platina.uz

Вазирлик ва ҳокимликларга турли харажатларни қисқартириш топшириғи берилди

Давлат органларига маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан бошқарув ходимларининг иш ҳақини ошириш, хизмат автомобилларини сотиб олиш ва бошқаларга тақиқ қўйилмоқда. 

Жамият
7 январь, 14:30
Вазирлик ва ҳокимликларга турли харажатларни қисқартириш топшириғи берилди

Ўзбекистондаги вазирлик, идора ва ҳокимликларга 2025 йилда бюджет маблағларини тежаш ва самарадорлигини ошириш чораларини кўриш топшириғи берилди.

Бу ҳақда президентнинг 25 декабрдаги "Давлат бюджетининг 2025 йил ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида назарда тутилган.

Бюджет тақчиллигининг чекланган даражасидан ошиб кетишига олиб келиши мумкин бўлган қўшимча харажатларга (бу йил ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз миқдорида белгиланган) фақат қўшимча даромадлар мавжуд бўлганда ёки харажатларнинг бошқа бандларини қисқартириш ҳисобига рухсат берилади.

Шу билан бирга, давлат органларига маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан бошқарув ходимларининг иш ҳақини ошириш (энг кам иш ҳақини оширишдан ташқари), хизмат автомобилларини сотиб олиш (махсус транспорт воситаларидан ташқари), қимматбаҳо юмшоқ мебель ва офис жиҳозларини сотиб олиш (бундан таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳалари мустасно) бўйича таклифлар киритиш тақиқланади.

Вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағларидан хизмат автомобиллари, қимматбаҳо мебель ва офис жиҳозларини харид қилиш фақат Вазирлар Маҳкамасининг розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Бюджет ташкилотларининг 2025 йилга мўлжалланган харажатлар сметасини тузишда мебель ва офис жиҳозлари харажатлари 2024 йилга нисбатан 10 фоизга қисқартирилиши керак (таълим ва тиббиёт муассасаларидан ташқари).

Ҳокимликларга бюджет харажатлари параметрларини шакллантиришда иш ҳақи, дори-дармон, озиқ-овқат ва коммунал хизматлар учун маблағлар етишмаслигига йўл қўйиш тақиқланади.

Шунингдек, уларга маҳаллий бюджетлар ва уларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан норматив-ҳуқуқий база билан мустаҳкамланмаган қўшимча штат бирликларини ташкил этиш тақиқланди.

Тадбирларни молиялаштиришнинг аниқ манбаисиз ўтказишга йўл қўйилмайди.

2025 йил 1 январдан туман ва шаҳар даражасидаги соғлиқни сақлаш муассасаларини сақлаш харажатлари Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар бюджетлари ва Тошкент шаҳри бюджетидан молиялаштиришга ўтказилади.

Туманлар ва шаҳарлар бюджетлари тасдиқланган иловаларга мувофиқ харажатлар йўналишлари бўйича шакллантирилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 18 декабрда Сенат давлат бюджети бўйича қонунни маъқуллаганди. 2025 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 431,0 трлн сўм, харажатлар эса 480,5 трлн сўм миқдорида шакллантирилган.

Январ ойи бошида эса президентга қонун тўғрисида ахборот берилганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+