Зайниддин Низомхўжаев фахрий унвон билан тақдирланди
Президент Шавкат Мирзиёев унга унвон ва кўкрак нишонини топширди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланди.
Бунга сабаб сифатида унинг "давлат ҳокимияти вакиллик органлари ҳамда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, юртимизда миллий сайлов тизимини умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, демократик ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш борасидаги катта хизматлари, юксак салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни она ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссаси, шунингдек, таваллудининг 70 йиллиги" сабаб сифатида келтирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Зайниддин Низомхўжаевга ушбу унвон ва кўкрак нишонини топширди.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Зайниддин Низомхўжаев узоқ йиллар қатор масъул лавозимларда меҳнат қилган. У 2014 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланган.
Низомхўжаев 2021 йил февралида Мирзоулуғбек Абдусаломов ўрнига Марказий сайлов комиссияси раҳбарлигига сайланганди. У аввал Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари сифатида ишлаган.