Украинани нима кутяпти: музокаралар, умидлар ва энг ёмон сценарийлар
Яқин истиқболда қабул қилинажак ҳар қандай қарорлар нафақат Украинага, балки бутун Европа барқарорлигига ва глобал сиёсий мувозанатга таъсир қилиши мумкинлигини тушуниш ўта муҳим.

Украина. Қаршилик, жасорат ва дард тимсолига айланган мамлакат. Қарийб уч йилдан буён дунё аҳли бу заминнинг ўз мавжудлиги, мустақиллиги ва озодлиги учун курашаётганини кузатмоқда. Aммо у глобал курашнинг диққат марказида қолар экан, бир савол ҳамон очиқ турибди: Украинани нима кутмоқда? Тинчлик сари йўл очиляптими ёки олдинда ҳамон машаққатли синовлар кутмоқдами? Бу можарога бахтли якун ясайдиган ҳакамлик роли кимга насиб этади?
Музокаралар орқали тинчлик ўрнатиш: саъй-ҳаракатларни кучайтириш
2025 йил феврал ойидан бери халқаро ҳамжамият Украинадаги уруш муаммосига ечим топишга уриниш борасида сезиларли фаоллашди, аммо музокаралар мураккаб ва нозик жараён бўлиб қолмоқда. Европадан AҚШ ва Хитойгача борган сари кўпроқ халқаро ўйинчиларни ўз ичига олувчи музокаралар қамрови кенгаймоқда ва чуқурлашмоқда. Бу жараён нафақат дипломатик каналлар, балки дунёнинг нуфузли етакчиларини ҳам қамраб олади.
Янги дипломатик ташаббуслар
Яқинда Россия ва Украина яна эҳтимолий музокаралар ҳақида сигнал берувчи баёнотлар алмашишни бошладилар. Бу можаро якунига етиб бораётганини англатмайди, лекин давом этаётган жанговар ҳаракатларга қарамай, тинч йўл билан ечим излашга интилиш мавжудлигининг биринчи белгисидир. Европа Иттифоқи, БМТ ва Туркия каби давлатлар бу жараёнларда фаол иштирок этиб, воситачилик ролини таклиф қилмоқда.
Бироқ, бундай фаолликка қарамасдан, музокаралар ҳамон кучли тўсиққа дуч келмоқда: тинчликнинг бадали ҳар икки томон учун қанчалик оғриқли бўлади? Украина ҳудудий яхлитликка оид ҳар қандай имтиёзларни қатъиян рад этяпти. Россия учун Қрим ва Донбасс масаласи устувор бўлиб қолмоқда. Ва асосий қийинчилик айнан шу келишмовчиликларда яширин.
Таъкидлаш жоиз, Украина ТИВ маълумотларига кўра, Донбассдаги можаро бошланган 2014 йилдан бери Украина ўз ҳудудининг тахминан 14 фоизини, жумладан, Қримни ҳамда Донецк ва Луганск вилоятларининг бир қисмини йўқотган. Жангларда 13 мингга яқин одам ҳалок бўлди, 30 мингдан ортиғи яраланди. Бу маълумотлар можарони тинч йўл билан ҳал этиш ниҳоятда қийин кечишини тасдиқлайди.
Умид ва умидсизлик орасида
Вазият устида осилиб турган қора булутларга қарамай, умид ҳамон ўлмаган. Ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери Украина, барча фожиаларга қарамай, ҳарбий ва сиёсий барқарорлик соҳасида ажойиб муваффақиятларга эриша олди. Бутун дунё нафақат ҳарбийларнинг қаҳрамонлиги, балки халқаро майдондаги дипломатик саъй-ҳаракатлари эвазига Украина матонатига гувоҳ бўлмоқда.
Айни пайтда AҚШ ва Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлашда давом этяпти. Қўшма Штатлар Украинани катта молиявий ва ҳарбий ресурслар билан таъминлаётгани Киевга муҳим стратегик устунлик беради. AҚШ давлат департаментига кўра, Aмерика биргина 2023 йилда Украинага 40 миллиард доллардан ортиқ ёрдам ажратган. Ўз навбатида, ЕИ 2024 йилда Украинага 10 миллиард евро миқдорида янги ёрдам пакетини эълон қилди. Бу маблағлар мудофаани мустаҳкамлаш, инфратузилмани тиклаш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш учун сарфланади.
Мазкур воқеалар фонида музокаралар ҳақидаги риторика мунозаралигича қолмоқда. Aйрим Европа давлатлари, жумладан, Германия ва Франция, Киев билан очиқ-ойдин келишмовчиликларга қарамай, Россия билан мулоқот зарурлигини тобора кўпроқ талаб қилмоқда. Aммо бир нарса аниқ: Украина ўз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги масаласида ёнбосиш нияти йўқ. Энг ёмони, агар тинчлик музокаралари ижобий ечим топмаса, Киев узоқ муддатли позицион урушни давом эттириши мумкин.
Айни шароитда экспертлар можаронинг ҳозирги босқичи камида яна бир неча йил давом этади деб ўйлашга мойил. Бироқ, агар Ғарб ёрдами сақланиб қолса ва Россияга босим кучайса, янги дипломатик ютуқларга эришиш мумкин. Шу билан бирга, Россия постсовет ҳудудида ўз таъсирини тиклаш амбицияларида тўхтамаслиги эҳтимолдан йироқ эмас, бу эса узоқ муддатли тинчликка эришишни қийинлаштиради.
Энг ёмон сценарийлар: музокаралар натижа бермаса-чи?
Aммо музокаралар муваффақиятсиз якунланса-чи? Бу ҳолда Украина учун энг ёмон сценарийлар қандай бўлади?
1. Узоқ давом этувчи уруш: уруш йиллар давом этиши ва Украинани минглаб одамлар ҳалок бўлган ва иқтисодиёти таназзулга учраган вайрона мамлакатга айлантириши мумкин. Ёрдам бераётган мамлакатлардаги ички сиёсий муаммолар ва иқтисодий инқирозлар ҳисобга олинса, Ғарбнинг ёрдами сусайишини ҳам назардан соқит қилмаслик керак. Украина халқаро кучларнинг зиддиятли манфаатлари гаровига айланиши мумкин.
2. Ҳудудий имтиёзлар: энг ёмон ҳолатда, Украина ҳудудий ён беришга мажбур бўлиши мумкин, аммо ҳозирги сиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда буни тасаввур қилиш қийин. Бироқ Россия ва халқаро ҳамжамиятнинг маълум бир қисмининг қаттиқ босими остида Киев ҳукумати тинчлик йўлида муросага боришга мажбур бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
3. Халқаро изоляция: узоқ давом этган можаро ва дипломатик саъй-ҳаракатлар муваффақиятсизликка учраган тақдирда, Украина Ғарб давлатлари учун стратегик ҳамкор сифатида жозибадорлигини йўқотиб, яккаланиб қолиши ҳам мумкин. Украина Европа Иттифоқи ва НAТОга аъзо бўлишга интилаётган бўлса-да, давом этаётган жанглар унинг мавқеига путур етказиши ва халқаро ҳамжамиятга янада интеграциялашувига тўсиқ бўлиши мумкин.
Доналд Трампнинг роли: AҚШ президенти нимани таклиф қилиши мумкин?
Оқ уйга қайтиб келган Трамп вазиятдан фойдаланиб, Қўшма Штатларни ўзи фаол илгари сурган “Биринчи навбатда Aмерика” тамойилига қайтаришга ҳаракат қиляпти. Трамп Украинага ёрдамни қисқартиришга ва Россия билан муносабатларда янада прагматик ёндашувни тиклашга, можарони дипломатик саъй-ҳаракатлар билан ҳал қилишга интилмоқда. Шу пайтгача Трамп Путин билан анча-мунча масалаларни гаплашиб олгани айтиляпти.
Жумладан, яқинда Трамп ва Путин Украинадаги уруш ҳақида гаплашгани маълум бўлди. АҚШ президентининг билдиришича, суҳбатнинг асосий мавзуси, табиийки, Украинадаги урушни тўхтатиш бўлган. Трамп суҳбат қанча вақт давом этгани ёки бунгача неча марта мулоқот қилгани ҳақида аниқ маълумот бермаган.
Трампнинг таъкидлашича, Владимир Путин ҳам Украинадаги можаро тугашини ва одамлар ўлмаслигини хоҳлайди. Шунингдек, Трамп ўзининг аниқ режаси борлигини ва урушни тўхтатиш учун тезкор чоралар кўришни мақсад қилганини таъкидлади: “Ҳар куни одамлар ҳалок бўляпти. Мен бу лаънати нарсанинг якунига етишини хоҳлайман”, деган АҚШ етакчиси.
Трамп, шунингдек, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Валтц билан мулоқотда музокараларни тезроқ бошлаш кераклигини таъкидлади. “Биз учрашувларни бошлашимиз керак. Улар ҳам музокара қилишни хоҳлаяпти. Ҳар куни минглаб ёш йигитлар ўляпти. Улар худди менинг ўғилларимдек ёш”, деди у.
Оқ Уй соҳиби Россия ва Украина ўртасида музокаралар бошлаш муҳимлигига урғу бериб, урушдан нафақат ҳарбийлар, балки бутун дунё азият чекаётганини қайд этди. Урушни тугатиш бўйича унинг режаси қандай экани ҳозирча номаълум, аммо Трамп музокаралардан умид қилаётганини билдирди.
Шу билан бирга, феврал ойи охирида яқин муҳим халқаро саммитлар ўтказилиши режалаштирилган. Ундан аввал эса Трамп Зеленский билан юзма-юз гаплашмоқчи. Шундан кейин Путин билан учрашув ўтказилади ва бўлажак тинчлик музокараларининг механизми аниқ бўлади.
Лекин Трампнинг радикал ечимларга ва қисқа муддатли ёндашувларга мойиллиги ҳисобга олинса, тинчлик вақтинчалик бўлиши ҳм мумкин. Унинг Россия билан ҳамкорликка қайтиши ва Украинадан ён бериш талаблари Украинанинг ўзида ҳам, халқаро майдонда ҳам жиддий сиёсий инқироз ва тўнтаришларга олиб келиши ҳеч гап эмас.
Қайд этиш жоиз, Трамп сўнгги йилларда унинг Украина борасидаги сиёсати “Қўшма Штатлар учун яхшироқ келишувга эришиш”га қаратилганини бир неча бор таъкидлаган, бироқ ушбу ёндашув Германия ва Франция каби Европадаги асосий иттифоқчиларини ҳам ғазаблантирган.
Бироқ, нима бўлганда ҳам, Трамп узоғи билан 6 ой ичида Украина муаммоси ҳал этилишини ишонч билан гапирмоқда. Тўғри, аввал Трамп президентликка қайтган куниёқ, Путин билан гаплашишини айтганди. Кейин эса тинчлик сулҳига эришиш учун 1 ойлик, сўнгра 3 ойлик муддат кифоя қилишини айтди. Умид қиламизки, Трамп қўйган охирги муддат 6 ойга қолмасдан, Украинада осудалик ва барқарорлик сари қадам қўйилади.
Яхши урушдан ёмон тинчлик яхши
Aйни пайтда Украина муҳим ўзгаришлар остонасида турибди. Музокаралар албатта зарурий қадам, лекин олдинда кўплаб кутилмаган қийинчиликлар, келишмовчиликлар ва таҳдидлар пойлаб турибди. AҚШ, Европа ва бошқа муҳим ўйинчилар ечим излашда давом этаётир. Лекин ҳар куни “Украинани нима кутяпти?” деган саволнинг эҳтимолий жавоби тобора мураккаблашиб бормоқда. Зеро, яқин истиқболда қабул қилинажак ҳар қандай қарорлар нафақат Украинага, балки бутун Европа барқарорлигига ва глобал сиёсий мувозанатга таъсир қилиши мумкинлигини тушуниш ўта муҳим.
Қисқа қилиб айтганда, Украинанинг яқин йиллардаги тақдири кўплаб омилларга боғлиқ. Уларнинг энг асосийлари муаммони нафақат ҳарбий ва дипломатик саъй-ҳаракатлар, балки дунё ва айниқса, AҚШнинг янги таҳдидларни тўғри англаши ва уларни муроса йўли билан ҳал қилишга қанчалик тайёр эканига ҳам алоқадор бўлади.
Абулфайз Сайидасқаров