platina.uz

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов ва Садир Жапаров билан гаплашди

Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, Қирғизистон билан эса энергетика ва транспорт соҳаларида йирик лойиҳалар муҳокама қилинди. 

Сиёсат
6 декабрь, 10:47
Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов ва Садир Жапаров билан гаплашди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов 5 декабр куни телефон орқали мулоқот ўтказди.

Унда Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.

Туркман халқининг миллий етакчиси Ўзбекистон раҳбарига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Илгари эришилган келишувлар ижросининг бориши ва бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик масалалари томонларнинг эътибор марказида бўлди.

Ўзаро мулоқот ва алмашинувлар сезиларли фаоллашгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Ўтган ойда Туркманистонда Ҳудудлар форуми, саноат кўргазмаси ва Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди. Бундан ташқари, Ашхобод шаҳрида атоқли мутафаккир ва шоир Махтумқули Фироғий асарларининг ўзбек тилидаги тўплами тақдимоти ва ҳамда унга бағишлаб биргаликда суратга олинган бадиий фильм намойиши бўлиб ўтди.

Йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. Юк ташишлар, шу жумладан Туркманбоши порти орқали кўпаймоқда. "Шовот - Тошовуз" чегараолди зонаси қурилиши давом этмоқда. Саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа йўналишларда кооперация кенгаймоқда.

Энергетика ва сувдан фойдаланиш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Жорий халқаро вазият ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Суҳбат чоғида давлат раҳбари Туркманистон етакчисини яқинлашиб келаётган байрам - Бетарафлик куни билан самимий табриклаб, биродар туркман халқига фаровонлик ва равнақ тилади.

Шавкат Мирзиёев 6 декабр телефон орқали мулоқотда Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровни таваллуд куни билан самимий қутлади.

Давлат раҳбари Қирғизистон етакчисига мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат ҳамда мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда катта муваффақиятлар, қардош қирғиз халқига эса фаровонлик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари икки томонлама савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 700 миллион доллардан ошди. Қўшма инвестиция фонди муваффақиятли фаолият юритмоқда, машинасозлик, энергетика, электротехника, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ҳудудлараро ва ишбилармонлик алоқалари, маданий алмашинувлар фаоллашди.

Энергетика ва транспорт соҳаларида йирик минтақавий инфратузилма лойиҳаларини жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Шу ойда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича лойиҳани бошлаш мўлжалланган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар ва бўлажак қўшма тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+