Ўзбекистонда энг кенг тарқалган касалликлар маълум бўлди
Уларни эрта аниқлаш ва профилактика қилиш мақсадида жами 34,8 млн нафар аҳоли (95,5 фоиз) тиббий хатловдан ўтказилиб, аниқланган 8,5 млн нафар (25 фоиз) бемор соғломлаштирилди.
6 турдаги оммавий ва селектив скрининг текширувлари жорий қилиниб, 106 минг нафар аҳолида қандли диабет, 194 минг нафарида юрак қон-томир касалликлари, 306 минг нафарида семизлик, 2400 нафарида саратон, 833 нафарида онкогематолик касалликлар эрта босқичда аниқланишига эришилди.
40 ва ундан катта ёшдаги 6,7 млн нафар аҳоли қандли диабет ва юрак қон-томир касалликларини эрта аниқлаш бўйича скринингдан ўтказилган.
Айниқса, кўкрак бези саратонини эрта босқичларда аниқлаш 28,5 фоизга, бачадон бўйни саратонини аниқлаш 10,5 фоизга ортиб, эрта босқичда аниқланганлар 75 фоизга етди.
Давлат тиббий суғуртаси жорий этилаётган ҳудудларда касалликларни амбулатор даволаш учун шифокор томонидан расмийлаштирилган электрон рецепт асосида дорихоналар томонидан дори воситаларини беморларга бепул бериш тизими (реимбурсация) жорий этилди.
Шунингдек, тез тиббий ёрдам шохобчалари 1766 тага, тез тиббий ёрдам бригадалари эса 2838 тага етказилди. Бу орқали тез ёрдамнинг кечикиш вақти шаҳарларда 20 бараваргача қисқаришига ҳамда тез тиббий ёрдам шохобчаларининг хизмат кўрсатиш радиуси 25-30 кмдан 9-12 кмга камайишига эришилди. Замонавий реанимация машиналари сони 510 тага етказилди.
2024 йил 1 июлдан бошлаб онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган 18 ёшдан 21 ёшгача бўлган беморлар Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази, Болалар миллий тиббиёт маркази ва ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларининг, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлимларида, шунингдек, бошқа тиббиёт ташкилотларида бепул даволанишни давом эттириши белгиланди.
Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказининг ўрин-жой фонди 180 тадан 250 тагача кенгайтирилди. Ушбу марказда юқори самарали клиник протоколларини жорий этиш, унинг инфратузилмасини такомиллаштириш ва жиҳозлаш, кадрлар салоҳиятини оширишга 51 млн долл. йўналтириш кўзда тутилди.
Республика онкология марказининг илғор ускуналар билан жиҳозланган янги мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Умумий қиймати қарийб 1,2 трлн сўм бўлган лойиҳа асосида барпо этилган марказнинг янги бинолари 80 млн долларлик энг замонавий тиббий-асбоб ускуналар билан жиҳозланди. Марказда 650 та стационар ва 80 та кундузги стационар ўринлари мавжуд. Шунингдек, бу ерда бир кунда 500 нафар бемор амбулатор шароитда даволаниши мумкин.
5,3 гектар майдонда қад ростлаган ушбу улкан мажмуа Европа ва АҚШ стандартлари асосида ташкил этилган 17 та янги клиник бўлим, 16 та жарроҳлик хонаси, реанимация ва интенсив терапия заллари, 9 та бункердан иборат ядро тиббиёти маркази, 80 нафар беморга мўлжалланган амбулатор кимё терапия бўлимларини ўз ичига олади.
Онкологик касалликларга чалинган беморларнинг ягона ахборот базасини ўз ичига олган “канцер-регистр” Республика ихтисослаштирилган онкология маркази ва унинг ҳудудий филиалларида ишга туширилди.