platina.uz

Ўзбекистонда метапневмовирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда

Ушбу вирус янги касаллик эмас, ваҳимага ўрин йўқ, дейилади ССВ маълумотида. 

Жамият
6 январь, 9:26
Ўзбекистонда метапневмовирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда метапневмовирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилган. Ушбу вирус янги касаллик эмас, ваҳимага ўрин йўқ, дейилади ССВ маълумотида.

Сўнгги кунларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда дунёнинг қатор мамлакатлари бўйлаб метапневмовирус инфекцияси авж олаётгани ҳамда ушбу хасталик COVID-19дан ҳам хавфлироқ эканлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Хўш, бу ахборотлар қанчалик асосли? Умуман, метапневмовирус ўзи қандай инфекция? У қайси белгилар билан намоён бўлади? Муолажа жараёни қандай кечади?

ССВ матбуот хизмати ушбу саволлар бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустам Икрамов жавобини келтирди:

— Метапневмовирус аввалдан маълум инфекция бўлиб, биринчи марта 2001 йилда аниқланган, — дейди мутахассис. — Касаллик асосан ҳаво-томчи йўли орқали ёки баъзи ҳолатларда ифлосланган юзалар билан алоқа натижасида юқади ҳамда тарқалади.

Мазкур вирус билан хасталаниш ҳолатлари дунёнинг барча минтақаларида ҳар йили қайд этилади.

Хусусан, қўшни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати тарқатган хабарларда ҳам айни пайтда ўткир респиратор вирусли инфекциялар ва грипп билан касалланишнинг мавсумий ўсиши кузатилаётгани, шу жумладан 10 йиллардан буён мамлакатда метапневмовирус ҳам қайд этилаётгани таъкидланган.

Метапневмовируснинг куз-қиш даврида янада фаоллашуви кузатилади. Бу инфекция одатда бурун оқиши, йўтал ва иситма белгилари билан, худди ўткир респиратор вирусли инфекциялар шаклида пайдо бўлади, баъзи ҳолларда бронхиолит ва пневмонияни келтириб чиқаради.

Касалликни даволаш одатда симптоматик бўлиб, асосан уй шароитида беморнинг аҳволини енгиллаштиришга қаратилган муолажалар қўлланилади. Оғир ҳолатларда кислородли терапия ёки касалхонага ётқизиш талаб қилиниши мумкин.

Метапневмовирус билан касалланган одамларнинг аксарияти асоратсиз тузалиб кетади.

Ўзбекистонда ҳам айни вақтда ўткир респиратор инфекцияларнинг мавсумий кўтарилиши кузатилмоқда. Мамлакатда уларнинг лаборатория текширувлари мунтазам амалга ошириб келиняпти ва ана шундай текширувларнинг 39,9 фоизида грипп вируси, 32,2 фоизида риновирус, 30,6 фоизида респиратор-синцитиал вирус ва 1,2 фоизида метапневмовирус аниқланган.

"Ўткир респиратор касалликларнинг бундай кўтарилиши даврида аҳолини профилактика чораларига риоя қилишга ва одамлар гавжум жойларда, айниқса, касаллик белгилари яққол намоён бўлиб турган фуқаролар билан мулоқотни чеклашга чақирамиз", дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда ушбу вирус тарқалаётгани хабар берилганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+