platina.uz

Subway Surfers: девордаги граффитидан – глобал сенсациягача

Бу шунчаки ўйин эмас – авлоддан-авлодга ўтадиган ва яратилганидан кейин 12 йил ўтиб ҳам долзарблигича қоладиган феномен. Қандай қилиб оддий югурувчи барча даврларнинг энг кўп юклаб олинган ўйинларидан бирига айланди?

Мақола
21 декабрь 2024 йил
Subway Surfers: девордаги граффитидан – глобал сенсациягача
Фотоколлаж: Platina.uz

Ҳар қандай компютер ёки мобил ўйинини вақтни чоғ ўтказиш ва муаммолардан чалғиш учун ажойиб восита дея таърифлаш мумкин. Лекин ишонинг, бу борада ҳеч бир ўйин Subway Surfers ўйини олдида “ип эша олмайди”.

Ҳар йили мобил платформаларда юзлаб янги ўйинлар пайдо бўлади. Баъзилари ялт этиб, ёниб чақнаса-да, худди учар юлдуз каби тез ўчади. Бошқалари эса миллионлаб ўйинчиларнинг телефонларидан, эҳтимол қалбидан ҳам мустаҳкам жой эгаллайди.

Aммо фақат саноқли ўйинлар ҳақиқий афсонага айланиб, ўнлаб йиллар давомида машҳурлигини сақлаб қолади. Subway Surfers – айнан шундай ўйинлар сирасидан. Бу шунчаки ўйин эмас – авлоддан-авлодга ўтадиган ва пайдо бўлганидан кейин 12 йил ўтиб ҳам долзарб бўлиб қоладиган феномен. Қандай қилиб оддий югурувчи барча даврларнинг энг кўп юклаб олинган ўйинларидан бирига айланди?

Афсонанинг бошланиши: граффити ва эркинлик

2012 йилда кўплаб мобил ўйинлари аллақачон дунёни ишонч билан забт эта бошлаган эди. Angry Birds ва Temple Run муваффақияти шуни кўрсатдики, ўйиндаги оддий ва қизиқарли механика билан катта аудиторияни жалб этиш мумкин экан. Бироқ ҳатто шундай шиддатли рақобат фонида ҳам Subway Surfers ўзини бошқалардан кўра кўпроқ тан олишларига муваффақ бўлди.

Subway Surfers ўйинининг ватани Дания бўлиб, унинг яратувчилари – SYBO Games студияси ва ношири – Kiloo Games ҳисобланади. Қизиғи шундаки, Subway Surfers ўйин сифатида эмас, балки анимацион концепт сифатида дунёга келган. Ёш дизайн-дастурчилар кўча маданияти руҳини – граффити, полициядан қочиш ва ўз виждонига содиқ қолиш журъатини акс эттиришни исташди. Жамоа бу концептни шунчалик яхши кўриб қолишдики, уни мобил платформаларга кўчиришга қарор қилишди. Ўйин Unity муҳитида дунё юзини кўрди.

2012 йил 24 майда Subway Surfers ўйини iOS ва Android платформаларига чиқарилди. Ўшанда поезд релслари бўйлаб югурадиган ва поездлар билан тўқнашувдан қочадиган, чексиз югуриб юрадиган бош қаҳрамон Жейк миллионлаб одамларнинг онгини забт этишини ҳеч ким тасаввур қила олмаган. Aммо айнан эркинлик ва чексиз югуриш муҳити Subway Surfers’ни ўзига хос жихати сифатида машҳур қилди.

Афсона ҳақидаги афсона

Subway Surfers яратилиши сабаблари ҳақида айрим афсоналар ҳам бор. Масалан, интернетда бу ўйин ҳақида бир миш-миш тарқалди: SYBO Games компаниясининг ҳаммуассиси ва бош директори Матиас Гредел Норвигнинг ўғли поезд релсларида скейтда сайр қилиб юрганида поезд уриб кетган эмиш. Дастурчи ўғлининг хотирасига шу ўйинни яратган эмиш. Ўйиннинг ҳеч тугамаслиги, қаҳрамон Жейкнинг тўхтамасдан югуриши, қаҳрамонни поезд уриб кетса, ўйиннинг тўхтаб, бошидан бошланиши шу қайғули воқеага ишора эмиш.

Манбаларга кўра, ўйин муаллифи ўз интервюларидан бирида буни рад этган. У кўча санъати ва скейтбордингдан илҳомланиб ўйинни яратганини айтган.

Ташриф картасига айланган механика

Бир қарашда, Subway Surfers ўйини жуда оддий. Ўйинчи қаҳрамони сёрфинг тахтаси ва бўёқ пуркагич кўтариб югурувчи ўспирин. Жейк шафқатсиз инспектор ва унинг қўрқинчли итидан метро релслари бўйлаб қочиб юради. Тўқнашувларнинг олдини олиш учун ўйинчи поездлардан эҳтиёт бўлиши, тўсиқлардан сакраб ўтиши ва айрим тўсиқлар остида сирпаниб ўтиши лозим.

Бироқ ўйиндаги оддийлик – алдамчи манёвр. Ўйин давом этгани сари қийинлашиб ва тезлашиб бораверади. Subway Surfers ўйинчини реакция устида ишлашга, хотира ва диққатни ривожлантиришга мажбур қилади. Йиғилган тангалар, бонуслар ва махсус топшириқлар каби кўплаб кичик нарсалар ҳар бир ўйинни бошқаларидан қизиқроқ қилади.

Subway Surfers – бу ритм ҳақида. Aжойиб саундтрек, жўшқин визуал тасвирлар ва тез суръатлардаги ўйин сизни абадий ҳаракатда эканингизни ҳис қилдиради. Ва ҳатто ўйин тугагач, "бундан ҳам узоқроқ югуриш" истаги тинчлик бермайди.

Дунё бўйлаб саёҳат: World tour

Ўйин чиқарилганидан бир йил ўтгач, 2013 йилда ишлаб чиқувчилар дунё бўйлаб саёҳатни (World tour) бошлади – ўйин турли шаҳарлар ва мамлакатларга "саёҳат қиладиган" бир қатор янгиланишларга эга бўлди. Яъни мавсумда бирор катта шаҳар танланиб, ўйиндаги декорация ва фон шу шаҳарга мувофиқ чизилган бўлади. Бу янгилик жуда муваффақиятли чиқди.

Ҳар бир янгиланиш янги атмосфера ва услубни олиб келади. Масалан, Ню-Йоркда релслар ўйинчини осмонўпар бинолар ва Озодлик ҳайкали олдидан олиб ўтади, Токиода эса сакура гуллари ва япон чироқлари фонида югурасиз. Рио-де-Жанейрода ўйин карнавалнинг ёрқин ранглари билан безатилган ва Москвада рус маданияти ва меъморчилиги элементларини кўришингиз мумкин.

Ҳар бир локация шунчаки визуал "ўрам" эмас. Ишлаб чиқувчилар маҳаллий колоритни акс эттирувчи янги белгилар, сёрфинг тахталари ва костюмларни қўшмоқда. Масалан, Ҳиндистонда янгиланиш пайтида анъанавий ҳинд либосида кийинган қаҳрамон Жая пайдо бўлди ва Берлинда тарихий Берлин деворини эслатувчи граффити чизилган замонавий сёрфинг тахтасини очишингиз мумкин.

World Tour туфайли ўйин ҳар доим янги ва қизиқарли бўлиб қолмоқда. Бу ҳар ой янги саргузаштга ўхшайди: ҳатто Subway Surfers ўйинини йиллар давомида ўйнаган бўлсангиз ҳам, янги локация сизни яна ўйинга қайтаради.

Тимсоллар ва қаҳрамонлар

Subway Surfers – бу шунчаки Жейк эмас. Ўйин оламида йиллар давомида кўплаб ёрқин ва эсда қоларли қаҳрамонлар пайдо бўлди: Трики – бейсболка кийган жасур қиз, Фреш – магнитофон кўтариб олган ва хип-хоп мусиқасининг мухлиси бўлмиш қора танли ўсмир, Ютани эса – ўзга сайёралик костюмидаги ажойиб ихтирочи қиз.

Ҳар бир тимсол ўзига хос архетип ва маданиятни ифодалайди. Ушбу тимсоллар ўзини ифодалашнинг ёрқин тимсолига айланди, чунки ўйин дастлаб кўча маданияти ва ўсмирлар исёнкорлигига ҳурмат сифатида яратилган.

Нега Subway Surfers ҳамон машҳур?

Subway Surfers ўйини ўз томошабинлари билан бирга ўсиб бориш мумкинлигига ёрқин мисол ҳисобланади. 12 йил давомида ишлаб чиқувчилар янгиланишларни чиқаришни, графикани яхшилашни ва янги хусусиятларни қўшишни канда қилишмади.

Бундан ташқари, ўйин ҳаётнинг замонавий ритмига мукаммал мослаштирилган. Бу кўп вақтни талаб қилмайди – битта ўтиш бир неча дақиқа давом этиши мумкин. Ва мураккаб механиканинг йўқлиги бу ўйинни ҳар қандай жойда ўйнашга имкон беради: автобусда, метрода ёки ишлар орасидаги қисқа танаффусда ўйнаш мумкин.

Рақамлар гапирганда

Бу ўйин ҳақида яхшироқ тасаввур олиш учун рақамларга мурожаат қилиш мумкин.

  • 2017 йилда Subway Surfers ўйини Google Play’да юклаб олишлар сони ўйича 1 миллиарддан ошган энг биринчи ўйин бўлди.
  • 2024 йил ҳолатига кўра, жами юклаб олишлар 2,7 миллиарддан ошади.
  • Subway Surfers чиқарилганидан кейин 12 йил ўтиб, энг машҳур мобил ўйинлар рўйхатида қолмоқда.

Subway Surfers келажаги

Subway Surfers оммавий маданиятга ҳам таъсир кўрсатди. 2018 йилда ушбу ўйин мотивлари асосида Subway Surfers: The Animated Series мултсериали намойиш этила бошлади. 2019 йилда эса ушбу мултсериалнинг охирги – 11-қисми эфирга чиқди.

Ҳеч шубҳасиз, Subway Surfers иқтидорли жамоа оддий концепцияни глобал сенсацияга айлантира олишига мисол сифатида тарихда қолади. Бугунги кунда SYBO Games ўйинни ривожлантиришда давом этмоқда, янги локациялар ва тимсоллар қўшмоқда. Бундан ташқари, студия Subway Surfers оламида анимация ва бошқа лойиҳаларни тажрибадан ўтказмоқда.

Кўпчилик Subway Surfers нафақат ўйин, балки бутун бир давр тимсоли эканига ишонишади. У авлодларни бирлаштиради, болаларга ҳам, катталарга ҳам тегишли нарсаларни таклиф этади.

Хулоса қилиб айтганда, Subway Surfers бу шунчаки релсларда югуриш эмас. Бу эркинлик, ижодкорлик ва ўзингиз бўлиш истагининг тимсолидир. Ва ўйинчилар узоқроқ ва узоқроқ югуришаётганда, ўйин чексиз саёҳатини давом эттиради. Зеро, Subway Surfers дунёсида тўхтаб қолмаслик – олдинга интилиш муҳим. Ўйин шу жиҳати билан ҳаётга иштиёқ ва жўшқинликни рағбатлантириб туради.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+