platina.uz

Сенат давлат бюджети бўйича қонунни маъқуллади

2025 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 431,0 трлн сўм, харажатлар эса 480,5 трлн сўм миқдорида шакллантирилган. 

Иқтисод
3 кун аввал, 14:24
Сенат давлат бюджети бўйича қонунни маъқуллади

Сенат давлат бюджети тўғрисидаги қонунни маъқуллади.

Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида "2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджети тўғрисида"ги Қонун муҳокама этилди.

2025 йил учун Давлат буджети тўғрисидаги қонун аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий соҳа хизматлари сифатини янада ошириш, "яшил иқтисодиёт"ни ривожлантириш ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган. Унга кўра 2025 йилда иқтисодий шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Хусусан, Қонунда ўрта муддатда консолидациялашган бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик вазифасидан келиб чиқиб, 2025 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 431,0 трлн сўм, харажатлар эса 480,5 трлн сўм миқдорида шакллантирилган.

Давлат бюджети даромадлари 308,5 трлн сўмни, харажатлари эса 344,8 трлн сўмни ташкил этмоқда.

Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари ва харажатлари (бюджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) тегишинча 66,4 трлн сўм ва 62,8 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда.

Қонунда кейинги йилда ҳам харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинган бўлиб, Давлат бюджети харажатларининг 52 фоизи ёки 177,7 трлн сўми ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда.

Қонунда 2025 йил учун Давлат буджети харажатларида экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари учун 3,6 трлн сўм кўзда тутилган. Соғлиқни сақлаш соҳасига эса 41,3 трлн сўмни ёки 2024 йилги кутилаётган ижрога нисбатан 19,8 фоизга ошган ҳолда ажратиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида 2025 йилда ҳудудлардаги долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда давлат аҳамиятига молик тадбирларни амалга ошириш бўйича белгиланган тадбирлар учун ҳам маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.

Муҳокама якунида мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+