Трамп ҳарбий ёрдам эвазига Украинадан 500 млрд долларлик хомашё олмоқчи
2023 йил апрел ҳолатига кўра, Украина минерал ресурсларининг умумий қиймати тахминан 15 триллион долларни ташкил этади. Уларнинг катта қисми уруш кетаётган ҳудудларда жойлашган.

АҚШ президенти Доналд Трамп Fox News телеканалига берган интервьюсида Украина Америка сармоялари хавфсизлигини кафолатлаши кераклигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, Украина заминида ноёб ер металлари, нефть ва газнинг катта заҳиралари мавжуд ва мамлакатга аллақачон юзлаб миллиард доллар сармоя киритган Қўшма Штатлар уларни хомашё эквивалентида қайтариб олмоқчи.
“Мен пулларимиз хавфсиз бўлишини хоҳлайман. Чунки биз юз миллиардлаб долларларни сарфлаймиз. Улар келишувга эришишлари мумкин, битим тузмасликлари мумкин. Улар бир кун келиб Россияникига айланиши мумкин", дейди Трамп.
Трампнинг қайд этишича, Вашингтон Украинага 300 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратган, Европа эса 100 миллиард долларга яқин маблағ ажратган.
“Мен уларга 500 миллиард доллар эквивалентидаги ноёб тупроқ металларини хоҳлаётганимни айтдим ва улар бунга рози бўлишди. Шундай қилиб, ҳеч бўлмаганда ўзимизни аҳмоқ ҳис қилмаймиз. Акс ҳолда биз аҳмоқмиз", деди президент.
Ўтган ҳафта Доналд Трамп Киев билан ноёб металлар эвазига битим тузишни режалаштираётганини айтди. Бунга жавобан Украина президенти Владимир Зеленский хавфсизлик кафолатлари эвазига битим тузишга тайёрлигини айтди.
Forbes журнали ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йил апрел ҳолатига кўра, Украина минерал ресурсларининг умумий қиймати тахминан 15 триллион долларни ташкил этади. Бундан ташқари, минерал захираларнинг 70 фоиздан ортиғи Россия босиб олган ҳудудларда, шунингдек Днепр вилоятида жойлашган.