Шавкат Мирзиёев Путин билан мулоқот ўтказди
Ўзбекистон раҳбари Россия кимёвий, радиациявий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи Игор Кирилловнинг ўлими сабаб ҳамдардлик билдирган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 19 декабрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Икки томонлама кун тартибидаги ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашни кучайтириш мақсадида икки мамлакат махсус хизматлари ўртасидаги яқин ва самарали ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Кремл хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев Россия Қуролли Кучлари Кимёвий, радиациявий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игор Кириллов ва унинг ёрдамчиси Иля Поликарповнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган.