Газ “заправка”лар фаолиятига чеклов киритилади — Энергетика вазирлиги
Чекловлар бўйича вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари расмий ахборот манбаларида тегишли тартибда маълумот бериб борилиши йўлга қўйилади.
Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (газ “заправка”лар) фаолиятига қисқа муддатли чеклов киритилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақида Энергетика вазирлигининг хабар берди.
“Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган талаби кескин ошиб, республика газ транспорт тизими объектлари максимал қувватларда ишлашига, шу жумладан, газни ер ости сақлаш омборларидан режалаштирилган максимал кунлик газ олинишига ва тармоққа узатилишига қарамай, қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилмоқда.
Биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини (тиббиёт, мактаб, мактабгача таълим, олий таълим муассасалари ва бошқалар) табиий газ билан таъминлаш устувор эканлигини инобатга олиб, ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ишлаб чиқилган режа-графикларга мувофиқ, истеъмол юқори бўлган айрим ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (газ заправкалар) фаолиятига қисқа муддатли чеклов киритилиши режалаштирилмоқда.
Бу бўйича вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари расмий ахборот манбаларида тегишли тартибда маълумот бериб борилиши йўлга қўйилади.
Шунингдек, аҳолига ёнилғи қуйиш, газ тўлдириш ҳамда электр қувватлаш шохобчалари ҳақида онлайн маълумот бериб бориш мақсадида ишлаб чиқилган Avto24 иловаси ёрдамида шохобчалар фаолияти билан боғлиқ барча маълумотларни онлайн режимда кузатиш мумкин”, дейилади вазирлик хабарида.