PayPal “мафияси”: миллиардерлар бешиги

Улар ўз лойиҳалари билан инсониятни ҳайратга солишда, инсоният тараққиётини тезлаштиришга ўрнак бўлишмоқда. Ва дунёни яна бир неча марта ўзгартиришга вақтлари бўлади.

Мақола
23 апрель, 20:05
PayPal “мафияси”: миллиардерлар бешиги

Бугунги кунда капиталлашуви ва даромадлари миллиардлаб доллар билан ўлчанадиган, кундалик ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олган кўпчилик интернет платформаларининг асосчилари бир пайтлар битта офисда, ўртача маошга ишлаган. Мустақил ҳаётга қадам қўйишгач, ўйлаб юрган турли қимматли ғояларини ҳаётга татбиқ этиб, машҳур ва бадавлат шахсларга айланишган.

Маълумот: PayPal (инглизча - “тўлашга ёрдам берувчи оғайни”) йирик дебет электрон тўлов тизими ҳисобланади. PayPal тўловлар ҳамда пул ўтказмаларини амалга оширишга ёрдам беради. 2002 йил октябрдан бошлаб eBay компаниясининг бир бўлимига айланган. (Ўзбекистонда унинг Click ёки Paynet каби аналогларидан фойдаланилади).

PayPal электрон тўлов тизими ана шундай бўлажак миллиардерлар ва инноваторлар учун бешик вазифасини ўтаган. Илон Маск, Питер Тил ва уларнинг ўнлаб дўстлари технологик стартаплар йўналишида инқилоб ясаб, замонавий Силикон водийсининг қиёфасини яратишган.

Тарихнинг бошланиши

PayPal ҳикояси идеал стартапнинг амалий намунасидир. Компания ташкил этилганидан буён муттасил ўсиб борди, капиталлашуви 1 миллиард долларга етди ва корпорация сотилгандан кейин унинг яратувчиларига катта даромад келтирди. Кейин таъсисчилар олган пулларини инвестиция қилишди ва янги лойиҳаларга тикишди, уларнинг баъзилари йирик компанияларга айланди.

PayPal жамоасидаги одамлар "PayPal мафияси" деб аталади. Унинг "дон"и – компаниянинг собиқ бош директори Питер Тил унинг аъзолари сонини 220 киши деб ҳисоблаган. Улар яратган айрим компаниялар ҳақида кўпчилик эшитган ёки ундан фойдаланади. Масалан, Tesla ёки SpaceХ (чунки Илон Маск "мафиоз"лардан бири ҳисобланади). Ёки "мафия" нинг учта аъзоси томонидан асос солинган дунёдаги энг йирик LinkedIn ёки Youtube ижтимоий тармоқларини мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Силикон водийсида инқилоб ясаган ёшлар

PayPal тарихи Питер Тил ва Стенфорд талабаси Макс Левчиннинг танишувидан бошланди. Улар хавфсиз Интернет тўловлари тушунчасини ҳаётга татбиқ этиш ғоясини ўйлаб юришарди. Икки дўст Confinity компаниясига асос солишди. Бу мижозлар учун электрон почта орқали пул жўнатиш ва электрон аукционлар, хусусан, eBay билан уйғунликда ишлаш имконини яратди.

Кўп ўтмай, Confinity Илон Маскга тегишли Х.cом молиявий компанияси билан бирлашди – ҳосила компания PayPal номини олди.

Тил ва Левчиннинг ғояси дўстликка асосланган компания қуриш эди. Шунинг учун улар ўз дўстларини ва дўстлашиш мумкин деб ҳисоблаган одамларини ишга ёллашди. Тез орада PayPal’да Стенфорд университетини тугатган талабалар – Кейт Рабуа, Дэвид О.Сакс, Рид Хоффман ва Кен Хауэри пайдо бўлди. Бундай мунозарали ёндашув туфайли PayPal натижаларга бирдек содиқ бўлган ҳамфикрлар жамоасини тўплади. Мунозарали дейишимизнинг боиси шундаки, бизнес лойиҳага дўстлар ёки қариндошларни жалб этиш аксарият ҳолларда салбий натижа берган.

PayPal’нинг олти нафар таъсисчиси.

Бўлажак "мафия" аъзолари жуда кўп муаммоларга самарали ва тўғри ечим топа олишди. Масалан, аввал бошда мижозлар одатий Visa ва MasterCard’ни афзал кўриб, янги ташкил этилган PayPal платформасидан фойдаланишни унчалик хоҳламадилар. Компания бу муаммони шундай ҳал қилди: улар PayPal фойдаланувчиларига тизимда ҳисоби бўлмаганларга ҳам пул жўнатиш имкониятини яратди. Шу пайтгача бўлган тартибга кўра, пул ўтказмасини олиш учун мижоз рўйхатдан ўтиши керак эди. Бундай янги қулайлик PayPal мижозларининг сони тез ўсишига олиб келди.

PayPal’даги корпоратив маданият ҳам ўз давридагидан фарқланар эди. Компания ташқаридан менежерлар ёлламади, балки меритократия (муносиблар ҳокимияти) тамойилига амал қилган ҳолда ўз ходимларини бир поғона юқорига кўтариб боришни афзал кўрди. Муайян бўлимнинг раҳбарлигига бўлимдаги ходимларнинг энг яхшиси деб ҳисобланган шахслар тайинлана бошлади.

Кейинчалик Дэвид Сакс янги тизимнинг тарихий аҳамиятини таъкидлаб, "PayPal замонавий Силикон водийси стартаплари учун намуна бўлди", деган эди.

TechRepublic нашри, шунингдек, Кейт Рабуанинг қуйидаги сўзларидан иқтибос келтирган эди: “Биз бир гуруҳ омадсизлар эдик. Мафкура жиҳатидан ҳам, маданият жиҳатидан ҳам Силикон водийсининг моҳиятидан жуда узоқ эдик. Энг қизиғи, водийдагилар тез орада биз билан ҳисоблаша бошлади”.

Жамоа PayPal’нинг IPO’га чиққанини нишонламоқда. Ўнгда – “мафия отахони” Питер Тил жамоа билан шахмат ўйнаяпти. Ўртада – Дэвид Сакс, фақат у Питерни шахматда енга олган.

Янги “хўжайин” – янги сиёсат

Бизнес юритишнинг оригинал услуби ўзини юз фоиз оқлади. 2001 йил охирида PayPal биринчи бор IPO’га чиқди – ўз акцияларини фонд биржасига жойлаштирди. (IPO – инглизча Initial Public Offering – “дастлабки оммавий таклиф”.)

Атиги бир кун ичида PayPal акциялари қиймати 54 фоизга ошди. 2002 йилнинг ёзида eBay ва PayPal ўртасида эҳтимолий қўшилиш бўйича музокаралар борасида миш-мишлар пайдо бўлди. Июл ойида компания келишувга рози бўлди ва октябр ойида бу ҳақда расман эълон қилинди – бу PayPal жамоаси учун хотиманинг бошланиши эди.

PayPal эркинлик ва мослашувчанликни ўз шиорига айлантирган бўлса, eBay – бамисли бюрократлашган қўпол йиртқич ҳайвон эди: корпоратив маданияти ер ва осмондек фарқ қилувчи икки компаниянинг уйғунликда ишлай олмаслиги аниқ эди.

PayPal’нинг ёш ва эрксевар жамоаси учун ишдан кетишдан бошқа йўл қолмаганди. Қайғули бўлса-да, бир ҳолатни ҳамма тушуниб турганди – eBay жамоа яратган маҳсулотга муҳтож эди, жамоага эмас!

Дастлабки миллиард доллар

PayPal компаниясининг сотилиши унинг "мафия" жамоасига 1,5 миллиард доллар олиб келди – бу ҳамма ишни қайтадан, аммо алоҳида-алоҳида бошлаш учун етарли пул эди. Жамоанинг кўпчилиги яхши муносабатлар ва дўстликни сақлаб қолишди. Уларга катта фойда келтирган янги лойиҳаларда бир-бирларини самимий қўллаб-қувватлашди.

Жамоанинг “оқсоқол”ларидан бири Сакс дастлаб Ҳолливудда продюсер бўлиб ишлади, кейин 2008 йилда Марк Вулвей билан ҳамкорликда Yammer корпоратив тармоғини яратишди. (Уни 2012 йилда Microsoft сотиб олди)

"Мафия"нинг яна уч нафар аъзоси – Чад Херли (PayPal’нинг илк логотипи дизайнери), Жавед Карим (PayPal’нинг фирибгарликка қарши тизимини ишлаб чиққан муҳандис) ва Стив Чен 2005 йилда Youtube видеохостингига асос солишди. 2006 йил ноябр ойида у Google томонидан 1,65 миллиард долларга сотиб олинди.

Youtube’га илк видеони унинг таъсисчиларидан бири Жавед Карим илк марта тест тариқасида юклаган. Видео Сан-Диего ҳайвонот боғида олинган. Жавед “Ҳозир филлар олдида турибман, уларнинг қизиқ жиҳати – жуда узун хартумлари бор. Бўлди, бошқа гапирадиган гапим йўқ”, деган холос. Аслида танишув видеосайти сифатида очилган Youtube мана шу видеодан кейин турли кўнгилочар видеолар хостингига айланди.

Учовлон PayPal’нинг eBay’га сотилишидан аламларини нарх белгилаш асносида намоён қилишди: PayPal 1,5 миллиардга сотилган бўлса, Youtube’ни шу маблағ устига 10 фоиз қўшиб, 1,65 миллиард долларга сотишни танлашди.

Муҳандис Жереми Степпелман машҳур Yelp онлайн фикр ва шарҳлар сайтига асос солди. Кен Хауэри барча соҳа мутахассислари билан юзма-юз боғланиш имконини берувчи Popexpert онлайн ўқув платформасини яратди. Ижрочи вице-президент Рид Хоффман эса машҳур LinkedIn’ни яратди.

Питер Тил Palantir лойиҳасини ташкил этиб, унга бир неча собиқ PayPal ходимларини ёллади. Дастурий таъминот ишлаб чиқаришга ихтисослашган Palantir капиталлашуви бўйича дунёдаги энг қиммат стартаплардан бирига айланди. PayPal таъсисчиларидан бири Илон Маск кейин қандай лойиҳаларга қўл урганини эслатиб ўтириш шарт эмас, назаримизда.

Мазкур инновацион лойиҳаларни нафақат асосчилари, балки ривожланиш сттратегиясини PayPal’даги тажрибасидан олингани бирлаштириб туради.

Дунёдаги энг яхши венчур инвесторлари

“PayPal мафияси” аъзоларининг баъзилари технология саноатида муваффақиятли сармоядор бўлишди ва ҳатто ўз жамағармаларини ташкил этишди. Улар инновацион ва самарали ғояларни ишлаб чиққан, аммо амалга татбиқ этиш учун маблағга муҳтож инсонларга ёрдам бера бошлашди. Бундай венчур инвестиция жамғармаларидан энг машҳури – PayPal’нинг собиқ асосчилари – Питер Тил, Кен Хауэри ва Люк Нозек томонидан таъсис этилган Founders Fund (Таъсисчилар фонди) венчур фондидир.

Ушбу жамғарма Facebook, SpaceX, Spotify, Palantir Technologies ва Airbnb каби ўта самарали стартапларга муваффақиятли сармоя киритди. Питер Тил 2004 йилда Facebook’нинг 10,2% улушини 500 минг долларга сотиб олиб, ушбу машҳур ижтимоий тармоқнинг биринчи ташқи инвестори бўлишди. Питер Тилни Facebook асосчиси Марк Цукерберг билан Хоффман таништирган бўлиб, у ҳам мазкур ижтимоий тармоққа сармоя киритган.

“Мафия” аъзолари ва уларнинг лойиҳалари.

Бошқа жамоа аъзолари ҳам “мафия”ни уялтириб қўйишмади: масалан, Дэйв Макклюр венчур фонди ва стартап акселератор – 500 STARTUPS’ни яратди. Хоффман муваффақиятли “бизнес фариштасига” айланди: у Facebook, Uber, SpaceX, Palantir Technologies ва Airbnb каби лойиҳаларга сармоя киритди. Хоффман 2010 йилдан бошлаб Greylock Partners жамғармасига қўшилди ва ҳали “уруғ” даражасида бўлган стартап лойиҳаларни молиялаштира бошлади.

Рулоф Бота эса Силикон водийсидаги энг йирик фондлардан бири Sequoia Capital ҳамкорига айланди ва 2020 йилда Forbes талқинига кўра, дунёдаги энг муваффақиятли венчур сармоядорлар учлигидан бири, деб топилди.

"Мафия" муваффақият қозонишига қисман “Дот-ком пуфагининг ёрилиши” ёрдам берди. Ундан кейин, 2000 йилларнинг биринчи ярмида, одамларда кўпчилик технологик стартапларга ишончи йўқолди. Бироқ майдон очиқ эди, бозорда асосан “чалажон” ёки банкрот бўлган интернет компаниялар қолган эди. Чунки ўша даврдаги тадбиркорлар инвесторлар нуқтаи назаридан унчалик кўп танловга эга эмас эди. Мана шу омиллар PayPal “мафияси”га йўл очиб берди. PayPal йигитлари компанияни сотишдан тушган 1,5 миллиард доллардан самарали фойдаланиб, истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашдан чўчишмади.

"PayPal мафияси"  - ёшлар учун ибрат

Аслида, "PayPal мафияси" атамаси 2007 йилга келибгина машҳур бўлган. Fortune журнали PayPal’дан кетиб, катта муваффақиятга эришган ёшлар ҳақида чоп этган мақоласини шундай деб атаган эди. Сарлавҳадаги иллюстратив суратда "PayPal мафияси"нинг 13 нафар аъзоси худди мафиози гангстерлардек кийинган ҳолатда суратга тушган:

“PayPal мафияси” аъзолари. 2007 йил.

Бугунги кунда ҳам “PayPal мафияси” Силикон водийсидаги энг нуфузли норасмий ҳамжамият бўлиб қолмоқда. Унинг аъзолари ўз лойиҳаларини бошлашда ва бошқаларнинг ғояларини ривожлантиришга ёрдам беришда давом этишяпти. Ўз лойиҳалари билан инсониятни ҳайратга солишда, инсоният тараққиётини тезлаштиришга ўрнак бўлишмоқда. Ва улар, эҳтимол, дунёни яна бир неча марта ўзгартиришга вақтлари бўлади.

Собиқ жамоа вакиллари нафақат амалиётда балки, назарий билимларини бошқалар билан баҳам кўришда ҳам пешқадам. Уларнинг деярли ҳар бири китоблар ёзишган. Масалан, “мафия отахони” Питер Тил ўз тажрибаси ва билимларини “Нолдан биргача” номли китобида батафсил баён қилган.

"PayPal мафияси"нинг тарихи ҳозирги ёшлар учун ўрнак бўла олади. Фақат қора иш, фақат мусофирликда юриб, хўрликда, ватан ҳамда оила соғинчидан қийналиб оғир меҳнат қилиш ўрнига билимга, айниқса ахборот технологиялари йўналишига эътибор бериш кераклигини, мақсадларни замонга мослаштириш кераклигини кўрсатувчи ибратдир. Зеро, халқимиз айтганидек – билаги зўр бирни, билими бор мингни йиқади. Ақлий меҳнат ҳар доим жисмоний меҳнатдан кўра осонроқ ва даромадлироқ бўлиб келган...

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+