Президент Туркманистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Икки мамлакат ўртасида саноат, энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўзаро ҳамкорлик давом этмоқда.

Сиёсат
15 апрель, 15:27
Президент Туркманистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди.

Суҳбат аввалида Рашид Мередов давлатимиз раҳбарига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва чуқурлашган стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ўсаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. “Шовот-Тошовуз” савдо зонаси ташкил этилмоқда. Саноат кооперацияси, энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик давом этмоқда.

Ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда. Жорий йилда Ўзбекистонда шоир Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилади.

Бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик доирасида кўп қиррали шерикликнинг янги кун тартибини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди, дейилади хабарда.

Аввалроқ Президент Тожикистонга бориши маълум бўлганди

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+