Давлат қарзининг чекланган ҳажми оширилмоқда
Бюджетдан давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертлар миқдорлари ҳам ўзгартирилмоқда.
Ўзбекистон номидан ва кафолати асосида олинадиган давлат қарзининг чекланган ҳажми оширилмоқда.
“2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиришлар киритилди.
Унга кўра, қонунга айрим тоифадаги беморларга дори воситаларини бепул тақдим этиш, маданият ва санъатни ривожлантириш, Миллий футбол марказини ташкил этиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, инновацион саноат зоналарини барпо этиш, шунингдек инновацион ва юқори технологияли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш учун маблағлар ажратилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳажми, Ўзбекистон номидан ва кафолати асосида олинадиган давлат қарзининг чекланган ҳажми оширилмоқда.
Давлат бюджетидан давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертлар миқдорлари, ушбу жамғармаларнинг даромадлари ҳамда харажатлари ўзгартирилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда топшириқларига мувофиқ маблағларнинг бир қисмини мақбуллаштириш ва уларни қўшимча харажатларга йўналтириш назарда тутилмоқда.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 июл ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2,1 млрд долларга кўпайиб, 37 млрд доллардан ошган.