platina.uz

Йўл ҳаракати қоидабузарлиги бўйича янги нормалар киритиляпти

"Агрессив бошқариш"," дрифт", "шахмат" шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. 

Жамият
24 январь, 12:15
Йўл ҳаракати қоидабузарлиги бўйича янги нормалар киритиляпти

Сенат ялпи мажлисида йўл ҳаракатига оид қонун кўриб чиқилди.

Қонунда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасликнинг салбий оқибатларининг олдини олишга хизмат қилувчи янги нормалар ўрин олган.

Жумладан, Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Жиноят кодексида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик ва сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефт газида ёки дизел ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, транспорт воситасини кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган "агрессив бошқариш"," дрифт", "шахмат" ва йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Шундай бўлса-да, қонундаги айрим нормалар бугунги кундаги реал воқелик ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаганлиги сабабли Сенатнинг 55-ялпи мажлисида Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.

Шундан сўнг Сенат томонидан билдирилган таклиф ва эътирозлар келишув комиссияси томонидан батафсил кўриб чиқилди ҳамда барча масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, Қонун такомилига етказилган.

Хусусан, қонун билан жарима баллари ҳисобланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жазо қўллаш каби жавобгарлик белгиланмоқда. Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганда ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишнинг энг кам миқдори олти ойдан кам бўлмаслиги назарда тутилмоқда.

Аввалроқ ЙПХ ходимларини тасвирга олганлик учун жазо юмшатилиши маълум бўлганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+