Президент янги элчилар билан учрашди

Шавкат Мирзиёев Венгрия, Эрон, Чехия, Ўмон ва Жазоир элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. 

Сиёсат
7 май, 14:30
Президент янги элчилар билан учрашди

7 май куни Ўзбекистонга янги тайинланган хорижий элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди.

Ўзбекистон Президенти Венгрия элчиси Йожеф Рожа, Эрон Ислом Республикаси элчиси Муҳаммадали Искандарий, Чехия Республикаси элчиси Любомир Фреборт, Ўмон Султонлиги элчиси Вафо ал-Бусаидий, Жазоир Халқ Демократик Республикаси элчиси Муҳаммад Ирқийдан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

“Ўзбекистон - 2030” стратегиясида Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг энг устувор йўналишлари ўз ифодасини топган. Жумладан, дунёдаги барча давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш, хусусий сектор учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш.

– Бугунги Ўзбекистон – жаҳонга кенг очилаётган, хорижий шериклари билан узоқ муддатли ва кенг қамровли алоқаларни изчил ривожлантириб бораётган тинчликсевар ва адолатли ижтимоий давлатдир, - деди Президент.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги етти йилда икки баробар ўсгани, инвестициялар, савдо айланмаси ҳажми муттасил ошаётгани, экспорт географияси кенгаяётганига эътибор қаратди.\

Ўзбекистон бундан буён ҳам халқаро майдонда очиқ, прагматик ва ташаббускор ташқи сиёсатни изчил давом эттиришини таъкидлаб, давлатимиз раҳбари элчилар диққатини улар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги даражага кўтариш муҳимлигига қаратди.

Президентимиз Венгрия элчисига мурожаат қилар экан, Будапешт Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим ва вақт синовларидан ўтган ишончли шериги эканини қайд этди.

– Сўнгги йилларда Бош вазир Виктор Орбан билан биргаликдаги қатъий интилиш ва аниқ мақсадга йўналтирилган ҳаракатларимиз натижасида алоқаларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди, – деди Президент.

Шунингдек, икки томонлама товар айирбошлаш икки баробар ўсди, қўшма корхоналар сони ошмоқда, ўтган йили Будапештда Ўзбекистон элчихонаси очилди, юздан ортиқ ўзбекистонлик талаба “Stipendium Hungaricum” дастури доирасида Венгрия олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Юртимиз бозорида Венгриянинг “OTP Bank”, “Bonapharm”, “Gedeon Richter”, “Meditop” каби бир қатор етакчи компания ва банклари муваффақиятли ишламоқда.

Тошкент ва Будапешт ўртасида авиақатновлар бошланиши ишбилармонлик алоқалари ва туризм алмашинувларини янада фаоллаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Давлатимиз раҳбари Эрон билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар кўп минг йиллик тарихий илдизлардан куч олаётганини таъкидлади. Бугунги Эрон катта иқтисодий, маданий ва интеллектуал салоҳиятга эга мамлакат. Кейинги йиллардаги олий даражадаги тарихий ташрифлар ва эришилган муҳим келишувлар муносабатларимизда янги юксалиш даврини бошлаб берди.

Барча даражада ўзаро мулоқотлар фаоллашди. Икки томонлама савдо ҳажми ўсмоқда, қўшма корхоналар сони 300 тага етди. Қайд этилганидек, томонлар товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ режаларни белгилаб олган.

Ўзбекистон Эрон билан тоғ-кон, энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтиришдан манфаатдор.

Транспорт йўлаклари ва транзит борасидаги ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш муҳимлиги қайд этилди.

Президентимиз Чехия Республикаси Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги анъанавий ва муҳим ҳамкори эканини таъкидлади. Ўтган йили ҳукумат делегацияларининг ўзаро ташрифлари икки томонлама алоқаларимизни янги босқичга кўтарди.

Биргина ўтган йилнинг ўзида ўзаро савдо икки баробарга кўпайгани ҳамкорлик борасида катта имкониятлар мавжудлигини яққол тасдиқлайди. Ўзбекистонда Чехиянинг етакчи компаниялари саноат, инфратузилма, тиббиёт, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида муваффақиятли фаолият юритмоқда. “Тошкент-Прага” авиақатновлари йўлга қўйилмоқда.

Келишилган инвестиция лойиҳаларини тўлиқ амалга ошириш ва саноат кооперацияси бўйича дастурни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди. Чехия Экспорт банки ҳамда Экспортни кафолатлаш ва суғурталаш корпорациясининг мамлакатимиз банк-молия бозорига кириш режалари юқори баҳоланди.

Президентимиз Ўмон Султонлиги Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ минтақасидаги муҳим ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади. Муқаддас ислом дини, ўхшаш урф-одат ва қадриятлар ҳамкорлигимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.

– Тошкентда Султон Ҳайсам Ол Саид иштирокида очилган Шарқшунослик институтининг муҳташам кутубхонаси давлатларимиз ўртасида ўзига хос дўстлик рамзи бўлиб келмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.

Икки мамлакат ҳамкорлигида ҳали ишга солинмаган жуда катта салоҳият бор. Тез орада Ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилишини ўтказиш, Ишбилармонлар кенгашини тузиш зарурлиги қайд этилди.

Қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, телекоммуникация, тўқимачилик саноати, туризм каби соҳалар ҳамкорлик учун истиқболлидир. Ўзбекистон-Ўмон инвестиция компанияси имкониятларидан унумли фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти Жазоир араб-мусулмон дунёсида жадал суръатда тараққий этаётгани, катта иқтисодий салоҳиятга эга мамлакат, Африка қитъасидаги истиқболли шеригимиз эканини таъкидлади. Жазоир араб давлатлари орасида биринчи бўлиб Тошкентда ўз элчихонасини очган.

Олий даражадаги учрашувларни ташкил этиш, сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини жорий этиш, Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказиш зарурлиги, бу икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлаши таъкидланди.

Нефть-газ, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида аниқ инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун делегацияларнинг ўзаро ташрифларини уюштириш зарурлиги қайд этилди.

Маросим якунида Президентимиз элчиларга шарафли фаолиятида катта муваффақиятлар тилаб, мамлакатимиз ҳудудларига бориш, юртимизда бўлаётган бунёдкорлик ишлари билан танишишга чақирди. Бу, ҳеч шубҳасиз, ҳамкорлик мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидлади.

Дипломатлар самимий қабул, самарали фаолиятига яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга бор саъй-ҳаракатларини қаратишларини таъкидладилар.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+