Пуллик автотураргоҳлар: тарих ва бугунги тажриба
Хўш, автотураргоҳларни пуллик қилиш ғояси қачон пайдо бўлган? Бу ўзи керакми?

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2024 йил 16 октябрда қабул қилган тегишли қарори билан пойтахт кўчаларида пулли автотураргоҳлар ташкил этиладиган бўлди. Пулли “парковка”ларни ташкил этиш тартиби ҳамда тўлов нархлари ҳам тасдиқланган.
Тошкент йўллари бўйлаб жойлашган пуллик автотураргоҳларни бошқариш ҳуқуқи учун ўтказилган аукцион натижаларига кўра, Япониянинг BALCOM COMPANY LTD билан алоқадор Balcomuz МЧЖ танлов ғолиби бўлган. Компания 120 млрд сўм, яъни бошланғич нархдан икки баробар юқори нарх таклиф қилган.
Миллий меъёрий ҳужжатларга кўра, пуллик автотураргоҳлар асосий бозорлар, савдо марказлари, асосий транспорт пунктлари, йўловчилар оқими кўп бўлган метро бекатлари, шунингдек, шаҳарга асосий кириш йўллари ва марказий йўллар бўйлаб тўхташ жойларида ташкил этилиши мумкин.
Бу марказий кўчалардаги тирбандликни камайтириш, хусусий ва жамоат транспорти ҳаракатининг ўртача тезлигини ошириш, ҳайдовчилар томонидан тўхташ жойидаги тартибсизликларга барҳам бериш, автомобиллардан атмосферага чиқаётган газларни камайтириш имконини беради.
Хўш, автотураргоҳларни пуллик қилиш ғояси қачон пайдо бўлган? Дунёда энг биринчи пуллик тўхташ жойи қайси шаҳарда ташкил этилган?
Тарихга назар
Пуллик автотураргоҳ тушунчаси ва унга эҳтиёж – ХХ аср бошларида урбанизация тезлашуви натижасида автомобилларнинг кўпайиши оқибатида пайдо бўлган.
Автомобилнинг тўхтаб туриш вақтини ҳисобловчи Park-O-Meter номи билан машҳур бўлган дастлабки механик автоматлар 1935 йилда AҚШнинг Оклаҳома-Сити шаҳрида ўрнатилган. Park-O-Meter Карл Маги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у шаҳардаги талаб юқори бўлган жойлардан самарали фойдаланиш, ўсиб бораётган машиналар тирбандлигини бартараф этишга қаратилган эди.
Ушбу ихтиро жамоат майдонини бошқаришни молиявий рағбатлантириш билан боғлайдиган тизимни йўлга қўйишда дастлабки қадам бўлган.
Урушдан кейинги вазият
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, шаҳарлар кенгайиб, автомобиллар сони кескин ошгани сайин, пуллик тўхташ жойлари бутун дунё шаҳарсозлигидаги стандарт хусусиятга айланди.
Танга ёки жетон ташлаш йўли билан бошқариладиган тўхташ жойлари янада кўпайди ва шаҳарлар жамоат инфратузилмасини молиялаштириш учун тўхташ жойлари тўловидан фойдаланишни бошлади.
Ҳозирга келиб эса, замонавий пуллик тўхташ жойлари механик ҳисоблагичлар билан чекланмайди. Уларга илғор технологиялар жалб этилмоқда, кенгроқ шаҳар мақсадларига мослашиш учун такомиллаштирилмоқда.
Технологик инновациялар
Эндиликда рақамли тўлов тизимлари: контактсиз тўлов усуллари, мобил иловалар ва онлайн платформалар танга билан бошқариладиган анъанавий тизимлар ўрнини эгаллаган. Айрим мегаполисларда тўхтаб туриш учун тўловлар ҳам таснифлаш йўлига, ўзгариб турадиган динамик нархларга ўтган.
Масалан, Сан-Франциско каби шаҳарлар макондан фойдаланишни оптималлаштириш ва тирбандликни камайтириш учун нархлар талабга асосан ўзгариб туриш тизимига ўтказилган. Янги технологиялар жалб этилиши натижасида “Смарт тўхташ сенсорлари” ҳам кенг қўлланилмоқда. Бу қурилмалар реал вақт режимида ҳайдовчиларга мавжуд бўш жойлар ҳақида маълумот бериб туради ва бўш жой қидириб вақт йўқотишнинг олдини олади.
Шаҳарсозлик билан интеграциялашув
Эндиликда пуллик автотураргоҳларга барқарор транспорт тизимини ривожлантириш воситаси сифатида қаралмоқда. Масалан, тўхтаб туриш жойлари учун тўлов миқдорини ошириш – жамоат транспорти, велосипед ёки пиёда юришни рағбатлантириши аниқланган.
Aвтотураргоҳ тизимларидан олинган даромад кўпинча шаҳарлардаги ҳаракатланиш лойиҳаларига, масалан, велосипед йўлакларини кўпайтириш учун ёки транзит марказларига инвестиция қилинмоқда.
Глобал ёндашувлар
Дунёнинг турли мамлакатлари ва шаҳарларида автотураргоҳларнинг турлича форматларидан фойдаланилади.
Масалан, Европадаги Aмстердам ва Стокҳолм каби шаҳарларда транспорт барқарорлигига асосий эътибор қаратилади. Бу шаҳарларда автотураргоҳ тўловлари юқори бўлиб, тўхташ учун рухсатномалар қатъий тартибга солинган.
Осиёда эса, хусусан, Токио ва Сингапур каби йирик шаҳарлардаги жадал урбанизация автоматлаштирилган тураргоҳлар ва макондан тежамкор фойдаланиш ечимларига янги инновацияларни татбиқ этишга туртки бўляпти.
Шимолий Aмерикадаги аҳоли пунктларида шаҳар атрофидаги ҳудудлар бепул автотураргоҳларга таянса-да, шаҳар марказлари тирбандлик ва ифлосланишни бартараф этиш учун пуллик тураргоҳ тизимларидан тобора кўпроқ фойдаланишга мажбур бўляпти.
Пуллик тўхташ тизимларидаги муаммолар
Бир қатор афзалликларга эга бўлишига қарамасдан, пуллик автотураргоҳларнинг ўзига хос муаммолари ҳам бор.
Бу аввало тенгсизлик ва адолат дилеммаси билан боғлиқ. Танқидчиларнинг таъкидлашича, тўхтаб туриш нархлари баланд бўлса, кам даромадли одамлар кайфиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Кейингиси эса техник тўсиқлар бўлиб, рақамли тизимлар смартфон ёки кредит карталари йўқ, ёки бу технологиялардан фойдаланишни билмайдиган, ёки истамайдиган ҳайдовчиларни четга суриб қўйиши мумкин.
Қолаверса, пуллик тўхташ жойлари ҳар қанча автоматлаштирилгани билан, қонунбузарликларни кузатиш ва жазолаш тизими ҳамда қонунчилигини такомиллаштириш, энг муҳими, бу тизимга ҳам қўшимча пул сарфлашга тўғри келади. Акс ҳолда бутун тизим самарадорлиги савол остида қолади.
Яққол натижалар
2011 йилда АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида SFPARK автотураргоҳ тизими йўлга қўйилди. Бу тизим реал вақт режимида ишлайди ва бўш жойларни аниқлаб, талаб ва жойнинг “жозибадорлиги” асосида нархларни ўзгартириб туради. Мазкур тизим тўхташ жойларида қолиш вақтини 30% га қисқартирди ва транспорт оқимини яхшилади.
Сингапурда эса ERP System пуллик автотураргоҳ тизими ишга туширилган бўлиб, пуллик тўхтаб туриш тизими билан ERP (Electronic Road Pricing – Электрон йўл нархлаш) тизимини уйғунлаштирган. Яъни йўлларда тирбандлик вақти – “пик” соатларда автотураргоҳ нархларини мувофиқлаштириб туради.
Токио шаҳрида ҳам пулли тўхташ жойлари учун янгича форматни маъқул кўришган. CPS (Compact Parking Solutions – Ихчам парковка ечимлари) соҳада инқилобни бошлаб берган, десак ҳам муболаға бўлмайди. Жой жуда кам ва қиммат бўлган Токиода атиги 6-7 машина сиғадиган жойда баланд ва ингичка “қутилар” қурилади.
Улар бино эмаслигини деразалари йўқлигидан билиб оласиз. Бу инновацион тураргоҳга машина билан кирсангиз, домкрат, спирал ёки лифт фоматидаги қурилмалар машинангизни тепага олиб чиқиб, бўш маконга жойлаб ёки тушириб қўяди.
Токиодаги ушбу вертикал автотураргоҳлар тор жойларни максимал даражада кенгайтиради. Бу эса пуллик автотураргоҳларни юқори зичликдаги муҳитга қандай мослаштириш мумкинлигини кўрсатади.
Ёмғирдан қутулиб...
Биласизми, нега Ню-Йорк шаҳридаги эски биноларнинг 1-қавати ҳам ердан баланд кўтариб қурилган? Чунки автомобил ихтиро қилинишидан аввал, шаҳар кўчаларида отлар ва от-аравалар ниҳоятда кўпайиб кетган, шаҳар кўчалари от ахлатига деярли ботиб қолган эди.
Ёзда ифлос чанг, қишда эса балчиқдан сал бўлса-да омон қолиш учун уй остоналари баланд кўтариб қурилган. Автомобиллар пайдо бўлгач, шаҳарликлар “ниҳоят катта муаммодан қутулдик” деб енгил нафас олишган.
Тақдир ҳазилини қарангки, бир пайтлар ечим сифатида пайдо бўлган автомобиллар кўплиги энди муаммолар манбаига айланган. Уларнинг табиатни заҳарлаш камчилиги электромоторли автомобилларга ўтиш билан ҳал қилинаётган бўлса, тирбандлик муаммоси жамоат транспорти ва велойўлкаларни ривожлантириш ҳамда пуллик тўхтаб туриш тизимини такомиллаштириш воситасида ҳал қилинмоқда.

Пуллик автотураргоҳлар тизими Оклаҳома Ситидаги камтарона ибтидосидан бери анча узоқ йўлни босиб ўтди. Бугунги кунда у шаҳар бошқарувида, иқтисодий, экологик ва ижтимоий устуворликларни мувозанатлашда муҳим рол ўйнаяпти. Соҳага илғор технологияларни интеграция қилиш натижасида пуллик тўхташ жойлари бутун дунё шаҳарлари учун жуда фойдали ечим бўлиб қолишига шубҳа йўқ. Шаҳарлашув жараёни давом этаверар экан, пуллик тўхташ тизимларининг эволюцияси барқарорлик, тенглик ва технологик интеграцияларга усутворлик бериб, жтимоий ўзгаришларни ўзида янада кенгроқ акс эттириб бораверади. Зеро ҳозирги замон талаби шундай.
Абулфайз Сайидасқаров