platina.uz
Жамият

Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ўз номидан тақдим этган илова аслида хусусий лойиҳа бўлиб чиқди

Бир йил аввал вазирлик ва “Ҳудудгазтаъминот” ўз номидан эълон қилган аҳоли истеъмолчиларининг табиий газ сарфи ва харажатларини онлайн кузатиш имконини берувчи мобил илова аслида икки ташкилотга ҳам алоқаси йўқлиги ошкор бўлди.

Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ўз номидан тақдим этган илова аслида хусусий лойиҳа бўлиб чиқди

2024 йил 20 ноябрда Энергетика вазирлиги ўзининг расмий телеграм канали орқали гўёки истеъмолчиларнинг таклифларини инобатга олиб, вазирлик ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан аҳоли истеъмолчиларининг табиий газ сарфи ва харажатларини онлайн кузатиш имконини берувчи “Ҳудуд Газ Таъминот” мобил иловаси тест синовида ишга туширилганини маълум қилган.

Худди шу мазмундаги эълонни “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳам ўзининг расмий телеграм каналида жойлаштирган.

"Мазкур илова орқали истеъмолчилар бевосита кунлик ва ойлик кесимида табиий газ истеъмолини кузатиб бориш, хусусан, газ ҳисоб рақамларига тўлов қилиш ҳамда суюлтирилган газ истеъмолчилари ўз ҳисобларини тўлдириш ва бириктирилган баллонлар рўйхатини кўриб бориш имкониятига эга бўладилар", дейилганди компания хабарида.

2025 йил декабр ойига келиб, бу лойиҳага Энергетика вазирлигининг ҳам, “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, аслида мазкур илова хусусий экани ҳамда буни тадбиркор Алишер Тожиев жамоаси ишлаб чиққани ошкор бўлди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири HGT иловасида ўтган ой истеъмоли ҳақидаги маълумотни олиш учун нега пул тўлаши кераклиги ҳақида савол қолдирган. Ушбу саволга тадбиркор Алишер Тожиев жавоб берган.

“Чунки бу маълумотларни тўплаш ва ишлов бериш учун сервер ресурси ҳамда Дата сотиб олиш ресурсига 300 млн сўм сарфлаймиз. Бундан ташқари, ойликларимиз бор, биз ҳам одаммиз. Нимадандир пул топмасак, ёпилиб кетамиз ахир”, деб жавоб берган у.

Алишер Тожиевнинг бу жавобидан сўнг, тармоқ фаоллари бир қатор саволларни ўртага ташлади. Хусусан, иқтисодчи Отабек Бакиров HGT иловаси IT-инвестор Алишер Тожиевнинг юқоридаги изоҳидан келиб чиқиб, бу хусусий лойиҳа, деган хулосага келган ва Энергетика вазирлиги бир йил аввал ушбу иловани ўз номидан тақдим этганига эътибор қаратган.

"HGT иловасининг Энергетика вазирлигига алоқаси борми ё йўқми? Лойиҳа кимники ўзи ва ким томонидан молиялаштирилган? Илова Энергетика вазирлигиники бўлмаса, нега ўз номидан тақдим этган?

Яна савол, нимага ва нима учун ҳалигача ахборот ва дата барча талабгорларга Open API тарзида берилмайди, қўпол қилиб айтганда, нима учун истеъмолчилар газ сарфи маълумотларини фақат HGT иловасидан олишлари керак? HGT хусусий лойиҳа бўлса, унинг Энергетика вазирлиги билан нима боғлаб туради (ким буюртмачи, ким ҳамкор, ким пудратчи)?" деб ёзган иқтисодчи.

Кўплаб муҳокамалардан сўнг IT-инвестор Алишер Тожиев очиқ қолган саволларга жавоб берди.

"Лойиҳа 100% менга тегишли, ўз маблағларим ҳисобидан ишлаб чиққанман ва ҳозиргача ўз ҳисобимдан харажатларни ёпиб келаман (лойиҳа ҳалиям минусда, ҳар ой зарар келтиради). HGT лойиҳасини яратиш учун давлат бюджети маблағлари сарфланмаган.

Унда нега лойиҳа ҳақида Энергетика вазирлиги ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ўз каналида ёзиб чиққан эди? Гап шундаки, лойиҳани яратганимдан сўнг уни тегишли ташкилотларга тақдимот қилиб берганман. Очиғини яширмасдан айтаман, мақсадим давлат-хусусий шериклик асосида ишлаш бўлган. Аммо қонуний томондан йўли топилмагани сабабли ушбу таклифимни рад этишган. Шундай бўлса-да, лойиҳа тақдимотим Энергетика вазирлиги раҳбарияти ҳамда "Ҳудудгазтаъминот" АЖ масъулларига маъқул келган ва улар лойиҳамизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини, жумладан, тарғиботига ҳам ёрдам беришларини айтишган", - деб ёзган Алишер Тожиев.

Маълумот учун, яқинда HGT стартапи AKFA GROUP'дан 1 млн АҚШ доллари, AloqaVentures венчур фондидан эса 50 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid