Алкогол бозорида назорат кучайтирилади
Сўнгги вақтларда алкогол маҳсулотларидан заҳарланиш ва ўлим кўпаймоқда.

Ўзбекистон алкогол бозорида назорат кучайтирилмоқда.
Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида “Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг фаолияти такомиллаштирилганлиги муносабати билан унинг ваколатларини қонун ҳужжатларида аниқлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Шунинг учун мазкур Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ҳамда “Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунларга ушбу Инспекциянинг ваколатларини белгилашни назарда тутувчи ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ўзгартиришларга мувофиқ истеъмол ва техник этил спирти, алкогол маҳсулотларини ишлаб чиқариш, алкогол маҳсулотларининг улгуржи савдоси фаолиятига берилган лицензия учун йиллик давлат божини тўлашнинг муддати белгиланмоқда.
Қонун билан юридик шахслар томонидан пиво ва пиво ичимликларининг улгуржи савдосига доир фаолияти ваколатли органга хабарнома юбориш йўли билан амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, тамаки маҳсулотларининг улгуржи савдосига доир фаолият ваколатли органга, чакана савдосига доир фаолият эса солиқ органига хабарнома юбориш йўли билан амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонун алкогол ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш соҳасида самарали назорат тизимини жорий этишга қаратилган. Маҳсулотларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилишига, бизнесни юритиш учун соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳамда қонун нормаларини аниқ ва бир хилда қўлланилишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда алкогол маҳсулотлардан заҳарланиш ҳолатлари кўпайди. Аввал Андижон ва Самарқандда, сўнгра Туркияда ўзбекистонликлар алкоголдан заҳарланиб вафот этди.