Қизириқ туманига янги ҳоким тайинланди
Бунгача у туман ички ишлар бўлимини бошқарган.

Бугун ўтган Халқ депутатлари Қизириқ тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Алламуротов Шерхон Йўллиевич туман ҳокими этиб тайинланди.
Шерхон Алламуротов 1986 йилда Жарқўрғон туманида туғилган. 2011 йилда Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – ҳуқуқшунос. Подполковник ҳарбий унвонига эга.
Фаолияти давомида Ички ишлар органларида турли вазифаларда, хусусан, вилоят ички ишлар бошқармасида бўлим бошлиғи, Жарқўрғон тумани ИИБ бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган. Тайинловга қадар 2023 йилдан буён Қизириқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.
Қизириқ тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган Анвар Орипов ўз аризасига биноан лавозимидан озод этилган. У 2024 йил апрелда тайинланганди.