ва инновацион ёндашувлар асосида ташкил этиш орқали аҳолининг юқори даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш ва уларни камбағалликдан чиқариш.
Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кенгаш тузилди.
Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузурида Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.