Президент заргарлик корхонасига борди

 Янги Наманган туманидаги “Гавҳар груп” корхонаси йилига 1 минг 200 килограмм заргарлик буюмларини саноат усулида ишлаб чиқариш қувватига эга.  

Иқтисод
25 март, 13:10
Президент заргарлик корхонасига борди

Президент Шавкат Мирзиёев 25 март куни Наманган вилоятига ташриф буюрди.  Давлат раҳбари дастлаб Янги Наманган туманидаги “Гавҳар груп” корхонасини бориб кўрди. У йилига 1 минг 200 килограмм заргарлик буюмларини саноат усулида ишлаб чиқариш қувватига эга.

Етарли шароит бўлмагани, хомашё сотиб олишдаги қийинчиликлар сабабли кўп заргарлар фаолиятини тўхтатган эди. 

Президентнинг 2019 йил 18 майдаги “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа вакилларига кенг имкониятлар очди. Хусусан, заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга кон-металлургия комбинатлари ва аҳолидан қимматбаҳо металл парчалари, қимматбаҳо тошлар ва улардан ясалган буюмларни сотиб олиш ҳуқуқи берилди. Хориждан технология ва мутахассислар олиб келиш қўллаб-қувватланди.

Бундай эътибор ва имкониятлар заргар тадбиркорларга ишонч берди. “Гавҳар груп” масъулияти чекланган жамияти ҳам шу тариқа вужудга келди. Туркия, Италия, АҚШ ва Германиядан замонавий ускуналар келтирилиб, 2022 йилда ишга туширилди.

Бугунги кунда корхонада 10 минг хил дизайндаги заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Чет эллар билан ҳамкорликда қўл соатларининг тилла корпусини тайёрлаш йўлга қуйилган. 2023 йилда 270 килограмм маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Шунингдек, бу ерда 3D моделлаштириш орқали буюртма асосида исталган кўринишдаги буюмларни ишлаб чиқариш мумкин.

Олтинни Товар-хомашё биржасидан кечиктириб тўлаш шарти асосида сотиб олиш имконияти айланма маблағ ва ишлаб чиқариш узвийлигида муҳим омил бўлмоқда.

Яна бир муҳим томони, корхонада маҳаллий заргарлар билан кооперация йўлга қўйилган. Натижада яширин ишлаганлар “соя”дан чиқди, иш ўринлари кўпайди. Корхонада 100 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган. Шу ернинг ўзида ёшларга ҳунар ҳам ўргатилади.

Давлат раҳбари корхонада ишлаётган заргарлар билан суҳбатлашди.

- Мамлакатимизда йилига 100 тонна олтин қазиб олаяпмиз. Уни заргар тадбиркорларга бўлиб тўлаш шарти билан сотишга рухсат берилган. Очиғи, бундай имкониятлар ҳеч қайси давлатда йўқ. Лекин, юртимизда олтиннинг атиги 6 фоизи қайта ишланаяпти. Олтин қазиб олинмайдиган мамлакатлар биздан кўп экспорт қилаяпти. Бу соҳада бироз кечикдик. Шунинг учун ишлаб чиқаришга қўшимча шароитлар яратаяпмиз. Бу ҳали бошланиши. Соҳани ҳали яна ривожлантирамиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда туркиялик ишбилармонлар билан тажриба алмашиш, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари бўйича мулоқот бўлди.

Давлатимиз раҳбари шу ерда “Мехмаш” масъулияти чекланган жамияти маҳсулотларини ҳам кўздан кечирди.

Бу корхона йилига 20 минг тонна бурама мих ва 18 минг тонна рулонли қоғоз ишлаб чиқариш, 6 миллион долларлик экспорт қувватига эга. 700 киши иш билан таъминланган. 

Бозор талабидан келиб чиқиб, автомобиль саноатида қўлланадиган маҳкамлаш маҳсулотлари ҳажмини ва экспортини ошириш, иш ўринларини кўпайтириш режалари юзасидан кўрсатмалар берилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+