Ўтган йили Ўзбекистонга хориждан салкам 15 млрд доллар пул жўнатилди
Ушбу даврда жисмоний шахслар томонидан банкларга 16,1 млрд доллар сотилган.
Марказий банк жисмоний шахсларнинг валюта операциялари бўйича қисқача шарҳни эълон қилди.
2024 йилда Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ёки 3,4 млрд долларга кўпайиб, 14,8 млрд долларни ташкил қилди.
Маблағларнинг 77 фоизи Россиядан (11,5 млрд долл) келиб тушган бўлиб, 2023 йилга нисбатан 29 фоизга ошган. Мазкур трансфертларнинг қолган қисми Қозоғистон (795 млн долл), АҚШ (577 млн долл), Жанубий Корея (534 млн долл), Туркия (405 млн долл), Буюк Британия (135 млн долл) ва бошқа мамлакатлардан ўтказилган.
2024 йилда Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмида 2023 йилга нисбатан Буюк Британиядан 83 фоизга, Жанубий Кореядан 56 фоизга, АҚШдан 35 фоизга ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларидан 32 фоизга ўсиш кузатилди.
Шунингдек, 2024 йилда Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2,8 млрд долларни (2023 йилга нисбатан ўсиш 19 фоиз) ташкил қилди.
2024 йилда банклар ҳамда жисмоний шахслар ўртасидаги чет эл валютаси олди-сотди операциялари айланмасининг умумий ҳажми 2023 йилга нисбатан 19 фоизга (4 млрд долл) кўпайиб, 25,5 млрд долларни ташкил этди.
Мазкур даврда жисмоний шахслар томонидан банкларга 16,1 млрд доллар миқдоридаги ёки 2023 йилга нисбатан 31 фоизга кўп (2023 йилда 12,3 млрд долл) чет эл валютаси сотилган.
Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан банклардан харид қилинган чет эл валютаси ҳажми 2023 йилга нисбатан 3 фоизга ўсиб, 9,4 млрд долларга етди (2023 йилда 9,1 млрд долл).
Натижада, жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган чет эл валютаси ҳажми сотиб олинган чет эл валютаси ҳажмидан 6,7 млрд долларга кўп бўлиб, ушбу ижобий фарқ ўз навбатида ички валюта бозорида қўшимча таклиф манбаи бўлиб хизмат қилди.
Банкларнинг республика бўйлаб валюта айирбошлаш шохобчалари умумий сони йил давомида 20 фоизга ошиб, 6,2 мингтага етказилди.