“Дотком” пуфагининг ёрилиши

Инвесторлар яна интернет компанияларга сармоя киритиб, жиддий даромадлар олишни режалаштирмоқда. Лекин энди улар анча эҳтиёткор – 2000 йилдаги даҳшатли инқироз алами сабоқ бўлган.

Таҳлил
20 апрель, 21:11
“Дотком” пуфагининг ёрилиши

Бундан салкам чорак аср - роса 24 йил аввал “Дотком” иқтисодий пуфаги ёрилган эди. Мазкур деструктив жараён нафақат инвесторларга молиявий зарар келтирди, балки оқибатда “дотком”лар фаолиятининг бир қадар мувозанатлашувига ҳамда тартибга солинишига сабаб бўлди.

Ҳаммаси “нуқта ком” дан бошланган эди

Ўтган асрнинг 60-йилларида старт олиб, 80-йиллар охирида қиёмига етган WorldWideWeb (WWW – Бутунжаҳон (ўргимчак) тўри) яъни Интернет тармоғи 1991 йилдан бошлаб АҚШда, сўнг дунёнинг бошқа давлатларида кенг оммалаша бошлади, мисли кўрилмаган технологик ва информацион инқилоб ясади. Телеграф, телефон, почта, чипта кассалари, банк ва бошқа одатий ва секин ишловчи хизматлар онлайн платформага кўчди, жуда катта суръат билан ривожлана бошлади. Бизнес юритиш ва даромад топиш осонлашди. Дунёнинг турли чеккаларида яшовчи инсонлар бемалол ва бир зумда ўзаро мулоқот ва олди-сотди қила бошлади. 1994 йилдан бошлаб махсус веб-сайтлар кўпайиб, улар нафақат ахборот манбаи, балки турли хизматларни рақамли усулда тақдим этувчи онлайн воситага ҳам айланди. Интернет стартаплар (StartUp – янги бошланган бизнес) кўпайди. Аввалдан мавжуд компаниялар ҳам Интернетга юзланди.

Бизнес-модели батамом интернетда ишлашга мўлжалланган компанияларни норасмий равишда “Дотком” номи билан аташган. Чунки бу каби аксарият компанияларнинг номи ва вебсайти “нуқта com (коммерция) – яъни dotcom билан тугарди. (Масалан, ҳозирги топ-миллиардерлардан бири Жефф Безос 1994 йилда ташкил этган amazon.com интернет-дўкони) Уларнинг кўпчилиги инвестиция жалб этиш мақсадида биржаларга ўз акцияларини чиқаришди. Бундай тадбиркорлик субъектларини, шунингдек, жарангдор ном билан “юқори технологияли компаниялар” деб ҳам аташарди.

“Дотком” васвасаси

“Дотком”ларнинг акциялари ва нархи уларнинг асл бозор қиймати ва даромад келтириш коэффициэнтига номутаносиб (сунъий) равишда ошиб кета бошлади. XIX асрда АҚШда рўй берган “олтин васваси” энди “дотком”лар васвасасига айланди. Одамлар “дотком”ларга жуда осон бойиш манбаи сифатида қарай бошлади. Чунки кечагина бир гуруҳ дастурчи ёки хаёлпараст, аммо билимли ёшлар томонидан гаражда иш бошлаган стартаплар бозорда янги ёки ягоналиги боис, дарров миллионлаб долларлик инвестицияларни жалб этар, уларнинг кечагина 10 долларга сотилган акциялари 10 ой ўтмасдан бир неча юз фоизга қимматлаб кетар эди. Биржаларда бундай акцияларнинг бозори чаққонлашди. Биржа брокерлари ҳам баттар “оловга мой сепар”, турли миш-миш, шов-шувли ҳамда буюртма мақолалар, хуфёна тил бириктирув ҳамда ғирром биржа ўйинлари ёрдамида акцияларнинг нархини баттар кўтаришга ҳисса қўшар эди. Натижада спекуляция бошланди, молиявий пирамида аломатлари юзага чиқди.

Сунъий шиширилган “пуфак”

1995 йилдан ўзига хос иқтисодий-молиявий “пуфак” (инглизча Dot-com bubble) шишиб келаётган эди. Яъни тикилган сармоя ва мантиқсиз нархи оширилган қийматларнинг орқаси пуч эди.

Ҳаммага маълум, янги бошланган бизнес ҳар доим ҳам ривожланиб кетмайди. Ҳар қандай бизнесда таваккалчиликнинг ўз чегараси бор. Бир пайтлар катта амбициялар билан бошланган айрим интернет лойиҳалар бир кунда синиб ёки мақсадларини оқламагани боис даромаддан қолиб, инқирозга учрар эди. Уларнинг акциядорлари эса пулига куйиб қоларди. Фақатгина йирик миллионер ва миллиардерлар бу васвасадан фойда кўришди. Чунки улар камида 10-20 та стартап “дотком”ларга пул тикишар, 9 таси синиб, 1 таси қолса ҳам, ўшанинг даромади барча камомадни қоплаб, яна миллионлаб доллар устама даромад келтирарди.

Албатта, интернет-компаниялар ва уларнинг истиқболини ҳаддан зиёд ортиқча баҳолаш, компания нархини инвесторларга сунъий оширилган тарзда кўрсатиш авж олди. Бундай жараёнлар молиявий регуляторларнинг диққатини жалб этмай қолмади.

Бироқ “Дотком”лар чиқарган қимматли қоғозлар нархининг номутаносиб равишда баландлаб кетаётгани, бу компания нархларининг “шишиб” бораётганини турли молиявий шарҳловчи ва иқтисодчилар “оқлаб” чиқишди. Улар “янги иқтисодиёт” асри бошланганини даъво қилишди. Аслида эса янги бизнес-моделларнинг кўпчилиги самарасиз эди. Натижада асосан рекламага катта маблағлар сарфланиши ва улкан кредитлар олиш уларни банкротлик ёқасига элтиб, NASDAQ индексининг кескин пасайишига ва ҳатто интернет-сайт учун зарур сервер компютерлари нархи тушиб кетишига олиб келди.

“Пуфак” ёрилган кун

Ниҳоят 2000 йил 10 март куни инвестор ва акциядорлар учун даҳшатли ҳодиса юз берди: NASDAQ биржасининг индекси кун давомидаги савдолар жараёнида (кундузги чўққи даврида) 5132,52 пунктга кўтарилди ва биржа ёпилиши олдидан 1,5 баравар (150%) пастга тушиб кетди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, биржа индекси ёки фонд индекси – қимматли қоғозлар бозоридаги аҳволни кўрсатувчи индикатор ҳисобланади. У маълум бир танлаб олинган акция ёки облигацияларнинг нархи асосида ҳисоблаб чиқилади. Биржа индекси қимматли қоғозлар бозорининг умумий вазияти, у иқтисодий циклнинг қайси палласида турганини аниқлашга ёрдам беради.

Биржадаги инқироз аввало инвесторларда ваҳима уйғотди. Ҳамма қўлидаги “дотком” акцияларидан сотиб қутулишни ўйлай бошлади. Бу эса, “Кулхоним” эртагида айтилганидек, чиройли араванинг яна қовоққа, гўзал кўйлакнинг эса жулдурвоқи жомага айланиб қолишига олиб келди.

Биржа индексларининг тушиши натижасида аксарият дотком компаниялар “ёрилиб кетди” – юзлаб интернет-компаниялар банкрот бўлди, тугатилди ёки арзон-гаровга сотиб юборилди. Бир неча компания раҳбарлари фирибгарлик ва акциядорлар пулини ноқонуний сарфлаб юбориш айби билан жазога тортилди. Зеро, аксарият шов-шув қилинган бизнес-моделлар интернет компания орқали тижорат қилишга мўлжалланган бўлиб, аслида улар мақтанишганидек самарали эмасди. Уларнинг маблағлари асосан, маркетинг-тарғибот тадбирлари, телевидение ҳамда босма нашрлар орқали ўзини реклама қилишга сарфланган.

Дотком инқирозининг оқибатлари

Биржада “пуфак ёрилгани”дан кейин "дотком" сўзи бирор хом, охиригача яхши ўйлаб чиқилмаган ёки самарасиз бизнес концепцияларини англатувчи салбий сўзга айланди.

Дотком ҳалокати Интернет орқали хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ юқори технологияли фирмаларнинг қимматли қоғозларига бўлган ишонч йўқолишига олиб келди. “Постиндустриал давр”, “янги технологик инқилоб”га умидларнинг аксарияти ўзини оқламади. Талаб ҳаддан зиёд катта бўлиши башорат қилинган ва ортиқча баҳоланган хизматларнинг бутун бир сектори йўқолиб кетди.

Aлоқа соҳасидаги айрим компаниялар ҳам бу молиявий юкни кўтара олмади ва ўзларини банкрот деб эълон қилишга мажбур бўлди. Энг йирик ўйинчилардан бири WоrldCом’нинг ўз даромадларини ошириш мақсадида ноқонуний молиявий операцияларни амалга оширгани фош этилди. Бу маълумот кенг оммага аён бўлгач, WоrldCом’нинг бозор қиймати тушиб кетди ва бу AҚШ тарихидаги учинчи йирик банкротликка сабаб бўлди. Бошқа мисоллар орасида NorthPoint Communications, Global Crossing, JDSU, XO Communications ва Covad Communications каби бизнес-моделлар бор эди.

Nortel, Cisco ва Corning каби компаниялар ноқулай аҳволга тушиб қолишди. Чунки тузилиши ваъда қилинган бўлса-да, тузилмаган инфратузилмага таянгани боис, Corning акцияларининг нархи сезиларли даражада пасайди.

Аксарият доткомларнинг маблағлари тугади ва улар сотиб олинди ёки тугатилди; уларнинг веб-сайт домен номлари рақобатчилари ёки инвесторлар томонидан сув текинга сотиб олинди. Aйрим компаниялар ва уларнинг директорлик кенгашлари инвесторларнинг маблағларини нотўғри ишлатиш ва фирибгарликда айбланди. AҚШнинг Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси йирик инвестор фирмаларини (масалан, Citigroup ва Merrill Lynch) инвесторларни чалғитгани учун миллионлаб доллар миқдоридаги жаримага тортди. Реклама ва логистика каби кўплаб тармоқлар улар тақдим этадиган хизматларга талабнинг кескин пасайиши оқибатида (чунки доткомлар рекламага катта пул сарфлашар эди) ўз фаолият кўламини қисқартиришга мажбур бўлди.

Amazon.com ёки eBay (1995 йилда пайдо бўлган) каби кўплаб йирик дот-компаниялар омон қолди ва концептуал метинлигини намойиш қилди. Бошқа айрим компаниялар, масалан, 1998 йилда ташкил этилган Google ўз фаолият соҳасида пешқадам корпорацияларга айланди.

“Омади йўқ эдию, омадсизлиги иш берди..”

2000-2002 йиллар давомида фонд бозори индексининг муттасил пасайиб бориши натижасида 2000 йилнинг март ойидан 2002 йилнинг октябр ойигача бўлган даврда компаниялар бозор қийматининг 5 триллион AҚШ долларига пасайишига сабаб бўлди.

2001 йил 11 сентябрда содир этилган террорчилик хуружи (“Эгизак бинолар”нинг портлатилиши) эса пировардида биржа спекуляциясини бевосита назорат қилиш механизмларини жорий этиш орқали биржа савдоси суръатининг пасайишини секинлаштирди. Чунки АҚШ ҳукумати антитеррор чораларни қўлловчи “Ватанпарварлик акти” орқали пул оқимлари устидан назоратни кучайтириш (террорчиларга пул ўтказишларнинг олдини олиш ёки бундай ҳолатларни текшириш баҳонаси билан) ва инсон ҳуқуқларига “бироз” дахл қилиш учун халқ розилигини олганди гўё.

Айрим фикрларга кўра, 2004 йилга келиб, “дотком” компанияларининг 50 фоизи омон қолган. Аммо улар қандай шаклда ва қайси фаолият тури шарофати билан омон қолгани аниқланмаган. Фонд биржасидаги активларнинг йўқолиши компанияларнинг ёпилиши билан бевосита боғлиқ эмаслиги ҳақидаги даъволар ёлғон. Чунки мазкур компаниялар қимматли қоғозлар бўйича спекулятив операциялар ҳисобига бир мунча вақт яшаб турган. Гарчи ваъда қилган хизматлар деярли кўрсатилмаган ва инвесторлар кутган даромадлар олинмаган бўлса-да!

Инвесторларнинг ўзлари иқтисодий масалаларда нўноқликларини намойиш қилишлари эса барчани янги "постиндустриал" даврнинг пайдо бўлганига, реал (онлайн эмас, “ушлаб кўрса бўладиган”) ишлаб чиқариш ресурсларига талаб йўқолишига ишонтирувчи жамоатчилик фикри сабаб бўлган. Жамоатчилик фикри эса, табиийки, манфаатдор шахслар ва тузилмалар томонидан шакллантирилган.

“Дотком” пуфагининг ёрилиши АҚШ меҳнат бозорига ҳам катта салбий таъсир кўрсатди. Компаниялар ёпилиши натижасида ишдан бўшатилган кўплаб технологик мутахассислар, масалан, дастурчилар кўчада қолди. Бу соҳа бўйича меҳнат бозори ҳаддан зиёд тўйинди. AҚШда халқаро аутсорсинг (бошқа давлатлардаги арзон мутахассисларни онлайн ишлатиш) амалга татбиқ этилиши, шунингдек, АҚШнинг “H-1B” виза дастури асосида мамлакатга келган малакали хорижий мутахассислар сонининг кўпайиши вазиятни янада оғирлаштириб юборди. Авваллари абитуриентлар университетларнинг компютер-информацион технологиялар йўналишларига “ур-йиқит” билан ҳужжат топширишган бўлса, пуфак ёрилганидан кейин бу таълим йўналишларига талаб кескин пасайиб кетди. Айрим дастурчилар эса бухгалтер ёки ҳуқуқшунос бўлиш учун қайта ўқиб чиқишларига тўғри келди.

Истиқболда янги “интернет-бум” кутмоқда

2004 йилдан интернет компаниялар, хусусан, электрон тижорат янги даврга кирди. Ҳатто 1980-йиллардан бери омон қолиб, суяги қотган Microsoft корпорацияси раҳбари Билл Гейтс электрон тижоратни “янги бум” кутаётганини башорат қилди. Унинг фикрича, инвесторлар электрон бизнесга бажонидил пул тика бошлаган. Инвесторлар яна интернет компанияларга сармоя киритиб, жиддий даромадлар олишни режалаштирмоқда. Лекин энди улар анча эҳтиёткор – 2000 йилдаги инқироз алами сабоқ бўлган. Шу боис бугунги инвесторлар янги стартапларга эмас, кўпроқ турли инқирозлардан омон қолган ва оёққа туриб олган бизнес акулаларига эътибор қаратишмоқда. Бироқ Гейтснинг айтишича, бундай янги инвестицион “эйфория” янги портлашга элтиши мумкин. Аммо бу “мини-бум” бўлади ва унинг ёрилиши 2000 йилдагидек шов-шув кўтариб, жиддий йўқотишларга олиб келмайди. Зеро, ҳозирги йирик инвестицион компаниялар стратегияси ўзгарган – улар “дўппи ёрилса, бош ичида қолсин” тамойилига амал қилишади.

Бироқ айни пайтда бошқа бир интернет бизнес-модел – криптовалюталар “бум”ига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Уларнинг нархлари ёмғирдан кейин чиқадиган қўзиқорин каби тез шишиб бормоқда. Лекин АҚШ Федерал резерв тизимининг собиқ раҳбари Алан Гринспен 2013 йил 5 декабрда Bloomberg агентлигига берган интервюсида айтганидек, “криптовалюталар “бум”и ҳам молиявий “пуфак”, чунки улар ҳеч қандай реал қимматга эга эмас”.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+