Тимур Кападзе Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди
У Қатарга бориб, ушбу мамлакатда машғулот ўтказаётган жамоа бошқарувини қўлга олади.
![Тимур Кападзе Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди](https://cp.platina.uz/media/CACHE/images/kapadze-u23-stoyka.8dc743d9a59e.webp)
Тимур Кападзе Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди, дея хабар берди ЎФА матбуот хизмати.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий терма жамоа бош мураббийлиги учун бир қатор номзодларни ўрганиб чиқди ва таҳлил қилди. Маҳаллий ва хорижлик тажрибали мутахассислар билан музокаралар ўтказди. Шу билан бирга, мураббийлар кенгаши томонидан тақдим этилган тавсиялар ҳам батафсил кўриб чиқилган.
"Жаҳон чемпионати саралашининг ҳал қилувчи ўйинларига оз вақт қолганини ҳисобга олиб, жамоа ва футболчилар билан яқиндан таниш бўлган, узоқ йиллар давомида миллий терма жамоа сафида тўп сурган ҳамда бош мураббий ва ёрдамчи мураббий сифатида фаолият олиб борган, шунингдек, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси билан тарихий натижага эришган Тимур Кападзе номзоди илгари сурилди", дейилади ЎФА хабарида.
Айни кунларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатарда йиғин ўтказмоқда. Тимур Кападзе ушбу йиғинга қўшилиб, жамоа бошқарувини қўлга олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалги мураббий Сречко Катанец соғлиғидаги муаммолар сабаб ишдан кетганди.