platina.uz

Саратонга қарши вакцина: илмий ютуқми ёки ёлғон умид?

Шу пайтгача мутлақо даволаш мумкин бўлмаган хасталиклар рўйхатига киритилган ушбу маккор ва хавфли касалликни енгиш мумкинми ўзи?

Жамият
3 кун аввал, 12:30
Саратонга қарши вакцина: илмий ютуқми ёки ёлғон умид?
Фотоколлаж: Platina.uz

Саратон касаллигини даволашда индивидуал ёндашувлар

Россиялик олимлар онкологияда катта муваффақият арафасида туришибди: индивидуал мРНК-(матрицали Рибонуклеин кислота) вакциналарини ишлаб чиқиш саратон касаллигини даволашга ёндашувни ўзгартиришни ваъда қилмоқда. Ҳар беморга хос индивидуал вакциналар иммунитет тизимига саратон ҳужайраларини таниб олиш ва йўқ қилишга ёрдам бериш учун мўлжалланган.

Вакцинани ишлаб чиқиш тарихи 2018 йилда Н.Н.Блохин номидаги Миллий тиббий тадқиқот онкология илмий марказида бошланган. Олимлар вакцинанинг пептидли версиясини яратдилар ва унинг самарадорлигини сичқонларда синаб кўриб исботладилар. Бугунги кунда Гамалея номидаги тиббий илмий тадқиқот маркази ва П.A.Герцен номидаги Москва онкология институти ҳам лойиҳада фаол иштирок этмоқда. Мазкур тадқиқотлар доирасида беморга оид маълумотларни таҳлил қилиш ва ўсмаларнинг антигеник профилини яратиш учун сунъий интеллектдан фойдаланилади. Ушбу ёндашув нафақат хасталикнинг қайталаниш хавфини камайтирадиган, балки турли саратон хасталикларини даволаш имкониятига эга бўлган сенсацион вакциналарни яратиш имконини беради.

Янги вакцинанинг таъсир қилиш тамойиллари

Саратон хасталигига даво топишни даъво қилаётган янги технологиянинг асоси мРНК бўлиб, мақсадли ўсимта антигенларини кодлаб чиқади. Россияда ишлаб чиқилган ва синовлар олдида турган “Энтеромикс” вакцинаси танага киритилгандан сўнг, беморнинг иммун тизими хавфли ҳужайраларни соғлом ҳужайралардан ажратишни ўрганади. Ушбу ёндашув бирламчи ўсимталарга ҳам, метастазаларга ҳам қарши курашиш имкониятини туғдиради.

Маълумот ўрнида айтиш лозим, саратон ҳужайралари аслида инсоннинг ўз ҳужайралари. Бироқ улар турли сабаблар – канцероген моддалар ва заҳарланиш таъсирида, асабий ва аутоиммун сабаблар ҳамда ирсий мерос оқибатида “мияси айниб қолган”, яъни табиий ривожланиш дастури бузилган ҳужайралардир. Бу ҳужайралар гўёки ўзини чопон билан ўраб олади ва иммун тизимимиз уни ўзиники деб ўйлайди, йўқ қилишга лойиқ душман деб ҳисобламайди. Саратонга қарши яратилаётган вакциналарда ҳозирги даврда қўлланилаётган услуб – ана шундай зарарли ҳужайраларнинг чопонини ечиб ташлашга асосланган. Бошқача қилиб айтганда, вакцина саратон ҳужайраларнини кодлаб чиқиб, уларнинг “душманлигини” фош қилади. Кейин иммун тизими уларни йўқ қила бошайди.

Бироқ олимлар бу тадқиқотлар давомида кўплаб муаммоларга дуч келишмоқда. Хусусан, ҳар бир беморга хос индивидуал вакцинани яратиш кўп вақт талаб этади. Ҳозирча бу жараён бир ой давом этади, бу эса даволашнинг самарасини чиппакка чиқарувчи қониқарсиз вақт оралиғи ҳисобланади. Олимлар бу жараёнга кетадиган вақтни камайтириш устида ишламоқда.

Халқаро контекст

Дарҳол қайд этиш лозимки, Россия – саратонга қарши вакциналар ишлаб чиқаётган ягона давлат эмас. Мисол учун, Буюк Британияда шу йилнинг май ойида шунга ўхшаш препаратларнинг клиник синовларини ўтказиш бошланди. АҚШда эса бундай препаратларни одамларда синаб кўриш бошланган. Натижалар анчайин умбахш – меланомага қарши қўлланилганида, собиқ беморларда 3 йилдан буён қайта касаланиш кузатилмаган. Жумладан, Moderna компанияси COVID-19 учун вакцина яратишда қўлланиладиган технологиялардан фойдаланмоқда. Индивидуал вакциналар аллақачон ижобий натижаларни кўрсатмоқда: баъзи меланома (терининг саратон хасталиги) билан оғриётган беморлар даволанганидан кейин камида уч йил давомида хасталик қайталанишига дуч келишмаган.

Россиядаги синовлар

Россияда синовлар 2025 йилда бошланади. Бунинг учун саратон билан оғриганида одатий – стандарт муолажалар фойда бермаган беморлар иштирок этиш учун танланади. Препарат хавфсизлиги ва самарадорлиги синовдан ўтказилмоқда, аммо якуний натижалар бир неча йил давомида маълум бўлмайди. Бироқ шифокорлар вакцина мавжуд даволаш усулларининг ўрнини тўла босувчи эмас, балки қўшимча даволаш чораси бўлишини таъкидлашмоқда.

Қонунчилик ва иқтисодий жиҳатлари

Саратонга қарши бундай вакциналарни яратиш ва оммавий ишлаб чиқариш қиммат жараёнлигини унутмаслик лозим. Мазкур препарат бир дозасининг нархи 300 минг рублга баҳоланмоқда. Аммо технологиялар ривожланиб бориши асносида бу нархнинг пасайиши кутилмоқда. Россиялик беморлар учун эмлаш бепул бўлади, бу эса қонунчиликни янги пайдо бўлган реалликка мослаштириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишни талаб қилади.

Келажакка йўл

Руҳантирувчи ажойиб натижаларга қарамай, олимлар батамом некбинлик кайфиятига берилгани йўқ, улар бу борадаги орзу-мақсадларга эҳтиёткорлик билан ёндашувга чақиришмоқда. Айни шароитда саратоннинг барча турларига мос келадиган вакцина яратиш жуда мушкул иш. Ҳозирги вақтда тадқиқотлар асосан, кенг тарқалган ва ўлим ҳолатлари юқори бўлган меланома, саркома ва йўғон ичак саратонига қаратилган.

Шунга қарамасдан, саратонга қарши вакциналарни ишлаб чиқиш бошлангани – бу хавфли ва ҳалокатли хасталикка қарши курашда муҳим қадам ҳисобланади. Бироқ улардан кенг фойдаланиш нафақат вақтни, балки инфратузилма ва тадқиқотларга катта сармоя киритишни ҳам талаб қилади. Демакки, саратонга қарши вакцина – шу пайтгача мутлақо даволаш мумкин бўлмаган хасталиклар рўйхатига киритилган ушбу маккор ва хавфли касалликни енгишга умид рамзига айланади. Нафақат Россияда, балки бутун дунёдаги илғор тиббий тадқиқот марказларида бу борада изланишлар давом этаётгани эса бу умиднинг тез орада қатъий ишончга айланашига олиб келса, ажаб эмас.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+