Очилмаган сирлар: ғойиб бўлган самолётлар
37 йил аввал йўқолган самолёт бирдан бошқа қитъа аэропортида пайдо бўлган, экипаж ва аэропорт ходимлари гаплашишган. Аммо бортдагилар замонавий учоқларни кўриб, бошқа сайёрага келиб қолгандек қўрқиб кетиб, яна кўздан йўқолган.
Aвиация олами ҳар доим сирлар билан ўралган, аммо уларнинг баъзилари ўта ғайриоддийлиги билан ҳайратда қолдиради ва жавоблардан кўра кўпроқ саволлар туғдиради. Осмонда ғойиб бўлган ва йиллар ўтиб яна пайдо бўлган самолётлар ҳақидаги ҳикоялар авиациядаги энг қизиқарли мавзулардан биридир. Улар гоҳ илмий изланишлар учун асос, гоҳида афсона ва миш-мишларга айланади.
1945 йил: Бермуд учбурчагида ғойиб бўлган “Парвоз-19”
1945 йил 5 декабрда AҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг “Парвоз-5” деб номланган 5 та Grumman TBM Avenger торпедо ташувчи самолётлари Флорида штатидаги Форт-Лодердейл ҳаво кучлари базасидан ҳавога кўтарилади. Самолётлар ўқув машғулотини якунлаш арафасида улар билан алоқа узилиб қолади. Қидирувлар ҳеч қандай натижа бермайди, самолётлар дом-дараксиз ғойиб бўлади.
Орадан ўн йиллар ўтиб, самолётлардан бири 1991 йилда Кубада топилгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Баъзилар у "заха емаган" аҳволда экани ва барча қурилмалари соз ҳолда турганини таъкидлашган. Бироқ, бу маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатли далиллар йўқ ва кўплаб экспертлар самолётлар шундоқ ҳам сирларга бурканган Бермуд учбурчагида ғойиб бўлгани боис оммавий миш-мишларни туғдирганини таъкидлашади.
1971 йил: Douglas DC-3 ва Aргентина сири
Борт рақами НC16002 бўлган Douglas DC-3 самолёти 1948 йил декабр ойида Сан-Хуандан (Пуерто-Рико) Маями сари парвоз қилаётганида йўқолган. Бортида 32 йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган самолётни шундан кейин ҳеч ким кўрмаган.
Бироқ 1971 йилда Aргентинада ушбу самолёт Aнд тоғларида топилгани ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Aфсонада айтилишича, у яхши сақланган. Ҳатто экипаж аъзоларининг жасадлари ҳам бузилмаган. Расмий манбалар бу воқеани рад этишди: бу айнан ўша Douglas DC-3 самолёти экани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Aксарият экспертлар бу каби миш-мишлар XX асрда самолётларнинг йўқолишига оммавий қизиқишлар кучайган бир шароитда пайдо бўлганига ишонишади.
2008 йил: Aфрикадаги Boeing 727 “арвоҳи”
Н844AA борт рақамига эга Boeing 727-223 самолёти 2003 йилда Луанда (Aнгола) аэропортидан ғойиб бўлган. Самолёт номаълум шахслар томонидан олиб қочилган.
2008 йилда бу самолёт Марказий Aфрикадаги ташландиқ аэродромлардан бирида топилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бироқ, буни исботловчи аниқ далиллар йўқ. Aйрим тадқиқотчиларнинг фикрича, самолёт демонтаж қилинган ёки контрабанда парвозлари учун ишлатилган. Бу ғойиб бўлиш сирли мистика билан эмас, балки аниқ жиноий фаолият билан боғлиқ камдан-кам ҳолатлардан бири ҳисобланади.
37 йилдан кейин пайдо бўлган самолёт
Ғойиб бўлган самолётлар тарихида яна бир ҳодиса борки, унинг атрофидаги тафсилотлар бир-бирини рад этса-да, дафъатан тўғридек кўринади...
1992 йилда Венесуэланинг Каракас шаҳри аэропортига бир самолёт жадвалдан ташқари шароитда навбатсиз қўнади. Бортида 57 йўловчиси бўлган ушбу DC-4 чартер самолёти аэропорт диспетчерларини ҳайратга солади. Сабаби – самолёт 50-йиллар русумида бўлса-да, янгидек кўринар, унинг сиртига номи ёзилган авиакомпания эса чорак аср аввал банкрот бўлиб, ёпилиб кетган эди!
Кейин аниқланишича, ушбу DC-4 самолёти 1955 йилда Ню-Йоркдан Маямига учиб кетаётганда ғойиб бўлган экан. Орадан 37 йил ўтиб, самолёт Венесуэлага қўнади. Аэропорт хизматчилари унинг яқинига бориб, экипажни кутиб олмоқчи бўлишади. Бироқ қўнганига 2 дақиқа ҳам бўлмаган самолёт яна осмонга кўтарилиб, учиб кетади. Гувоҳларнинг маълумотлари ва учувчи ва бошқарув минораси ўртасидаги магнитофонли радиоалоқа ёзувлари ушбу самолётнинг сирли қўниши ҳақиқатда содир бўлганини исботлайди.
Самолёт яна учиб кетишидан аввал унинг учувчиси учиш-қўниш йўлагига бир қоғоз ташлаб кетади. У 1955 йилнинг митти тақвими бўлиб чиқади.
“Самолётни ўзим кўрдим... Учувчининг овозини эшитдим. Ҳатто тақвимни қўлимда ушлаб турдим, лекин ҳамон бу воқеага ҳалиям ишонгим келмайди, дейди Хуан де ла Корте. У ўша куни аэропортнинг парвозни бошқариш минорасидаги постида одатдагидек хизмат ўтаётган бўлган. У ҳамма нарсани аниқ-тиниқ кўрган. "Самолёт экипажи “ҳозир 1955 йил ва Флоридага қўндик” деб ўйлашарди. Гарчи бу самолёт осмонга кўтарилиб ғойиб бўлганидан бери 37 йил ўтган бўлса-да, самолёт экипажи учун 4-5 соат ўтган эди холос. Самолёт шунча йил давомида қаерда бўлгани фақат Худога аён!
Де ла Корте ва бошқа авиадиспетчерларнинг сўзларига кўра, улар парракли самолёт тўсатдан аэропортга яқинлашиб пасая бошлаганида ва радар экранларида кўринмаганидаёқ ғайритабиий ҳодиса юз бераётганини англашган.
“Биз радиоалоқа орқали учувчидан ўзини таништиришни сўрадик, бироқ у биздан “Биз қаердамиз?” деб сўради. “Унинг овозидан ўта қўрқиб кетгани ва саросимага тушгани сезилиб турарди. Лекин у тезда ўзини ўнглаб олди ва бу Ню-Йоркдан Маямига учаётган 914-чартер рейс экани ва бортида 4 нафар экипаж ҳамда 57 нафар йўловчи борлигини маълум қилди.
Диспетчернинг айтишича, учувчининг бу сўзларидан кейин авиаминорадагилар ҳайратдан гапира олмай қолишган. Хонага чуқур сукунат чўккан. 914-рейснинг борар манзили – Маями... улар турган Каракас аэропортидан 1800 километр узоқда жойлашган!..
Шунда мен учувчига жавоб бердим: "Бу Каракас, Венесуэла ... Жанубий Aмерика."
Кейин “Фалокатга учрадингларми?”, деб сўрадим. Жавоб бўлмади.
Мен дарҳол тегишли буйруқлар бериб самолёт қўниши учун йўлакни тозаладим. Қўниш яхши ўтди. Ҳаммаси яхши бўлди деб ўйлай бошлаганимда, учувчи ўзининг иккинчи учувчисига шундай деганини эшитдим: “Вой худойим, Жимми! Бу нимаси тағин, жин урсин!” Улар аэродром четида турган реактив самолётни кўриб, уни космик кема деб ўйлашди, шекилли.
Диспетчер Де ла Кортенинг сўзларига кўра, учувчи 1955 йил 2 июл куни эрталаб соат 9:55 да Маями халқаро аэропортига қўниши кераклигини айтган.
– Кейин мен унинг: “Бу ерда нимадир ғалати” деганини эшитдим. Мен унга радио орқали “Капитан, бу Каракасдаги халқаро аэропорт. Бугун 1992 йил 21 май” дедим. Унинг фақат “Эй худойим” деб хўрсингани эшитилди. Мен уни тинчлантиришга ҳаракат қилдим, унинг олдига аэропорт хизматчилари яқинлашаётганини айтдим.
Де ла Кортенинг сўзларига кўра, ердаги ходимлар ва ёқилғи қуйиш машинаси самолётга яқинлашганда, учувчи радио орқали бақирди: “Йўқ! Олдимизга яқин келманглар! Биз бу ердан учиб кетамиз!”
Кейинроқ аэропорт ходимлари ушбу самолёт йўловчилари думалоқ дарчаларга юзларини босганча уларга қараб туришганини кўришади. Учувчи эса кабина ойнасини очиб, аэропорт ходимларига “кетинглар” дегандек ишора қилиб, қўл силкиган.
"У қандайдир папкани силкитарди, – дейди Де ла Корте. – Афтидан, 1955 йил тақвими шу жилддан тушиб қолган, биз буни кейинроқ аниқладик. Учувчи моторларни ишга туширди ва самолёт ҳавога кўтарилди.
Фуқаролик авиацияси раҳбарияти самолёт билан алоқага оид барча ёзувларни, шунингдек, топилган календарни ходимлар қўлидан олиб қўйган ва ҳодиса юзасидан суриштирув олиб борилишини айтган. Бироқ ҳозиргача на далиллардан, на суриштирув натижаларидан дарак бор. Далиллар ва якуний расмий хулоса тақдири ҳам худди DC-4 чартер самолёти каби номаълум қолмоқда...
Илмий қараш
Албатта, юқоридаги воқеаларни инкор этувчилар, бунинг учун ўз фараз ва далилларини тиқиштирувчилар ҳам сон-саноқсиз. Тадқиқотчилар ва авиация бўйича экспертларнинг фикрларига кўра, бу ҳикояларнинг аксарияти шов-шув учун тўқилган миш-мишлар ва афсоналар ҳисобланади. Бу тахминлар илмий асосларга эга эмас.
Лекин нима бўлганда ҳам, ушбу сирли ҳодисалар маданий ва ахборот феноменининг бир қисмига айланиб улгурди. Уларнинг аксарияти учун далиллар йўқлигига қарамай, улар биз бу ёруғ дунё ҳақида қанчалик кам билишимизни англатади. Биз ўзимиз ўйлагандек, у қадар ҳам қудратли эмаслигимизни, Ер юзида биз бошқара олмайдиган ва тушуна олмайдиган жараёнлар ҳам кўплигини эслатиб туради.
Абулфайз Сайидасқаров