platina.uz

HUMO’ни сотиб олган Paynet’чилар ким?

Paynet’нинг ҳозирги таъсисчиси, директори ва унинг биринчи ўринбосари тўлов тизими асосчиси Ботир Орифжоновнинг эски танишлари, яъни аввалги жамоасидан экани маълум бўлмоқда.

Иқтисод
14 январь, 8:43
HUMO’ни сотиб олган Paynet’чилар ким?

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (HUMO тўлов тизими) устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакетини Paynet АЖ 65 млн АҚШ долларига сотиб олганди.

Pinkod.uz мазкур савдо ва Paynet эгалари бўйича бир қатор суриштирувларини эълон қилди.

Савдо жараёнининг “Савдонинг асосий шартлари тўғрисидаги битим” талаблари асосида ташкил этилган босқичида 3 талабгор мажбуриятга эга бўлган таклифларни тақдим этди. Бироқ келтирилган хабарда қолган икки талабгорнинг номи ва улар томонидан берилган таклифлар хусусияти маълум қилинмаган.

Савдонинг асосий босқичида мажбуриятга эга бўлган таклифларни (БО) топширган уч иштирокчи орасидан энг юқори харид нархини таклиф қилган Paynet АЖ савдо ғолиби деб топилган.

Paynet кимга тегишли?

Paynet брендининг эгаси бугунги кунда Paynet АЖ (аввалги номи UZPAYNET МЧЖ) ҳисобланади. Компания 2005 йил 12 декабрда давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, Paynet’га финтех-тадбиркор Ботир Орифжонов ва унинг шериклари томонидан асос солинган.

Основатель Paynet Ботир Арифджанов предложил создать краудфандинговую  платформу – Spot
Paynet асосчиси Ботир Орифжонов

Ботир Арифджановнинг LinkedIn саҳифасидаги маълумотга кўра, у 2000 йил декабрдан 2008 йил февралгача бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт вазири ёрдамчиси лавозимида ишлаган.

Қозоғистонлик тадбиркор ва блогер Амирхан Омаров билан видеосуҳбатда Орифжонов Россиянинг QIWI компанияси 2009 йилда Paynet’га харидор бўлгани ва унинг активларини 10 миллион АҚШ долларига баҳолаганини айтган.

“Пик Скартариса” Telegram каналида айтилишича, Ботир Орифжонов ва унинг шериклари ўшанда чиндан ҳам компанияни сотиш учун Москвага боришган ва келишувга ҳам эришилган. Бироқ эртаси куни тўсатдан компанияни сотиш кераклиги ҳақида QIWI’дан эмас, балки “бошқа кишилардан” қўнғироқ бўлади. Шундай қилиб, 2009 йилда Paynet “янги эгалари” қўлига ўтади.

2018 йилга келиб, Paynet билан боғлиқ янгилик рўй беради. Яъни Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 4 майдаги 3694-сон қарорига асосан компания Халқ банкига ўтказилиши маълум бўлади.

“Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2016 йил 4 октябрдаги ҳукмига кўра давлат даромадига ўтказилган “UzPaynet” МЧЖ устав фондидаги 37,5 фоиз улушни кейинчалик давлат улушини ошириш ҳисобига Халқ банкига ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин”, дейилади президент қарорида.

Шундан сўнг, активлар 100 фоизгача етказилган ва 2018 йилда тўлиқ Халқ банки тасарруфига ўтказилган эди.

Paynet’нинг хусусийлаштирилиши

2022 йил август ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги Paynet’нинг устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш бошланганини эълон қилди. Бироқ шу йил октябр ойига келиб, қўшимча равишда аниқлик киритилиши зарур бўлган ҳолатлар юзага келгани муносабати билан, талабгорларнинг мажбуриятга эга бўлмаган таклифларини (NBO) қабул қилиш муддати кечиктирилганди.

2024 йилда Paynet’dagi 100 фоиз давлат улуши яширинча (бу ҳақда ҳеч қаерда маълумот берилмаган) New Industrial Technologies МЧЖга сотилгани ошкор бўлди.

Paynet’нинг янги эгаси

Давлат реестрига кўра, New Industrial Technologies МЧЖга 100 фоиз улуш билан Абдурахманов Мустафа Оразбаевич эгалик қилади. Paynet’нинг сотилгани ошкор бўлган даврда (2024 йил) ушбу корхонанинг таъсисчилари ичида 60 фоиз улуш билан Алекс Ли ҳам бўлган. Аммо бугунга келиб, у таъсисчилар сафидан чиққан.

Мустафо Абдураҳмонов, шунингдек, ASIA ALLIANCE BANK АЖнинг 77,3 фоизига эгалик қиладиган ASIA ALLIANCE GROUP МЧЖ ҚКнинг 77,61 фоиз улуш билан таъсисчиси ҳисобланади.

Ботир Орифжонов ва Мустафо Абдураҳмоновнинг боғлиқлиги

Paynet’нинг билвосита бугунги эгаси ҳисобланган Мустафо Абдураҳмонов ва компаниянинг собиқ эгаси Ботир Орифжонов ўртасида бир қатор боғлиқлик мавжуд.

Абдураҳмонов Орифжоновнинг BEE (Миср) компаниясида тижорий директор ва Technobiz (Сингапур) компаниясида сотув департаменти раҳбари лавозимида ишлаган. Орифжонов “UzPAYNET” МЧЖнинг мулкдори ва таъсисчиси бўлган даврда (2007-2010 йиллар) Абдраҳмонов Paynet’нинг Қорақалпоғистон бўйича минтақавий вакили сифатида ишлаган.

Paynet’нинг бош директори ва Орифжонов ўртасидаги боғлиқлик

Paynet сегодня: в компании поделились ключевыми показателями ...
Paynet бош директори Анвар Исамуҳамедов

Paynet’нинг ҳозирги бош директори Исамухамедов Анвар Садикович ҳам бир вақтлар компаниянинг асосчиси ва собиқ эгаси Ботир Орифжоновнинг компанияларида турли юқори лавозимларда фаолият юритган. Масалан, 2022 йил октябрдан 2023 йил октябргача унинг Британиядаги компанияси GEOMOTIVE LTD’да директор, Bee Smart Payment Solution’да сотув менежери, Technobiz компаниясида бизнес консултант бўлган. Исамуҳамедов, шунингдек, Paynet Орифжонов бошқарувда бўлган йилларда компанияда бош сотув менежери сифатида ишлаган.

Paynet бош директорининг биринчи ўринбосари ва Орифжонов ўртасидаги боғлиқлик

Paynet бош директорининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов ҳам Ботир Орифжоновга алоқадор шахс ҳисобланади. Улар нафақат бир вақтлар бирга ишлашган, балки ҳозир ҳам ишлашда давом этишмоқда.

Комилов Paynet очилган йилда жамоада бўлган. 2008-2009 йилларда эса у компания бош директори лавозимида ишлаган. Paynet улушлари давлатга ўтказила бошлагандан кейин эса худди Орифжоновдек компаниядан кетган.

2009-2010 йилларда Орифжонов Сингапурда ташкил қилган Technobiz компаниясида Маркетинг масалалари бўйича директор бўлиб ишлаган. Комилов 2010 йилдан то ҳозиргача у Орифжонов ташкил этган Basata компаниясида турли лавозимларда, ҳозир эса бош технология мутахассиси бўлиб ишлайди.

Бундан ташқари, Paynet’нинг ҳозирги таъсисчиси, директори ва унинг биринчи ўринбосари Ботир Орифжоновнинг эски танишлари, яъни аввалги жамоасидан эканини билиш мумкин.

Шундай қилиб, бир йил ичида мамлакатдаги давлат улуши 100 фоиз бўлган иккита йирик тўлов тизими (Paynet va HUMO) эгалиги битта қўлга ўтди. Яъни 2024 йилда Paynet жамоатчиликдан яширин равишда (битим қиймати ҳам маълум эмас) сотиб юборилди, Paynet АЖнинг ўзи эса 2025 йилга келиб, HUMO тўлов тизимини сотиб олди.

HUMO’ни яна кимлар сотиб олишга қизиқиш билдирган эди?

HUMO’ни сотиб олмоқчи бўлганлар орасида анча йирик компания –Қозоғистондаги фин-теx гиганти Kaspi ҳам бор эди. Бу ҳақда Forbes нашрининг Қозоғистон бўлими 27 август куни хабар берган. Қайд этилишича, Kaspi HUMO’нинг янги бизнес моделини ишлаб чиқишни, нақдсиз тўловларни кўпайтиришга ҳисса қўшишни, технология ва ходимларга катта инвестиция киритишни режалаштираётганини айтиб ўтган.

Kaspi 2024 йил январда Америкадаги энг йирик фонд биржаси ҳисобланган NASDAQ’да IPO ўтказган ва унинг акциялари АҚШда листинг бўлган эди. Нашрга кўра, бу АҚШдаги энг йирик оммавий таклифлардан бири эди. Компаниянинг ҳозирги капиталлашуви эса 24 млрд доллардан ошади. Бироқ Kaspi 2024 йил ноябр ойида аниқ сабаблар келтирмаган ҳолда HUMO’нинг хусусийлаштиришда қатнашмаслигини эълон қилди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров HUMO’нинг хусусийлаштирилиши билан боғлиқ жараёнлар юзасидан қуйидагича муносабат билдирди:

“Хусусийлаштирилган” тўлов тизимининг янги эгаси шуниси билан биз кўрган универсал монополистлардан фарқланадики (антимонополия тан оладими ё йўқми), у феълан иккита банк ва битта йирик тармоқли тўлов ташкилоти билан аффилланган.

Табиийки, аффилланган иккита тижорат банки бошқа 34 та банкдан кўра устунроқ имконият ва қулай позицияларга эга бўлади. Шу билан бирга, Paynet 40дан ортиқ бошқа рақобатчиларига нисбатан HUMO танасига яқинроқ бўлади.

Ўзи рақобат муҳитига акс таъсир этмаслиги учун банкларнинг тўлов тизими ва тўлов ташкилотига, тўлов тизимларининг банклар ё тўлов ташкилотларига эгалиги ва аффилланиш чегаралари қонун билан чекланиши тўғри бўларди. Афсуски, биз бу йўлдан юрмадик”, деб ёзди иқтисодчи.


© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+