ДХХ прокурор ўринбосари ва собиқ терговчини ушлади
Тезкор тадбирларда Асака тумани қишлоқ хўжалиги ва Кадастрлар агентлиги бўлими бошлиғи ҳам қўлга олинган.
ДХХ Асака туманида мансабдор шахслар билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди ва қатор мансабдорларни қўлга олди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Асака тумани Ички ишлар бўлими тергов бўлинмасининг собиқ ходими Асака тумани прокурори ўринбосари орқали, мазкур туман прокуратураси иш юритувида бўлган жиноят иши доирасида, қурилиш фирмаси раҳбарига нисбатан қўлланилган “қамоқ” эҳтиёт чорасини ўзгартириб, тергов ҳаракатлари давомида аниқланган зарар суммасини қайта назорат-ўлчов тадбирлари ўтказиш орқали камайтириб бериш эвазига, айбланувчининг яқинларидан 15 минг АҚШ доллари олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан тўпланган материаллар асосида собиқ терговчига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида туман прокурори ўринбосари ҳам ушбу жиноят ишига айбланувчи тариқасида жалб қилинди.
Ҳозирда уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бошқа ҳолатда эса Асака тумани ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари топшириғига асосан, унга тегишли чорвачиликка ихтисослашган масъулияти чекланган жамиятга узоқ муддатга ижарага берилган ер майдонининг 50 сотих қисмини сотиш ҳамда туман кадастр бўлими орқали ушбу ер майдонининг тоифасини нотурар жойга ўзгартириб, ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига харидордан 40 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, туман ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи олдиндан 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу пул маблағидан 5 минг АҚШ долларини олган вақтида Кадастр агентлигининг Асака туман бўлими бошлиғи ҳам ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда Асака туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, туман ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи ва Кадастр агентлигининг Асака туман бўлими бошлиғига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввал Гулистон туманининг собиқ ҳокими ҳам ДХХ томонидан қўлга олинганди. У 300 минг долларга ер сотилиши иши доирасида ушланган.