platina.uz

Президент қарори билан Хусусийлаштириш дастури тасдиқланди

"Ўзавтосаноат" таркибидаги 38 та корхона, "Ўзбекистон темир йўллари" тасарруфидаги кўмир конлари,  "Янги замон бино" МЧЖдаги улуши, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг цемент заводлари, Silk Avia компанияси, жами 247 компаниядаги давлат улуши сотилади. 

Иқтисод
26 апрель, 16:00
Президент қарори билан Хусусийлаштириш дастури тасдиқланди

“Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-162-сон, 19.04.2024 й) қабул қилинди. Унга кўра, янги Хусусийлаштириш дастури тасдиқланди.

Унга кўра, "Ўзавтосаноат" таркибидаги 38 та корхона, "Ўзбекистон темир йўллари" тасарруфидаги кўмир конлари, "Янги замон бино" МЧЖдаги улуши, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг цемент заводлари, Silk Avia компанияси ва бошқа юзлаб компаниялардаги (жами 247 та) давлат улушлари сотилади. Қарорга илова қилинган рўйхатда оммавий савдога чиқариладиган акция пакетлари келтириб ўтилган.

Қарорда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик жамиятлари (давлат иштирокидаги корхоналар) биринчи раҳбарларининг асосий вазифаларидан бири этиб ўз соҳасида хусусий сектор улушини муттасил ошириб бориш, рақобат муҳити шаклланган соҳалардаги, шунингдек, уларнинг фаолиятига хос бўлмаган, самарасиз фойдаланилаётган ва бўш турган активларини хусусийлаштириш (сотиш) белгиланди.

Шунингдек, қуйидагилар тасдиқланди:

Оммавий савдоларга чиқариладиган акция пакетлари (улушлари) рўйхати;

Оммавий савдоларга чиқариладиган давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарнинг кўчмас мулк объектлари рўйхати;

Маҳаллий фонд бозорида акцияларининг бирламчи (IPO) ёки иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказиладиган корхоналар рўйхати.

Давлат иштирокидаги корхоналар акцияларининг оммавий таклифини ўтказиш жараёнида:

- қабул қилинган буюртмалар асосида акцияларни уюшган савдоларда сотишда олди-сотди битимлари инвестиция воситачилари томонидан қатъий равишда “Тошкент” РФБ савдо майдончасида рўйхатдан ўтказилади;

- маҳаллий инвесторларнинг буюртмаларини қабул қилиш “Тошкент” РФБ савдо майдончасида амалда бўлган усулларга қўшимча равишда, “E-AUKSION” электрон савдо платформаси, шу жумладан унинг мобиль иловасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

“E-AUKSION” орқали сотилган давлат активлари бўйича имтиёзлар берилади. Жумладан, аукционга чиқарилган ер участкалари уч ойдан ошиф сотилмай қолса (Тошкент ва вилояти марказлари бундан мустасно) бошланғич нархи 30 фоизгача, олти ойгача сотилмаганда босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтирилади.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, мувофиқлаштириш бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юкланган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+