34 млрд сўм ортидан ушланган криптовалютачи масаласига изоҳ берилди
У “Бинанс” платформасида 4 мингдан ортиқ воситачилик операцияларини амалга оширгани ҳамда воситачилик ҳақи ундириб келгани айтилмоқда.
Бухоролик 17 ёшли ўсмир катта миқдордаги криптовалютани ишлаб топганлиги учун жавобгарликка тортилгани бўйича хабарга изоҳ берилди.
ИИВ маълумотига кўра, 17 ёшли З.М. 7 ой давомида “Бинанс” платформасида 4 мингдан ортиқ 34 млрд сўмлик воситачилик (“виртуал валютчик”лик) операцияларини амалга оширган ҳамда воситачилик ҳақи ундириб келган. У Телеграмдаги ёпиқ гуруҳларда бу ишларни амалга оширгани айтилмоқда.
"Бу ҳолатда 34 млрд сўм ишлаб топилган йигитнинг даромади эмас, балки тизимдан ўтказилган бошқа бир инсонларнинг пули суммасидир. Махсус платформалар содда ва қулай яратилган бўлиб, улардан ахборот технологиялари, ҳатто криптовалюта соҳасида чуқур билимга эга бўлмаган кишилар ҳам бемалол фойдалана олади.
Бугунга келиб эса йирик фирибгарлар, наркотик, қурол, одам савдоси, болалар порнографиясига ихтисослашган уюшган жиноий гуруҳлар ҳисоб-китобларни асосан аноним криптоактивлар орқали амалга оширмоқда. Шунингдек, террорчи гуруҳлар ўзларини молиялаштириш учун криптовалюта орқали маблағ йиғмоқда", дея таъкидланади хабарда.
З.М. айлантирган маблағларнинг аксарият қисми пенсия, ойлик, онлайн кредит карталаридан келиб тушган, яъни ушбу маблағлар фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилган пулларни легализация қилишга ва уларни изини йўқотишга қаратилган ҳаракат эканлиги гумон қилинмоқда.
"Бунга жавобни эса тергов ва суд органлари беради. Айбсизлик презумпциясига ҳам тўлиқ амал қилинади" дея таъкидланган ИИВ хабарида.