platina.uz

Ўтган йили сўм долларга нисбатан 3,8 фоизга қадрсизланди

 Россия рубли 16,8 фоизга, Қозоғистон тенгеси 15,5 фоиздан кўпроққа ва турк лираси деярли 16,6 фоизга қадрсизланди. 

Иқтисод
8 февраль, 11:06
Ўтган йили сўм долларга нисбатан 3,8 фоизга қадрсизланди

Ўзбек сўми долларга нисбатан асосий ҳамкор давлат валюталарига нисбатан камроқ қадрсизланди.

2024 йил учун номинал ва реал самарали алмашув курси индекслари ҳисоблаб чиқилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан 2024 йил учун номинал (NEER) ва реал самарали алмашув курси (REER) индекслари ҳисоблаб чиқилди.

2024 йилда Ўзбекистон учун NEER ва REER индексларини ҳисоблашда савдо ҳамкорлар сифатида Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмасида 83 фоиз ҳиссага эга бўлган 20 та мамлакат, базавий давр сифатида 2019-йилнинг январь ойи танлаб олинди.

2024 йилда Ўзбекистонда реал самарали алмашув курси индекси кўтарилди. Хусусан, 2024 йилнинг декабрь ойида REER индекси 2023 йилнинг мос давридагига нисбатан 4,8 бандга (106,6 дан 111,4 га) кўтарилди. Бунда, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси ўзгариши таъсири 3,3 банд бўлган бўлса, инфляциянинг таъсири 1,5 бандни ташкил этди.

Таъкидлаш жоизки, 2024 йилнинг дастлабки 9 ойида REER индекси 104,1 ва 105,7 оралиғида шаклланган бўлса, IV-чорак якунига келиб III-чорак якунидагига нисбатан 6,6 бандга ошди.

2024 йилда номинал самарали алмашув курси 4,1 бандга (90,0 дан 94,1 га) ўсди.

Иқтисодиётда реал самарали алмашув курсининг кўтарилиши, бошқа омиллар ўзгармас деб қаралганда, экспорт нархларининг қимматлашиши ва импорт нархларининг арзонлашишига олиб келиши мумкин.

2024 йилда REER индексининг ошишига таъсир этувчи муҳим омиллардан бири сифатида асосий савдо ҳамкорлар бўлган давлатлар миллий валюталарининг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши ўзбек сўми қадрсизланишига нисбатан юқори эканлигини келтириш мумкин.

Маълумот учун: 2024 йилнинг январ-декабр ойларида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан номинал курси 3,8 фоизга қадрсизланган бўлса, Россия рубли 16,8 фоизга, Қозоғистон тенгеси 15,5 фоиздан кўпроққа ва турк лираси деярли 16,6 фоизга қадрсизланди. Бу ўз навбатида, REER индексининг 3,3 бандга ўсишига таъсир ўтказди.

Шунингдек, 2024-йилда Ўзбекистондаги нархлар даражаси динамикаси ва асосий савдо ҳамкорларимиздаги макроиқтисодий тенденциялар орасида фарқнинг юзага келиши REER индексининг ўсишига таъсир этди.

2024 йилда Ўзбекистонда инфляция даражаси 9,8 фоизни ташкил этган бўлса, ушбу кўрсаткич Россияда 9,5 фоизга, Қозоғистонда 8,6 фоизга ва Хитойда 0,2 фоизга тенг бўлди. Инфляция омилининг REER индексига таъсири 1,5 бандни ташкил этди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+