Президент Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабига борди

Мактаб 1-11-синфлардаги 105 нафар ўқувчига мўлжалланган. Бугунги кунда 91 нафар ўғил-қиз унда шуғулланмоқда, бу ерда иккита хорижий тил ҳам ўргатилади. 

Спорт
5 март, 19:10
Президент Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабига борди

Шавкат Мирзиёев бугун Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабига борди. 

Спорт гимнастикаси бўйича уч карра жаҳон чемпиони, жаҳон кубоги соҳиби Оксана Чусовитина саккизта Олимпиадада қатнашган ягона гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

Президентнинг 2022 йил 14 мартдаги Гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабини ташкил этиш тўғрисидаги қарори спортсевар ёшларга катта шароит яратди.

Давлатимиз раҳбари 5 март куни ушбу спорт мактабига ташриф буюриб, бу ердаги шароитларни ва машғулотларни кўздан кечирди.

Муассаса миллий терма жамоалар учун халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш, юқори малакали мураббий ва мутахассисларни жалб этиб, ўқув-машғулот жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил қилиш, мураббийлар ва гимнастикачилар маҳоратини мунтазам ошириб боришга йўналтирилган. Бунинг учун уч қаватли замонавий бинода барча шароит яратилган.

Биринчи қаватда асосий зал ва машғулотлар зали, тренажёр майдончаси, тиббиёт хонаси ва ошхона жойлашган. Тепа қаватлардан 165 ўринли ётоқхона, меҳмонхона, информатика ва маънавият хоналари ўрин олган. Мактаб Германиядан келтирилган спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминланган.

Гимнастика мактаби 1-11-синфлардаги 105 нафар ўқувчига мўлжалланган. Бугунги кунда 91 нафар ўғил-қиз маҳоратини оширмоқда. Уларга иккита хорижий тил ҳам ўргатилади. Ёш гимнастлар умумий таълим дарсларини туташ ҳудудда жойлашган 175-мактабда ўқийди.

Чусовитина издошлари ўтган йили спорт гимнастикаси ва бадиий гимнастика бўйича халқаро мусобақаларда 4 та, республика турнирларида 6 та ва спорт мактаблари ўртасида 24 та медални қўлга киритган.

Муҳими шундаки, гимнастикачи ёшлар бир жойнинг ўзида яшаб, таълим олиб, машғулотлар ўтказади. Умуман олганда, бу спорт мактаби гимнастикачилар учун республикада ягона ўқув-машғулот базасига айланади.

Шу ерда спорт соҳаси мутасаддилари ҳамда видеоалоқа орқали ҳудудлар раҳбарлари иштирокида мулоқот бўлди.

– Нима учун биз бу йўналишга катта эътибор бериб, мактаблар яратаяпмиз? Гимнастика – ҳамма спорт турларининг асоси. Футболчи ҳам, боксчи ҳам, соғлом бўламан деган инсон ҳам гимнастика қилиши керак. Иқтисодиётни ривожлантириш, ёшларга таълим бериш билан бирга уларни спорт билан шуғуллантиролсак, юртимизда соғлом зурриёд, соғлом миллат бўлади, – деди Президент.   

Шу мақсадда гимнастикани болалар боғчаларидан кенг жорий қилиш, қобилиятли спортчиларни саралашни шу босқичдан бошлаш, ҳар бир ҳудудда иккитадан гимнастика мактаби ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Жорий йил Францияда бўладиган Олимпия ўйинларида қатнашадиган спортчи ва уларнинг мураббийларига алоҳида шароит яратиш, муносиб тайёргарлик кўришини таъминлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+